Санъат Шихов: "Бошқа таклифлар ҳам бор, кўриб чиқиб бир қарорга келаман"
Хабарингиз бор, “Қўқон-1912” клуби про лигада қатнашиб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш учун астойдил курашди. Бироқ уларга омад кулиб боқмади.
Шунга қарамай, жамоада охиригача имконият сақланиб турди. Гарчи чемпионатда тўғридан-тўғри чиқа олмаган бўлса-да, плей-офф орқали бу ишни уддалаш имкониятига эга эди. Бироқ ҳал қилувчи учрашувда ўз майдонида “Қизилқум”га имкониятни бой бериб қўйди.
Жамоанинг тажрибали футболчиларидан бири Санъат Шихов Sports.uz сайтига Қўқондаги фаолияти, ортда қолган мавсум ва омадсизлик ҳақида фикр билдирди.
Қўқондаги фаолияти нимаси билан ёдда қолди?
- Биринчи навбатда шуни айтишим мумкинки, Қўқон шаҳри ва унинг инсонлари менда жуда яхши таассурот қолдирди. Самимийлиги, биринчи келган йилим, жамоа таркиби ажойиб ва кучли эди, омадсизлик туфайли Суперлигадан тушиб кетдик. Шунга қарамай, раҳбарларимиз бизни ташлаб қўймади. Шу ўринда раҳбариятга раҳмат айтиб қоламан.
Клубга иштиёқ билан келганди ва аввалгидек иштиёқи сақланиб қолдими?
- Суперлигага чиқиш учун ҳаракат қилдик. Мени ўйлашимча, биринчи даврада йўқотилган очколар қимматга тушди. Назаримда, жамоа савия борасида бироз кучсизлик қилди. Барибир селекция яхши қилинса, про лигада бир текис ўйнаб бемалол чиқса бўлади.
Аслида вазифани бажариш йўлида нима етишмади?
- Вазифани бажаришда етишмаган нарса - бу барқарорлик. Яхши жамоалар билан ўйинда савияли футболчилар етишмади. Асосий ўйинларимиз – “Локомотив” ва “Динамо” билан эди. Афсуски, шу учрашувларда йигитларни ўйини чиқмади, Ўйлашимча, жамоада катта ўйинларни кўрган футболчилар кўпроқ бўлиши керак. Қолган жамоалар билан ўйинда иштиёқ эвазига ютса бўлади. Катта жамоаларда иштиёқ билан бирга ўйинчидан маҳорат ҳам талаб қилинади.
Бошқа таклифларни кўриб чиқяптими ёки клубда қолмоқчими?
- Ҳозирча уйдаман, дам оляпман. Янги йилдан кейин бу борада гаплашамиз, раҳбарият билан. Бошқа таклифлар ҳам бор, кўриб чиқиб, бир қарорга келаман, Худо хоҳласа.
Про лигани ютуғи ва камчилиги нимада?
- Про лигани ютуғи 3-4 та жамоадан ташқари ҳаммасини даражаси бир хиллигидир. Футболчи учун камчилиги 2-3 йил қолиб кетсангиз про лигада шу даражага тушиб қолишингиз!
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар