Руни, Анри, Дрогба ва энди навбат Бэйлга. АПЛга тарихий қайтишлар

Гарет Бэйлнинг "Тоттенхэм"га қайтиши амалдаги трансфер ойнасининг муҳим воқеаси бўлди. SPORTS.uz сайти АПЛга қайтган юлдузларни эслаб ўтади.


Бэйл тахминан икки йил олдин сўнишни бошлаган фаолиятини тиклаш мақсадида орадан 7 йил ўтгач, "Реал"дан "Тоттенхэм"га қайтди.

Уэльслик футболчи икки йил ичида "Реал" билан кечирган "ботқоқлик" даврида футбол ўйнашни унутмаганлигини исботлаши керак бўлади. Қайд этиш керакки, Бэйл собиқ жамоасига қайтиш орқали фаолиятини қайта тиклашни мақсад қилган биринчи юлдуз футболчи эмас. Футболчилар ўзларини танитган жамоага қайтиши доим ҳам омадли чиқавермаган. Келинг, шундай қайтишларнинг айримларини ёдга оламиз.

Дидье Дрогба ("Челси", 2004-12, 2014-15)

Дрогба шубҳасиз, "Челси" тарихидаги энг яхши ҳужумчиси бўлишни уддалаган. Африкалик футболчининг 2014 йили "Стэмфорд Бридж"га қайтиши унинг обрўсига зарар етказмади. Дрогба Лондон клубида ўнлаб совринларни қўлга киритган. Ўз даражасининг юқори чўққисига чиққанида жамоани тарк этган. Бироқ, бир неча йиллар ўтиб, жонажон клубига қайтди ва соврин ютишни уддалади. У 37 ёшида тўрттинчи бор чемпионликни нишонлади ва жамоанинг ўйинларида муҳим аҳамият касб этди.

Робби Фаулер ("Ливерпуль", 1993-2001, 2006-07)

330 та баҳсда 171 та гол уришга эришган Робби Фаулер 2001 йили "Лидс" жамоасига 11 млн фунтга сотиб юборилди. Англия футболидаги энг кутилмаган қайтишлардан бири. 2005 йилнинг охирларида яхши спорт формасига эга бўлмаган, жисмоний ҳолати суст ва жароҳатланган "Ливерпуль" афсонаси "Манчестер Сити" таркибидан четда қолаётганди. 2006 йилнинг январь ойида "шаҳарликлар" Фаулер билан шартномани бекор қилди ва кутилмаганда "Ливерпуль" афсонанинг жамоага қайтганини эълон қилди. Албатта, унинг қайтиши аввал қайд этган натижаси каби бўлмади. Аммо Фаулер қайтгач, ўзини ёмон кўрсатмади, ўнлаб голларга муаллифлик қилди ва Кенни Далглишни ортда қолдирган ҳолда, "мерсисайдликлар" тарихидаги тўпурарлар рўйхатида олтинчи ўринга кўтарилиб олди.

Тьерри Анри ("Арсенал", 1999-2007, 2012)

2012 йилда "Нью-Йорк" клубидан атига 2 ойга ижарага олинган бўлса-да, "Арсенал" мухлислари ўз бахтларига ишонишмасди. Анри илк бор Лондон клубига келганида "Ювентус"дан 10,5 млн фунт эвазига сотиб олинган, "Арсенал" билан икки марта АПЛ чемпионлиги, уч марта Англия кубогини ютган ва жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарга айланганди. Унинг қисқа муддатга қайтиши у қадар ҳам муҳим эмасдир, лекин унинг "Лидс"га қарши кечган илк ўйинида заҳирадан майдонга тушиб, жуда муҳим голни ургани ва "канонирлар" либосидаги "Сандерленд"га қарши сўнгги учрашувида дарвозани ишғол этганини мухлислар ҳеч қачон унутмайди.

Поль Погба ("Манчестер Юнайтед", 2011-12, 2016-...)

Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Поль Погба "Манчестер Юнайтед" таркибидаги еттита беллашувидан сўнг, "Олд Траффорд"ни тарк этиб, 1,5 млн фунт эвазига "Ювентус"га кўчиб ўтди. Уни кераксиз бўлган ва порламайдиган футболчи, деб ҳисоблашган. Тўрт йил ўтиб, МЮ Погбани қайта сотиб олди ва у учун 89 млн фунт тўлаб, ўша пайтдаги жаҳон рекордини янгилаган.

Жуниньо ("Мидлсбро", 1995-97, 1999-2000, 2002-04)

Жуниньо 1995 йилда Сан-Паулу шаҳридан 4,75 млн фунт эвазига "Мидлсбро" сафига қўшилганида дарҳол ўзининг ёрқин фаолияти билан кучли таассурот қолдирди. У 1997 йилда жамоанинг Англия кубоги ва Лига кубоги финалига чиқишида муҳим роль ўйнади, аммо "Мидлсбро" АПЛни тарк этишидан қутқариб қололмади ва "Атлетико"га 12 млн фунт эвазига сотиб юборилди. Жуниньо 1999 йили биринчи марта Англияга ижара асосида қайтди, аммо жароҳати туфайли аввалгидек ўзини кўрсатолмади. Бироқ, "Мидлсбро" таслим бўлмади ва бразилиялик футболчига учинчи бор "эшик" очди. 2002 йилда инглиз клуби Жуниньони 6 млн фунтга харид қилди. Айтганча, бу сафарги уриниш яхши натижа берди. У 2004 йили жамоага Англия Лига кубогини ютишда ва Еврокубок йўлланмасини қўлга киритишда катта ёрдам берди.

Жермейн Дефо ("Тоттенхэм", 2004-08, 2009-14)

"Тоттенхэм" муваффақиятли қайтиш ҳақидаги ҳикояларни яхши билади. Дефо биринчи марта 2004 йилда "Вест Хэм"дан "Тоттенхэм"га 7 млн фунт эвазига келиб, 177 учрашувда 64 та гол урган ва Англия терма жамоаси футболчиси сифатида ўзини танитиб, ишончли форвард мақомидаги обрўга эга бўлган. Кейин, у "Портсмут" клубига кўчиб ўтди ва бор-йўғи бир мавсум ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилди. Кўпчилик Дефонинг йўқлигини пайқамади. Чунки "Тоттенхэм"га қайтганидан кейин ҳам у голлар уришни давом эттирди ва "шпорлар" тарихидаги олтинчи тўпурарга айланди.

Уэйн Руни ("Эвертон", 2002-04, 2017-18)

Жуда яқин тарих. Руни, албатта, ўз номи билан "Манчестер Юнайтед"ни эслатади, аммо унинг қайтиши "Эвертон" билан боғлиқ. Руни "кўклар"даги илк фаолиятида 77 та баҳс ўтказиб, 17 та голга муаллифлик қилган ва 2004 йилда уни МЮ 27 млн фунтга сотиб олган. Иқтидорли форвард "қизил иблислар" билан 5 марта АПЛ ғолиблигини ва 1 мартадан Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ҳамда Англия кубогини қўлга киритган. 2017 йилга келиб, ёшлигини ўтказган жамоасига қайтди. "Эвертон"га қайтиши биланоқ жамоанинг энг яхши тўпурарига айланди, аммо кейинчалик АҚШга йўл олишга қарор қилди.

Сол Кэмпбелл ("Арсенал", 2001-06, 2010)

Кэмпбелл "Арсенал"даги дастлабки фаолияти давомида икки март Англия чемпионлиги, уч марта Англия кубогини ютган ва 2006 йилги Чемпионлар лигасининг финалида "Барселона" дарвозасини ишғол этган, аммо ушбу баҳсда Лондон клубини имкониятни бой бериб қўйган. "Канонирлар" сафини тарк этган Кэмпбелл "Портсмут" жамоасида 3 мавсумни ўтказди ва кейин "Ноттс Каунти" клуби таркибини тўлдирди, аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, жамоадан кетди. 35 ёшга келиб, ҳеч нарсасиз қолган Кемпбелл ўзининг собиқ жамоасига қайтди ва "Арсенал" билан машғулот ўтказди. Арсен Венгерни ҳайратда қолдирган ҳимоячи 2010 йилнинг январида битим имзолади. Лондонликлар сафида қисқа вақт ўтказган бўлса-да, "Ньюкасл"га кетишидан олдин, бир нечта беллашувларда майдонга тушишга улгурганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!