Рустам Мирсодиқов: “Бунёдкор”га қарши ўйинда ғалабага ҳақли эдик...

“Металлург” – “Бунёдкор” жамоалари учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Рустам Мирсодиқовнинг ўйин ҳақидаги фикрларига қизиқдик. Бу ҳақди клуб расмий сайти хабар бермоқда.

- “Бунёдкор”га қарши учрашув олдидан таркибимизда жиддий муаммоларга дуч келдик. Кутилмаган фалокат боис тажрибали ҳимоячимиз Даврон Каримқулов шифохонага тушиб қолди. Ислом Исоқжонов эса тўртта сариқ карточка туфайли бу ўйинни ўтказиб юборди. Ва ниҳоят учрашувга икки кун қолганда машғулотлар жараёнида яна бир тажрибали ҳимоячимиз Мирғиёс Сулаймонов оёқ пайларини чўзиб олди. Бошланғич таркибни шакллантириш борасида жиддий бош қотиришимизга тўғри келди. Ҳар икки қанот ҳимоясидаги бўшлиқларни тўлдириш учун ярим ҳимоячилардан фойдаланишга мажбур бўлдик. Шу боисдан ҳам биринчи бўлимда футболчиларимиз катта ҳаяжон остида ҳаракат қилишди ва ташаббус меҳмонлар томонида бўлди. Иккинчи таймда эса ўзимизга келдик. Ўйинни тенглаштириб олдик ва биринчи бўлиб гол киритдик. Ғалабага яқин тургандик, афсуски сўнгги сонияларда футболчиларнинг чарчаб қолганлиги, заҳирада тенг кучли рақобатчилар камлиги ҳамда футболчиларимизда консентрациянинг йўқолганлиги боис ютуқни қўлдан бой бердик. Аммо бундай номдор рақибга қарши ўйинда дуранг натижа ҳам биз учун ютуққа тенг. Бугун майдонда бор куч ва маҳоратларини ишга солиб ўйнаган барча футболчиларимга миннатдорчилик билдираман, - дейди Рустам Мирсодиқов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!