"Салом, тилла бола"! "Ўғирликлар" кичик "Олтин тўп"ларданоқ бошланганми?
45 та жамоавий совринлар ва 52 та индивидуал ютуқлар соҳиби бўлган футболнинг тирик афсонаси Лионель Месси қўлга киритган "Олтин тўп"ларнинг аксари кўп муҳокамаларга сабаб бўлган. Лео ва унинг солиштирувларда доим ёнма-ён келувчи рақобатчиси Криштиану Роналду 2003 йилдан буён илк марта "Олтин тўп" даъвогарларининг кенгайтирилган рўйхатидан ўрин олмади. Демак, бу сафар рақобатчилар кўнгилни тўқ қилса бўлади.
Шу ўринда айтадиган бўлсак, Мессини мухлислардан ташқари айрим рақобатчилар тилидан ҳам у бунга муносиб эмасди, деган фикрлар янграган. Фақат бу бошқа соврин ва у қадар катта шов-шув бўлмаган бир кичик воқелик.
Гап шундаки, 2005 йилда U-20 ёш тоифаси ўртасида ўтказилган Жаҳон чемпионатида Аргентина зафар қучади. Финалда 18 ёшли Лео бошчилигидаги "альбисилесте" айнан Мессининг икки бора пенальтидан урган голи билан Жон Оби Микел етакчилигидаги Нигерияни 2:1 ҳисобида таслим этган. Шу тариқа, Лионель Месси 6 та гол билан турнир тўпурари бўлади ва финалдаги ғалабадан сўнг турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида "Golden Ball" совринини қабул қилади.
Жон Оби Микель ўзи муаллифи ҳисобланган "The Obi One Podcast"да ўша турнир билан боғлиқ бир қизиқ воқеани айтиб берган:
"Биз 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Аргентинага мағлуб бўлгандик. Месси "Олтин тўп"ни, мен эса "Кумуш тўп"ни қўлга киритгандим. Тақдирлаш сўнгида унга: "Сен мендан "Олтин тўп"ни ўғрилаб олдинг". Мен бунга лойиқ эдим ва сендан яхшироқ эдим", дегандим. Месси эса жилмайиб: "Мени бу масалага алоқам йўқ. Буни қўмита танлайди", дея жавоб берганди.
Кейинчалик Месси менинг ғазабланганимни кўриб, совринларни алмашиш таклифини берди. Биз ташқарига чиқдик ва мен уни кийиниш хонаси ёнида топдим. У менга: "Агар хоҳласанг, "Олтин тўп"ни ол. Кумушни эса менга бер", деди. Мен эса: "Бундай қила олмайман, сен бунга лойиқсан. Шунчаки, ўша пайтда бироз ғазабда эдим, раҳмат", дея жавоб бердим.
Ўша воқеа 13 йил ўтиб ҳам Леонинг ёдидан чиқмаганди. 2018 йили Россияда бўлиб ўтган Мундиалда у билан халқаро майдонда яна кўришдик. У менга: "Cалом, тилла бола. Менда тақдирлашда бирга тушган суратимиз ҳамон бор", деди. Мен эса табассум қилдим ва унга шундай дедим: "Шу вақтгача сен мени бунга лойиқ эканингга ишонтирдинг. Сен энг зўрисан".
2018 йилда Аргентина терма жамоаси Мундиални бироз омадсиз тарзда ўтказади. Гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиққан жанубий америкаликлар нимчорак финалдаёқ Францияга мағлуб бўлиб (3:4) турнирни тарк этганди. Бироқ 2022 йилда нима бўлгани футболга бефарқ бўлмаган исталган кишининг ёдида бўлса керак.
Қуйидаги суратда сиз Лионель Месси қўлга киритган барча совринларни кўришингиз мумкин:
Ким нима дейишидан қатъий назар ўз ишининг ҳақиқий усталари камтарлик билан натижалар кўрсатаверади. Эътироз билдирувчилар бутун умр фикрида қолиши мумкин. Бироз вақт ёки йиллар ўтиб фикри ўзгариши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Карим Худайқулов
Фикрлар