Самарқандда Исроил терма жамоасига техник мағлубият ёзилди
Жаҳон шахмат олимпиадаси ташкилотчилари Исроилнинг эркаклар ва аёллар терма жамоалари Йом Кипур — яҳудийлар учун муқаддас кун муносабати билан расмий жадвалга мувофиқ ўйин ўтказишдан бош тортгани сабабли уларга техник мағлубият ёзди.
2026 йилда Йом Кипур (Қиёмат куни, тавба ва кечирим куни) 20 сентябрь куни қуёш ботиши билан бошланиб, 21 сентябрь кечаси якунланади.
Якшанба куни эркаклар мусобақасида Сингапур, аёллар турнирида эса Колумбия терма жамоалари бешинчи тур доирасида Исроил шахматчилари билан учрашувларни олдинроқ вақтга кўчириш таклифига кўнган эди.
Душанба куни эркаклар терма жамоаси Нидерландия, аёллар жамоаси эса Болгарияга қарши ўйнаши керак эди. Бироқ ҳар икки рақиб ҳам учрашувларни кўчириш таклифини рад этди. Натижада Исроил жамоалари белгиланган вақтда доска ортига ўтирмади ва 0:4 ҳисобида техник мағлубият қайд этилди.
- 20–21 сентябрь кунлари Йом Кипур нишонланиши муносабати билан Исроилнинг эркаклар ва аёллар терма жамоалари ўйинлар жадвалига ўзгартиш киритишни сўради. Бешинчи тур учун уларга партияларни стандарт графикда кўзда тутилган муддатдан олдинроқ якунлаш керак эди. Олтинчи тур бўйича эса учрашувларни кечроқ вақтга кўчириш ёки 22 сентябрь куни — олимпиада низомига кўра расмий дам олиш кунида ўтказиш таклиф қилинди, — дея FIDE матбуот хизмати вакили сўзларидан иқтибос келтиради The Indian Express нашри.
- Олтинчи тур учрашувлари юзасидан FIDE ҳар икки Исроил жамоасининг рақиблари билан боғланди. Илгарги турдан фарқли ўлароқ, бу сафар бирор рақиб ҳам расмий жадвалдан бошқа вақтда ўйнашга рози бўлмади. Бундай илтимосни рад этиш уларнинг тўла ҳуқуқидир, — дейилган Халқаро шахмат федерацияси изоҳида.
Эслатиб ўтамиз, биринчи турда Покистон эркаклар терма жамоаси Исроилга қарши ўйнашдан бош тортган ва шу тариқа 0:4 ҳисобида техник мағлубиятга учраган эди.
Олти турдан сўнг Исроил эркаклар терма жамоаси умумий жадвалда 48-ўринни, аёллар жамоаси эса 31-ўринни эгаллаб турибди. Мусобақада эркаклар орасида Ўзбекистон, аёллар баҳсида эса Хитой жамоаси пешқадамлик қилмоқда.
Шахмат олимпиадаси Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда ва 27 сентябрь куни якунланиши режалаштирилган.

Фикрлар