Руслан Жияновни "Нижний Новгород" клубига ўтиши аслида қандай юз берди? Агент Қаҳҳор Мўминов бу масалани очиқлади

Хабарингиз бор, “Олимпик” клубининг истеъдодли футболчиси Руслан Жиянов кутилганидек Россия чемпионатига кўчиб ўтадиган бўлди. У “Нижний Новгород” клуби билан шартнома имзолади.

Бу икки томон учун жуда муҳим эди. Бунгача Жиянов Россияга ҳам бориб музокараларда қатнашиб келганди. Энди ҳаммаси расман ҳал бўлди.

Шундан кейин ушбу трансфернинг қандай амалга ошгани юзасидан футболчининг агенти Қаҳҳор Мўминовнинг фикрларига қулоқ солдик.

- Руслан Жияновнинг ниҳоят “Нижний Новгород”га ўтгани аниқ бўлдими?

- Ҳа, биз бу хабарни тасдиқлаймиз. Куни кеча музокаралар охирига етди. Руслан энди Россия премьер-лигаси клуби - “Нижний Новгород”нинг ўйинчиси. Яна бир маълумот, ушбу футболчи ўзининг фаолиятини ҳозирча “Олимпик” жамоасида 2023 йилнинг ёзигача ижарада давом эттириб туради.

каххор1

- “Нижний Новгород” клуби Жияновга дастлаб қачон эътибор қаратганди?

- Ўтган йилнинг куз фаслида. Ўшанда Жияновга қизиқишимиз бошланди. Уни миллий терма жамоага жалб қилишди ва Россия термасига қарши бўлиб ўтган учрашувда майдонга тушганидан кейин футболчига нисбатан қизиқишимиз янада ортди. Русланнинг ўша ўйинида уни кўриб, кейин “Нижний Новгород” клубига таклиф қилиш режасини киритганмиз. Биласизми, “Олимпик” клуби Ўзбекистон спорт Вазирлиги ва Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ҳомийлигида фаолият кўрсатади. Шунинг учун биз “Олимпик” бош мураббийи Тимур Кападзе билан келишиб олдик, аммо кўниши осон бўлмади. Жиянов ёзгача ушбу клубда ўйнаб туради. Чунки “Олимпик” Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этади. Яъни, клуб ушбу терма жамоанинг базаси ҳисобланади. Шу билан бир қаторда “Нижний Новгород” клуби президенти Равил Измайлов ҳамда “Олимпик” президенти Сакен Пўлатовга миннатдорчилик билдирамиз ва албатта терма жамоа устози Кападзега ҳам қўллаб-қувватлагани учун раҳмат. Чунки Руслан Россияга кўчиб ўтиши бўйича у билан маслаҳатлашиб, дуо олганини биламан. Бу муҳим эди.

каххор

- Бу “Проспорт”нинг тўртинчи футболчиси. Бунгача Шомуродов, Эркинов ва Йўлдошевни ҳам Россияга клубига олиб ўтгансизлар. Сиз иқтидорли барча футболчиларни олиб кетмоқчимисиз?

- Шу ерда Одил Аҳмедовни ҳам эсламасликни иложи йўқ. Россияга кетишига бизни компанияни роли катта бўлган. Биз ҳеч кимни олиб кетмаймиз. Фақат ўзбекистонлик иқтидорларни янги даражага олиб чиқишга ҳаракат қиляпмиз. Улар бу трамплиндан фойдаланиб, ўзларининг кейинги фаолиятига йўл очадилар. Бу бизнинг арзимас ёрдамимиз. Ўзбекистон футболи ривожланишига ва терма жамоа кучайишига бироз бўлса ҳам ҳиссамиз тегса хурсанд бўламиз. Буни Элдор Шомуродов мисолида кўришимиз мумкин, унда ҳаммаси ўхшади ва бошқаларни ҳам шу даражага етиб чиқишига аминман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!