Самвел Бабаян: Бизни Эрон билан кўп нарса боғлаб туради
Хабарингиз бор, Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ)”D” гуруҳи 4-туридан ўрин олган баҳсда "Навбаҳор" сафарда “Нассажи Мазандаран” (Эрон)га қарши майдонга тушади. Мазкур беллашув эртага Тошкент вақти билан соат 19:00да старт олади.
ОЧЛ мусобақаси регламентига мувофиқ, бўлажак беллашув олдидан икки жамоанинг бош мураббийлари ва бир нафардан футболчилари иштирокида Теҳрон шаҳридаги эртанги ўйин ўтказиладиган “Озоди” стадиони анжуманлар залида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян ва “лочинлар”нинг тажрибали ярим ҳимоячиси Азимжон Аҳмедов иштирок этиб, учрашув борасида ўз фикрларини билдиришди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Самвел Бабаян: – Ассалому алайкум! Барчага хайрли кун! “Нассажи Мазандаран” адашмасам, ўз тарихида илк маротаба ОЧЛда иштирок этаётганлиги сабабли, ушбу мусобақага жиддий тарзда тайёргарлик кўрганлигини эътироф этиш жоиз. Бунга биз жамоа Наманганда гувоҳ бўлдик.
Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб, юқори даражадаги ташкилотчилик учун “Нассажи Мазандаран” вакилларига жамоамиз номидан миннатдорчилик билдираман.
Албатта, яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бизни Эрон билан кўп нарса боғлаб туради. Боиси, ОЧЛда халқаро майдонларда Эрон шарафини ҳимоя қилган деярли барча клублар билан ўзаро рўбарў келганмиз ва ўша баҳслар доимо юқори савияда, томошабоп тарзда кечган.
Мамлакатлар терма жамоалари ҳамда клублари бир-бирларига рақиб бўлса, бу ҳар икки юрт футболи ривожида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бундай ўйинлар орқали биз бир-биримизни тўлдириб, ривожланамиз.
Азимжон Аҳмедов: – Аввало барчага салом! Эртанги ўйинда барча имкониятларимизни ишга солган ҳолда, мухлисларимизга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар