Рўзиқул Бердиев: "Терма жамоамизга ишонаман"

Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган "Нефтчи" - "Насаф" баҳси бўлиб ўтди ва унда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Биринчи бўлимнинг 15-дақиқасида Муродбек Рахматов қизил карточка билан жазоланди ва "аждарлар" бир киши кам бўлиб қолди. Беллашувдаги голлар 58-дақиқада Билолхон Тошмирзаев ва 90+6-дақиқада Ҳусаин Норчаев томонидан киритилди. Ўйиндан сўнг Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди ва журналистларнинг саволларига жавоб берди. 

Ассалому алайкум барчага! Қизил карточкага қадар барчаси режамиз бўйича кетаётганди. Лекин қизилдан кейин ҳамма нарса ўзгариб кетди. Ўйиндаги ташаббус майдон эгалари томонга ўтиб кетди. Бир киши кам бўлиб қолганимиздан улар фойдаланди. Иккинчи бўлимдаги биринчи хатомиздан кейин "Нефтчи" жамоаси ўйиндаги мақсадига эришди деб ўйлайман. Чунки бир киши кам бўлиб 80 дақиқа ўйнаш ҳар бир жамоа учун оғир. Уларни ғалаба билан табриклайман. 

Самвел Бабаян ўз интервьюсида мен "Навбаҳор"дан кетмаганимда, "Насаф"га чемпионлик пойгасида бу қадар эркин бўлишга йўл қўймаган бўлар эдим, деди. Бу борада фикрингиз қандай? 

Тўғриси, бу интервьюни кўрганим йўқ. Ўйлашимча, Наманган клуби ҳозирги мураббий билан аввалгисига қараганда, яхшироқ ўйин кўрсатмоқда. Фикрим шу. Кубок финалига чиқа олди. Ички биринчиликда ҳам медаллар учун курашга қайтди. У жамоа постидан кетган пайтда, клуб анча орқароқда эди. Фикрим шу. 

Миллий терма жамоага мураббий бўлсангиз, қандай жамоа қурган бўлар эдингиз?!

Мен аввал ҳам айтдим. Мураббий яхши натижа кўрсатмоқда. Бу таркиб билан жамоа бемалол Жаҳон чемпионатига чиқади. Менга, клуб билан ишлаш осон. Уни доим бошқариш имкони бор. Ҳозир, терма жамоага бориб, қисқа вақт ичида жамоа тузишга қурбим етмайди. Терма жамоамизга ишонаман. Уларни ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлаймиз. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Буни йигитларимиз ва мураббийларимиз еча олади. 

"Насаф"га келган легионерлар қанчалар ўзини оқлади? Кейинги йилга "Насаф" янада “қўша оладими”?

Легионерларни чақириш орқали ички рақобатни кучайтиришни мақсад қилган эдик. Улар бир-бирини ўстиради. Алоҳида, кимнидир меҳнатини таърифламоқчи эмасман. Ҳаммаси жамоага ёрдам берди. Биз, келаси мавсумда ҳам яхши жамоа шакллантириш учун режа тузганмиз. Ўзгаришлар бўлади. 

Бу йилги чемпионат қандай даражада ўтди?

Агар эътибор қаратсангиз, яхши жамоалар кўпайди. Ўртадаги "Динамо" ёки "Сурхон" исталган етакчи жамоаларга қаршилик кўрсатмоқда. Пастроқдаги клублар билан ҳам бу мавсум очко йўқотган пайтимиз бўлди. Аввалари, даража сезилиб қолар эди. Менимча, ҳозир 2-ўрин учун ҳам бир нечта жамоа даъвогар. Пастга тушиб кетиш учун эса, 4 та даъвогар. Бу чемпионат ўсганидан далолат берса керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!