
"Сафарда ёмон натижа деб ўйламайман" - "Андижон" футболчиси Намангандаги водий дербиси ҳақида
Наманганда бўлиб ўтган водий дербисида “Андижон” таркибида биринчи марта сардорлик боғичида майдонга тушган ҳимоячи Абдулвоҳид Ғуломов ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлади ва ижобий таассурот қолдирди.
Футболчи майдонда бор куч ва имкониятини ишга солди. Учрашувдан кейин Абдулвоҳид “Андижон” матбуот хизматига ортда қолган учрашув ҳақида интервью берди.
- Абдулвоҳид, водий дербиси ҳақида нима дея оласиз?
- Авваламбор, барчани Рамазон ҳайит байрами билан табриклайман. Учрашув қийин бўлиши олдиндан маълум эди. Чунки бу дерби. Мухлисларимизга катта миннатдорчилигимизни билдирамиз. Улар 90 дақиқа бизни юқори темпда қўллаб-қувватлашди. Уларга алоҳида раҳмат. Биз майдонга фақат ғалаба учун тушгандик. Ўйин эса дуранг билан якунланди. Буни сафарда ёмон натижа деб ҳисобламайман. Энди бор эътиборимизни кейинги учрашувга қаратамиз.
- Водий дербисидаги ўйинда илк бор жамоа сардори сифатида майдонга тушдингиз. Бундай муҳим баҳсда бунинг масъулияти қандай бўлди?
- Албатта, сардорлик боғичи билан майдонга тушиш ўзига яраша масъулиятли саналади. Бу ўйинга бўлган мотивацияни янада оширади. Сардорлик боғичи билан майдонга тушиш, мен учун ёқимли.
- Охирги дақиқада “Андижон тайм” бўлди ва гол уриб ҳисобни тенглаштирдинглар. Вазият шундай тус олишини ўйлаганмидингиз?
- Қалбан сезиб тургандик. Охиригача ҳаракат қилдик. Меҳнатимизга яраша Худоим бунинг самараси ва натижасини берди.
- Дербида катта жанг кечди ва унда қайд этилган дурангдан қанчалик қониқиш ҳосил қилдингиз?
- Иккинчи тайм ўрталаридан кейин майдонда бир футболчи кам бўлиб ҳаракат қилдик. Яна қайтараман, сафарда, дербида ёмон натижа деб ўйламайман.
- Дарҳақиқат, водий дербилари жуда шиддатли ва юқори ҳароратда ўтяпти. Бунга “Навбаҳор”га қарши ўтган йилги дербиларни мисол келтириш мумкин. Жуда принципиал ўйин ва охирги пайтларда мазкур дербиларнинг даражаси янада йириклашиб кетмоқда, буни энди оддий ўйин деб бўлмайди...
- Дерби ҳақида олдин ҳам бир фикр билдирганман: дербида майдон, таркиб, муҳит таъсир қилмайди. Дербида фақат майдонга чиқилади ва жанг бўлади. Қайси жамоа тайёр бўлса ғалабани илиб кетади.
- Кейинги турда “Машъал” билан ўйнайсизлар. Дербидан кейин бўлажак учрашувга тайёргарлик қандай кечади?
- “Навбаҳор”га қарши учрашувдан сўнг ечиниш хонасидаёқ “Машъал” билан ўйинга тайёргарликни бошладик. Худо хоҳласа, бундан кейин ғалабаларимиз билан мухлисларимизни хурсанд қиламиз.
Фикрлар