"Рубин"нинг қизиқиши, Индонезияда легионерларга қанча ҳақ тўланаётгани ва яна бошқа қизиқарли мавзуларда Артём Филипосян билан суҳбат

Индонезиянинг “Тира-Персикабо” жамоасида тўп сураётган ҳамюртимиз Артём Филипосянни яхши биласиз, у охирги йилларда асосан легионер сифатида фаолият кўрсатиб келяпти. Ўтган йили Таиландда ўйнаган бўлса, бу йил Индонезияда.

У билан анчадан бери қизиқарли мавзулар бўйича суҳбатлашишни режалаштириб қўйгандик. Куни кеча Филипосян sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

-  Кўплаб ўйинчиларимизни легионер сифатида хориж чемпионатларида кўрамиз. Аммо Индонезияда ўзбекистонлик футболчиларни камдан-кам учратамиз. Шундай экан, у ерда футболга эътибор қандай, фаолиятингиз кўнгилдагидек кечяптими?

-  Таиланд чемпионатида ўйнаганимдан кейин менга Индонезиядан таклиф келиб тушди. У ердан аниқ чақирув бўлгани боис иккиланмасдан таклифни қабул қилдим. Индонезия футболига келсак, улар ўсишга ҳаракат қилишяпти. Бу йўлда ҳамма нарса учун пулни аяшмаяпти. Аммо солиштирадиган бўлсам, Таиланд чемпионати анча устун. Охирги пайтларда Индонезияга ҳам кучли легионерлар келишяпти. Ҳар бир ўйинда жамоа қайси ўринда бўлишидан қатъий назар стадион мухлислар билан тўлади ва тинмасдан қўллаб-қувватлашади. Шундай жиҳатлар мени қувонтирди.

-  Индонезияда тўп суриб футболчи қанчалик ўсиши мумкин? Сизнинг мисолингизда оладиган бўлсак, 32 ёшдасиз ва у ерда ўйнашдан асосий мақсад нима? Маълумки, четда легионерларга яхши ҳақ тўлашади. Агар дангал айтадиган бўлсак, Индонезиядаги асосий мақсадингиз футболчи сифатида ўсишми ёки молиявий имкониятларингизни яхшилаб олишми?

-  Индонезияда яхши ҳақ тўлашади. Шунинг учун ҳам футболчилар 30 ёшдан сўнг Индонезия, Таиланд, Малайзия каби мамлакатларга келишади. Ёшларга маслаҳатим шундайки, улар Европага кетишсин. Мен эса 32 ёшдаман, шу сабабли Индонезияга келишни хоҳладим, пул ишлаб олиш учун. Аммо Индонезия чемпионти Ўзбекистон биринчилигидан қолишмайди.

-  У ерда легионерларга ўртача ҳисобда қанча маош тўлашади?

-  Бошланиш ойлик маош 5 мингдан 15 минг долларгача олишади. Аммо мухлислар учун айтиб ўтишим керакки, бир пайтлар “Челси”да тўп сурган Майкл Эссьен ўтган йили шу ерда ўйнаб кетди.

-  Сиз тўп сураётган жамоани бизга яхши таниш бўлган беларуслик Игорь Криушенко бошқариб боряпти. Ундан нима ўрганяпсиз? Жамоада олиб бораётган иши қандай?

-  Мени “Тира-Персикабо” клубига Криушенко чақирди. У ўйинларимни кўрган экан. Игорь Николаевич ҳақида гапирадиган бўлсам, биринчи ўринда одамгарчилиги жуда яхши. Ўйинда ютасизми-ютқазасизми, ҳар доим яхши маънода тушунтиради. Чунки ўзи ҳам илгари футболчи бўлган. Тактик томонлама ҳам яхши мутахассис. Криушенкодан кўп нарса ўрганса бўлади. Мен ҳам ундан керакли жиҳатларни ўрганишга ҳаракат қиляпман. Бежизга Беларусь терма жамоасини бошқармаган.

филипосян2_1

-  У билан бемалол рус тилида мулоқот қиласиз ва бу борада муаммо йўқ. Аммо бошқалар билан қандай гаплашасиз, инглиз тилидами?

-  Ҳа, Криушенко билан биз рус тилида мулоқот қиламиз. Ўйинчилар билан эса инглизчада гаплашамиз. Бу тилни 75 фоизга тушунаман. Ўтган йили Таиландда ўрганганман.

-  Фикрингизча, Криушенкони ўзбек мураббийларидан ажралиб турадиган жиҳатлари борми?

-  Биласизми, мен Ўзбекистонда туғилганман, шунинг учун четдаги мураббийларни устун қўйгим келмайди. Ҳамманинг иш услуби бошқача.

-  Фаолиятингизда бирга ишлаган мутахассислар орасида кимни биринчи ўринга қўйган бўлардингиз?

-  Қайси мураббийлар билан ишлаган бўлсам, барчасига катта раҳмат, ҳаммаси ўзига яраша кучли эди. Биринчи ўринга Виктор Балютович Кумиковни қўяман. Ундан кўп нарса ўргандим. Тактик томонлама ва футболчи сифатида анча ўсдим. Шу боис Балютовичдан миннатдорман. Бекорга Қозоғистонда энг яхши мураббий бўлмади. У ерда бошқарган жамоаси билан ҳам Европа лигасида яхши иштирок этган.

-  Сизда Ўзбекистонга қайтиш имконияти бор эди. “Бухоро” ва “Қизилқум” клубларидан таклифлар бўлганди. Бироқ Индонезияда яхши маош тўлашаётгани ўзимизнинг клублар томонидан бўлган таклифларни рад этишингизга сабаб бўлди, шундайми?

-  Ҳа, менга Ўзбекистондан таклифлар бўлди. Худога шукр, оилам ўзига тўқ ва тинч. Мен эса футбол муҳитида ўйнашни яхши кўраман. Тўғри, пул ҳаммага керак. Мен эса хорижда тўп суришга қарор қилдим. Юқорида айтганимдек, Индонезияда ҳар бир учрашувда стадион тўлади. Ўйиндан кейин мухлислар дастхатлар ва бирга расмга тушишни сўрашади. Аслида ҳам шунинг учун келганман. Ахир бу ердан ҳар доим ҳам таклиф бўлавермайди-ку. Қачондир ҳамма футболни тугатади. Мен эса бундай ёқимли онларни футболдан кейин эслаб роҳатланишни истайман. Балки келаси йили Ўзбекистонда ўйнарман, буни вақт кўрсатади. Ҳозирча эса менда ҳаммаси жойида ва бу ерда ўйнаётганимдан хурсандман.

филипосян4

-  “Тира-Персикабо” билан қандай вазифа учун курашяпсизлар ва клуб билан тузилган шартномангиз қачонгача амалда бўлади?

-  Мақсад кучлилар орасида қолиш. Ҳозирча вазифамиз шу. Чунки “Тира-Персикабо” 4-5 йилдан бери элитида иштирок этиб келяпти. Аста-секинлик билан жамоа ўсяпти ва келаси йили жиддийроқ мақсад қўймоқчи. Шартномам эса шу йилнинг декабрь ойида тугайди.

-  Ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоамиз учун ўйнаганингизни яхши эслаймиз. Айтинг-чи, Таиланд, Малайзия, Индонезия каби чемпионатларда тўп суриш орқали терма жамоага чақирув олиш мумкин деб ўйлайсизми?

-  Ҳа, ўз вақтида терма жамоамизда озми-кўпми ўйнаганимга жуда хурсандман. Айниқса, Япония ва Эронни ютган ўйинларимизни кўп эслаб кўраман. Лекин сиз айтгандек чемпионатларда тўп суриб ҳам терма жамоада ўйнаса бўлади, нега бўлмас экан? Ҳар бир футболчининг ўзига боғлиқ.

-  Ҳар доим асосий мақсадимиз бўлган жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашамиз-у, бироқ охирида бизга битта гол ёки бир очко етмай қолади. Буни эса омад билан боғлаб қўямиз. Аслида бизга нима етишмайди?

-  Биласизми, 2014 йилни эсласам, ростдан ҳам ўша йили биздан омад юз ўгирган. Чунки ўз уйимизда Қатарни ютгандик. Жанубий Корея эса ўз уйида ютқазганди. Ўша пайтда корейслар кучли рақиб эди. Балки қаердадир ҳаммамиз хато қилгандирмиз. 2018 йили ҳам шундай десак бўлади. Уйда Жанубий Кореяни мағлуб этсак мундиалга чиқардик. Яна омад биздан юз ўгирган. Биргина гол терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўларди. Ўз фикримни айтадиган бўлсам, агар барчамиз бирга бўлсак – ҳайдовчидан ошпазгача, мураббийлардан футболчиларгача, шифокордан массажчигача, ҳамма-ҳамма бирлашса албатта жаҳон чемпионатига чиқамиз. Биз бир оила бўлишимиз керак. Ахир барчамизнинг ватанимиз – Ўзбекистон! Ҳаммамизга Ўзбекистонни 2022 йилги мундиалда кўриш насиб қилсин.

-  32 ёшдасиз ва яна неча йил футбол ўйнамоқчисиз? Фаолиятингизни тугатгач мураббий бўласизми ёки...

-  Мен аввало Худодан соғлик сўрайман, оилам, юртимиз тинч бўлсин дейман. Насиб қилса, яна бир неча йил ўйнамоқчиман. Бунинг учун кўп меҳнат қилишим кераклигини яхши биламан. Жароҳатлардан Худо асрасин. Ҳозирча хаёлим фақат футболда, мураббийлик ҳақида ўйлаётганим йўқ. Чунки ҳали юқори темпда ўйнай оламан.

-  Сизни кўрганлар 32 да деб ўйлашмайди, балки ёши каттароқ деган хаёлларга боришади. Ҳозирги пайтга келиб ҳаммасини очиқ-ойдин айтадиган бўлсак, чиндан ҳам 1988 йилда туғилганмисиз ёки ёшингиз чиндан ҳам каттароқми?

-  Ёлғон гапиришдан Худодан қўрқаман. Тўғри, менинг ёшимга кўплаб футболчилар ҳам ишонишмайди. Балки бошқаларга каттароқ кўринарман. Бироқ чиндан ҳам мен 1988 йилда туғилганман.

-  Футболдан ташқари ҳам бошқа шуғулланадиган ишингиз ҳам борми? Айтайлик, тадбиркорлик ёки бизнес деганларидек...

-  Биласизми, агар сиз футболчи бўлсангиз фақат футбол ҳақида ўйлашингиз керак. Менда ҳеч қанақа бизнес йўқ. Балки футболдан кейин бўлиб қолар. Лекин хаёлимга бошқа иш билан шуғулланиш келмаган. Футболни яхши кўраман ва майдонда жонимни бериб ўйнайман.

-  Фаолиятингиз давомида сиз учун учта унутилмас ўйинни айтиб бера оласизми?

-  Терма жамоамиз сафида Эрон ва Японияга қарши ўйинларни айта оламан. Шунингдек, “Насаф” билан ОФК Кубогида Сурияда “Ал Жайиш”га қарши ўйнаганмиз, у пайтда Виктор Кумиков бош мураббий эди. Ўшанда иккита ўйинчи кам бўлиб ўйнагандик. Учрашув эса 1:1 ҳисобида якунланганди. Баҳс охирларида гол ургандим ва биз кейинги босқичга чиққандик.

филипосян_1

-  Артём аслида ёшлик чоғингизда сизнинг имкониятингиз анча юқори баҳоланганди. Тўғри, фаолиятингиз ёмон кечмади, терма жамоада ва Осиёда бўлса ҳам легионер сифатида тўп сурдингиз. Аммо сиз бундан ҳам кўпроғига лойиқ эдингиз ва кўпчилик Европада тўп суришингизни кутганди. Олдингизга Европада ўйнашни мақсад қилиб қўймаганмидингиз?

-  Мени бир пайтлар “Рубин”га таклиф қилишганди. Ўйинимни Тошкентда кўришган экан. Ўшанда менга Баҳром Давлатов айтганди. Баҳром Байжановичга ҳам катта раҳмат. Шу кишининг меҳнатларини ҳам алоҳида айтган бўлардим. Ниятим Россияда ўйнаш эди. Лекин инсон доим пешонасига ёзганини кўради. Шунисига ҳам доим Худога шукр қиламан. Ўзбекистонда нон топиб, инсон сифатида танилдим.

-  Нима учун “Рубин”га бормагансиз?

-  Бу воқеа 2005 йили бўлганди ва мен у пайтда “Машъал” жамоасида эдим. Тошкентда ўринбосарлар билан асосий жамоа ўртасида назорат ўйини бўлганди. Ўшанда “Рубин”дан селекционерлар келишганди.

-  Одатда кўпчилик футболчиларнинг ўйиндан олдин бажарадиган бирор-бир одатлари бўлади. Сизда-чи?

-  Менда ҳеч қандай одат ишлари йўқ ва бундай қилмайман ҳам. Фақат Худодан сўрайман.

Шартномангиз тугагандан кейин нима қилмоқчисиз?

-  Чемпионатимиз 1 октябрдан яна давом эттирилади. Аввало ўйинларни жароҳатларсиз ўтказиб олмоқчиман. Агар янги шартнома таклиф қилишса ва келишиб олсак қолавераман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!