Рўзиқул Бердиев: "Ягона хато ҳаммасини ўзгартириб юборди"
Осиё Чемпионлар лигаси 3-туридан ўрин олган "Насаф" - "Ал-Файсали" учрашувида вакилларимиз 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида "аждарлар" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
- Битта хатомиз мағлубиятга олиб келди, шу режамизни бузди. Режа бўйича биринчи бўлимни эҳтиёткор ўйнаб, дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолишимиз керак эди. Аммо шу ягона нотўғри ҳаракат ҳаммасини ўзгартириб юборди.
Биз рақибдан жисмоний томонлама кучлироқ эдик. Буни учрашувда ҳам кўрсата олдик. Лекин баъзи вазиятларда рақиб дарвозабони яхши ҳаракат қилди, баъзида омад очиқчасига юз ўгирди.
Бу жамоа гол уриб олиб, кейин тартибли ўйин намойиш этади. Шу орқали, темпни тушириб баҳсни ютиб кетади. Айрим ҳолатларда жамоа ётиб олиб вақт чўзди. Бироқ улар ғалаба қозонди, бу билан фақат рақибни табриклаш керак.
Биз бу жамоа билан ўйнаб кўрдик ва кейинги беллашувда бошқача ҳаракат қиламиз. Умуман, гуруҳимиздаги рақибларнинг кучини биламиз. Йигитларга ҳам айтдим. Ҳамма клуб билан ўйнай оламиз.
Кеча сиз "Ал Файсалининг кучли ва кучсиз томонларини биламан", - деган эдингиз. Учрашувдан кейин қандай фикрга келдингиз?
- Ўйлайманки, "Ал-Файсали"нинг услуби ўзгармайди, яна шу усулда ўйнайди. Уларда Таварес бор ва жамоадагилар унга узун паслар узатиш орқали ўйинни ташкил қилади.
Фикрлар