Сакен Полатов: "Ўзбекистонда ҳам промоутерлик компанияси ташкил этилади"

  • 2 апрель, 2021, 19:46
  • 0
  • Бокс

Маълумки, AIBA президенти Умар Кремлёв юртимизга ташриф буюрган эди. Бугун Миллий олимпия қўмитасида жаҳон бокс раҳбари ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси биринчи ўринбосари Сакен Полатов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. 

Мазкур тадбир давомида Сакен Полатов промоутерлик компанияси ташкил этилиши борасида саволга ҳам жавоб берди. 

- Сакен Жетибоевич, эҳтимол, юртимизда ҳам қудратли промоутерлик компаниясининг ташкил этиш вақти келгандир. Чунки, Ўзбекистонда ҳаваскор боксда яхши натижа қайд эта олмаган ёки услуби бу йўналишга тушмаган, аммо профессионал боксда яхши натижалар қайд эта оладиган истеъдодлар талайгина топилади. Биргина Қудратилло Абдуқаҳҳоров бунга мисол бўла олади. Промоутерлик компанияси ташкил этилиши ана шундай истеъдодларни кашф этишга сабаб бўларди. Тўғри, профессионал бокс федерацияси алоҳида ташкилот. Бироқ, сиз шундай нуфузли профессионал бокс оқшомига бош-қош бўляпсиз, қолаверса, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритаётганингиз учун ҳам ушбу саволга жавоб бера олсангиз керак?

- Тўғри, юртимизда маҳоратли боксчилар жуда кўп. Бироқ, барчаси ҳам ҳаваскор боксда ўз ўрнини топиб кета олмайди. Чунки рақобат жуда кучли. Шубҳасиз, ҳаваскор боксда натижа қила олмаса-да, профессионал йўналишда Қудратилло Абдуқаҳҳоров ҳамда Шоҳжаҳон Эргашев каби яхши натижалар қайд эта оладиган ёшларимиз бор. Биз Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси билан ҳамкорликда промоутерлик компанияси ташкил этмоқчимиз. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу борада ҳаракатлар бошланиб кетган. Ўйламанки, тез орада бу воқелик ҳам амалга ошади ва маҳоратли ёшларимизни қўллаб-қувватлаб, уларнинг профессионал боксда ўз ўрнини топишда ёрдам берамиз. Бунинг учун жаҳоннинг кўзга кўринган промоутерлик компанияси "Мир бокса" билан яхши алоқаларимиз бор. Насиб қилса, тез орада ушбу режаларимиз ҳам амалий ифодасини топади. 

сакен ака1

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!