Самарқанднинг "Динамо" клуби 12 кун ишлаган мураббийни истеъфога чиқарди. Бунга нима сабаб бўлди?

10 июль, жума куни «Динамо» клуби мураббийлар штабида ўзгариш юз берди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

«Динамо» жамоаси Ўзбекистон кубоги ва Про лига янги мавсумини кетма-кет мағлубиятлар билан муваффақиятсиз бошлаганлиги сабабли клуб раҳбарияти қарорига кўра, мавсум бошидан буён бош мураббий сифатида ишлаб келаётган Равшан Аҳмедов билан амалдаги шартнома икки томонлама ўзаро розилик билан бекор қилинди.

Маълумот ўрнида айтишимиз мумкинки, Равшан Аҳмедов 28 июнь куни бош мураббий этиб тайинлангани борасида клуб матбуот хизмати томонидан телеграмдаги саҳифасида эълон қилинганди. У Тачмурод Агамуродов ва ёрдамчи мураббий Рафаэль Баласаняннинг ўрнини эгаллаганди. Мана энди жамоанинг натижалари ёмонлашгач самарқандликлар раҳбарияти 12 кун ишлаган мутахассисга чиқиш эшикларини кўрсатди.

Клуб раҳбарияти бир қатор мураббийлар билан музокара олиб бормоқда. Жамоанинг янги бош мураббийи яқин орада маълум бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!