Санжар Рашидов: Бекободдаги ғалабадан кейин энди бемалол 3-ўринга курашсак бўлади
«Сўғдиёна» клуби 22-турда Бекободда «Металлург» устидан ишончли ғалабага эришди. Жамоа етакчиларидан бири Санжар Рашидов томонидан киритилган гол якунда жиззахликларга ўта муҳим бўлган уч очкони келтирди ва бу орқали «Сўғдиёна» учинчи ўринга мустаҳкам ўрнашиб олди. Шу боис ўйин қаҳрамонига айланган Санжар Рашидовга айрим саволлар билан мурожаат қилдик.
- «Металлург»га қарши учрашувда сизнинг киритган ягона голингиз ўйин тақдирини ҳал қилди ва «Сўғдиёна»га қимматли уч очкони тақдим этди. Одатда «Металлург» майдонидан ғалаба билан қайтиш анча-мунча клубга насиб қилмайди…
- Учрашув ҳақида гапирадиган бўлсам, «Металлург» билан осон ўйин бўлмаслигини яхши билардик. Лекин биз шунга яраша тайёргарлик ҳам кўргандик. Қолаверса, охирги пайтларда кетма-кет дуранглар ўйнаётгандик ва бу сафар уч очкони қўлга киритишимиз жуда муҳим эди. Агар «Металлург»дан уч очкони қўлга киритадиган бўлсак, шунда медаллар учун курашсак бўларди. Бизда мана шундай имконият бор эди ва ҳамма буни яхши тушунган ҳолда беллашувга ҳар томонлама жиддий тайёргарлик кўргандик. Ҳайриятки, ўзимиз кутган натижага эришдик. Лекин учрашув оғир ўтди. Ўйлашимча, томошабоп ўйин бўлди.
- Ушбу ғалабадан кейин «Сўғдиёна» учинчи ўрин учун курашда янада фаол ҳолатга келди. Ваҳоланки, мавсум аввалида ҳеч ким жиззахликларнинг совринли ўринлар учун курашишини кутмаганди. Клуб олдига учинчи ўринни эгаллаш бош вазифа сифатида қўйилганмиди?
- Мавсум бошида бизга олтинчи ўринни эгаллаш вазифаси қўйилганди. Худога шукрки, кўрсатаётган натижаларимиз жуда яхши. Айни пайтда бизда учинчи ўринни эгаллаш бўйича имкониятларимиз бор. Шу сабабли ҳозирги мақсадимиз совриндорлар қаторидан жой олиш.
- «Сўғдиёна» мавсумни яхши бошлай олмаганди. Сергей Лушаннинг ўрнига Улуғбек Бақоев келганидан сўнг жамоа кучайишга эришди. Айтинг-чи, «Сўғдиёна»нинг барқарор ўйин кўрсатаётгани нима билан боғлиқ?
- Мавсум бошидаги кетма-кет мағлубиятлардан кейин ҳаммамиз тушкунликка тушиб қолгандик. Улуғбек Бақоев келиб эса жамоани руҳий томондан кўтарди ва ҳаммага далда берди. У жамоа ўйинига анчагина ижобий ўзгаришларни киритди. Иккинчи даврада эса жамоамизга Жасур Ҳасанов, Иван Нагаев сингари янги футболчилар келди ва уларнинг ёрдами тегяпти. Натижада футболчиларда ўзларига бўлган ишонч ҳам ортди. Раҳбарият, мураббийлар ва футболчилар ҳаммамиз биргалашиб мана шундай натижаларга эришяпмиз.
- Сизни жамоа сардори ва етакчиси сифатида биламиз. Аммо охирги пайтларда захирада қолаётганингиз ёки захирадан ўйинга қўшилаётган пайтларингизни ҳам кўрдик. Ёки асосий таркибдан жой олиш қийин кечяптими?
- Улуғбек Бақоевда шундай хусусият борки, унинг жамоасида ҳеч ким асосий таркибда мунтазам ўйнашга кафолатланмаган. Доимо ўйинчиларни алмаштириб туради. Кўпинча ўйинга ва қўлланилаётган тактикага қараб футболчиларни ўзгартириб туради. Бу ерда бошқа муаммо йўқ. Шунчаки, ҳозир айтганидек, рақибга қараб таркибни танлайди.
Фикрлар