Рустам Ашурматов: "Вазият ўзгармаса, бошқа клубга ижара асосида ўтишимиз мумкин"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси FIFA Series ўртоқлик турнири олдидан машғулот жараёнларини ўтказмоқда. Бугунги жараёнларда ҳимоячи Рустам Ашурматов журналистларнинг саволларига жавоб берди.
FIFA Series турнирида Габон, Венесуэла ҳамда Тринидад ва Тобаго терма жамоалари иштирок этишади. Мана шу номлар сизларга бироз енгиллик бердими?
— Йўқ, бу бизга енгиллик бермайди. Сабаби, бу жаҳон чемпионатига тайёргарлик, қайси терма жамоага қарши ўйнашимизга қатъий назар биз ўз ўйинимизни кучайтиришга ҳаракат қиламиз.
Ҳозирги пайтда долзарб мавзуга айланган Эрон чемпионати тўхтатилиши масаласида савол бермоқчи эдим. Эрон футбол федерацияси томонидан бир томонлама шартномани бекор қилиш ҳақида янгиликлар борми?
— Катта эҳтимол билан бир томонлама шартномани бекор қилиш юз бермайди. Яқин орада Эрон лигаси қайтиши ҳақида миш-мишлар бор. Лига қайталанмаган тақдирда, ФИФАга хат юборилган. Агарда мусобақа қайтмаса, бошқа клубга ижара асосида кетиш ҳуқуқимиз бор.
Футболчиларнинг 4-5 ҳафта футбол ўйнамагани спорт формага таъсир қиладими?
— Албатта, таъсир қилади. Футболчига 10 та машғулотдан кўра, битта ўйин кўпроқ спорт форма йиғишга фойда беради. Биз профессионалмиз, ҳар бир машғулот ва учрашувларда максимал даражамизни кўрсатиб спорт формамизни сақлашга ҳаракат қиламиз.
Терма жамоамизнинг асосий ҳимоячиларидан бири Ҳусниддин Алиқулов жиддий жароҳати туфайли ЖЧни ўтказиб юборади. Унинг йўқлиги терма жамоанинг ҳимоя чизиғи учун қанчалик катта йўқотиш?
—Бу жудаям катта йўқотиш, буни таъсири бор. Ҳусниддин ҳимоямиз лидерларидан бири, буни тан олиб айтишимиз керак. Алиқуловга соғлик тилаймиз. Тезроқ соғайиб сафимизга қайтишини тилаб қоламиз.
Фикрлар