Samvel Babayan: "Har bir futbolchi va murabbiy bunday muhitda o‘ynashni orzu qilishadi"
“Андижон” ва “Сўғдиёна” (4:0) ўртасида бўлиб ўтган Суперлига 1-тур доирасидаги учрашувдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян қатнашди.
- Ассалому алайкум. Биринчидан, ҳамма андижонлик мухлисларни ғалаба билан табриклайман. Тўғрисини айтсам, биз учун қийин бўлди. Барибир бу дебют ўйин. Таркиб 99 фоизга янгиланганди ва шу боис бироз бошида қийинроқ кечди. Кейин ҳаммаси жойига тушди. “Сўғдиёна” ҳақида нима дейишим мумкин? Биринчи таймда тактик ўйин бўлди. Охирги йилларда мураббийнинг маҳорати туфайли жамоа анча сифатли ўйин кўрсатяпти. Етарлича тажрибага эга клуб. Биз рақибни яхшилаб ўргандик. Ўртоқлик учрашувларини кўриб чиқдик. Рақиб биз кутган ўйинни кўрсатди. Барча имкониятимизни ушбу учрашувда очишга ҳаракат қилдик ва 60 фоизга ўз ўйинимизни кўрсатдик. Очиқ айтадиган бўлсам, жамоамизнинг потенциалини яхши биламан. Бошланғич таркибимиз 99 фоизга ўзгарди. Шундай экан, ўйиндан-ўйинга жамоамиз янада шаклланиб боради. Ўйинни 70 фоизида назорат қилдик. Ўйлайманки, жамоамиз ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам кўнгилдагидек ҳаракат қилди. Шунингдек, бугунги ажойиб атмосферани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Ҳар бир футболчи ва мураббий бундай муҳитда ўйнашни орзу қилишади. Мухлисларни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаши, бутун трибунани қарсаклар чалиши, сифатли майдонни бўлиши, ўйлайманки, ғалабага замин яратди. Алоҳида таъкидлаш керакки, стадион ходимлари майдонни ўйинга идеал ҳолатда тайёрлашган. Биринчи қадам жуда муҳим эди ва уни бажардик. Бизда уй ёки сафар деган тушунча йўқ. Ҳар бир баҳсда максимал даражада ҳаракат қилиб, ғалаба қозонишни режа қиламиз. Мени “Андижон”га келишимга тўхталадиган бўлсак, янги тарих бошланди, деб ўйлайман ва ғалабалар анъанасини яратишимиз муҳим. Бундай ишқибозлар бундай ғалабаларга лойиқ ва улар Ўзбекистоннинг энг яхши мухлисларидир. Мен, мураббийлар штаби ва футболчилар ҳар бир учрашувда ишқибозларга байрам бўлишини ва юқори даражада меҳнат қилиб, уйда ё сафарда бўлсин, ғалаба қозониш учун барча куч-қудратимизни ишга соламиз.
- Киритилган 4 та голдан учтаси легионерлар ҳисобига ёзилди. Уларнинг ўйинидан қониқдингизми?
- Бошқа мамлакатдан легионер келар экан, биринчи навбатда у ўзининг сифатли футболчилиги ва лидер бўлиши билан ажралиб туриши керак деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, бу ерга келган барчаси обдон ўйлаб кейин таклиф қилинган легионерлардир. Уларни таклиф қилаётганда нафақат футболчилик маҳорати, балки инсонийлик фазилатларига ҳам эътибор қаратганмиз. Ҳа, бу ўйинда легионерлар асосий ишларни бажаришди. Шунингдек, ёш ўйинчилар ҳам майдонга тушишди ва яхши томонларини кўрсатишди. Мен легионер ёки маҳаллий ўйинчи деб ажратмаган бўлардим. Биз бир оиламиз. Ҳар бир ўйинда ким бўлишидан қатъий назар майдонда яхши ҳаракат қилиб, ғалабага замин яратса бас.
- Азиз Турғунбоев нима учун қайдномага киритилмади?
- Бунинг сабаби унда жароҳат бор эди. Уни битиши учун бироз вақт керак эди. Кейинги учрашувга тайёргарликнинг асосий босқичида иштирок этади.
Шу ўринда вилоят раҳбариятига қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдираман. Бундан ташқари, мухлисларга ҳам алоҳида раҳмат. Яна бир бор ҳаммани ғалаба билан табриклайман. Соғ бўлинглар!
Fikrlar