Санжар Шоаҳмедов: Купер Малайзия чемпионатини кузатади деб ўйлайман
Малайзия чемпионатида тўп суриб барчанинг олқишига сазовор бўлган Санжар Шоаҳмедов чин маънода «Теренгану» жамоасининг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. Ҳамюртимиз ўзига билдирилган ишончни оқлаган ҳолда мухлисларнинг ишончини қозона олди. Аҳамиятлиси, ўзбекистонлик ярим ҳимоячи ўз жамоаси таркибида бир-биридан чиройли голларни киритиш борасида бошқаларга намуна бўла олди. Унинг чиройли голлари эса ижтимоий тармоқларда роса «айланди» ва барчанинг эътиборини торта олди.
- Санжар, охирги пайтларда сизни «Теренгану» сафида бир-биридан чиройли голлар ураётганингизни ижтимоий тармоқлар орқали видеоларда кўряпмиз. Айтинг-чи, буларга қандай эришяпсиз ёки у ерда чиройли голларни киритиш осонми?
- Тўғри, охирги пайтларда «Теренгану» сафида кетма-кет голлар уряпман. Лекин бу ерда футбол ўйнаш ҳам, голлар уриш ҳам осон иш эмас. Ҳар томонлама қийин. Айниқса, Малайзия чемпионатида жисмоний томондан яхши тайёргарликка эга бўлишингиз керак. Малайзия футболини ўз кўзим билан кўрдим. Бу ерда одамлар футболга жуда ишқибоз ва стадионларда минглаб томошабинларни кўриш мумкин. Шунинг учун бу ерда ўйнаш ҳамма ўйлагандек енгил эмас, аксинча оғир. Иккиланмасдан айта оламанки, Малайзия футболининг савияси анча кўтарилган. Шу билан бирга у ерда гол уриш ҳам сиз ўйлагандек осон эмас. Ўйин давомида менда гол уриш учун вазиятлар бўляпти ва булардан унумли фойдаланяпман. Шунинг учун ҳам голлар уряпман.
- Киритаётган чиройли голларингиз туфайли у ерда сизнинг рейтинингиз ошиб бормоқда ва бу сизнинг ташриф қозоғингизга ҳам айланмоқда. Шундай экан, сизга харидорлар ҳам кўпайиб боряптими?
- Ҳа, тўғри, ураётган голларим чиройли чиқяпти. Бу билан шасхий статистикадаги кўрсаткичларим ҳам яхшиланиб бормоқда. Барибир бундай ўйинлар ва кўрсаткичларни мураббийлар ҳамда раҳбарлар, шунингдек, бошқа клуб вакиллари ҳам кўриб туришади. Кейинги фаолиятим ҳақидаги масала ноябрь ва декабрь ойларида ҳал бўлади. Малайзияда эса ички чемпионат энди тугади. Шу боис барча клублар кейинги режаларини тузиб чиқишади. Насиб қилса, менга ҳам харидорлар кўпайиб қолади.
- Эътиборлиси, Малайзияга кўчиб ўтганингиздан кейин ўйинингизда ҳам ўзгаришлар бўляпти ва футболни жуда нозик дид билан ўйнаётгандек таассурот қолдиряпсиз. Шунинг эвазига ҳам сизнинг голларингиз жуда нафис ва дид билан уриляпти. Қизиқ, сизни у ерда нима ўзгартирди?
- «Локомотив» жамоасида ўйнаб юрган пайтларимда ҳам голлар уриб юрганман ва уларнинг ораларида чиройлилари ҳам бўларди. Шу боис бундай ёқимли ҳолатлар мен учун давомли бўляпти. Малайзияда, айниқса, «Теренгану» клубида ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Бу ерда яхши жамоа тузилган. Футболчилар билан ҳам муносабатларимиз аъло даражада, бир-биримиз билан жуда аҳилмиз. Боя айтиб ўтганимдек, менда ҳар бир учрашувда гол уриш учун имконият юзага келяпти ва ўз навбатида мен ҳам бундан самарали фойдалана оляпман. Шунинг эвазига ҳам чиройли, ҳам кетма-кет голлар урилмоқда. Юқорида айтганимдек, Малайзия чемпионати тугади, куни-кеча охирги ўйинимизни ўтказдик.
- Сиздан айнан шу ҳақида сўрамоқчи эдим. Охирги турда етакчига қарши ўйинда 3:1 ҳисобидаги мағлубиятни 3:3 га айлантирдинглар. Буни қандай уддаладинглар?
- Ҳа, охирги турда чемпионат етакчиси «Жохор Даърул Тазим» жамоасига қарши ўйнадик. Кучли клуб, шунга яраша, ушбу жамоанинг легионерлари ҳам кучли ва қиммат ўйинчилар. Табиийки, уларнинг савиялари ҳам баланд. Хабарингиз бўлса, яқинда ушбу жамоага мега юлдузлар келиб кетишди. Ривалдо, Давидс ва яна кўплаб жаҳон юлдузлари келиб мастер-класс ўтказиб, шоуда қатнашишди. Умуман олганда, етакчи жамоага қарши қийин ўйинни ўтказдик. Бу чемпионатдаги охирги учрашувимиз эди. 3:1 ҳисобида ютқазаётган пайтимизда охирида ҳисобни 3:3 га тенглаштира олдик.
- Ўзингиз айтганингиздек, Малайзияда мавсум тугади, энди режалар қандай? Ёки яна бошқа мусобақа ҳам борми?
- Ички чемпионат тугагани билан ҳали бу ерда бутунлай футбол мавсум ниҳоясига етгани йўқ. Адашмасам, 3 ёки 4 августдан Малайзия Кубоги мусобақаси бошланади. Бу худди ўзимизнинг Ўзбекистон Кубогига ўхшаш турнир. 16 та жамоа тўрттадан гуруҳга ажратилади. Бу мусобақа октябрь ойигача давом этади. Ўша ойнинг охирида финал учрашуви бўлиб ўтади. Шундан кейин бир, бир ярим ойга таътилга чиқиб кетамиз.
- Адашмасам, сиз мавсум давомида «Теренгану» сафида 8 та гол урдингиз. Бу борада анча салмоқли натижа кўрсатдингиз дейиш мумкин. Ўзбекистон чемпионатида ҳам шахсий натижаларингиз чакки эмасди. Статистикага қизиқиб турасизми?
- 2015 йили «Локомотив» сафида 13 ёки 14 та гол ургандим. Албатта, статистикаларга қизиқиб тураман. Олдинги йили ҳам 5-6 та гол урганман. Тўғри, бу йил «Теренгану»да 8 та гол урдим.
- Умуман олганда, «Теренгану» ўз олдига қўйилган вазифани қанчалик бажара олди?
- Клубнинг вазифаси 5-6 – ўринлардан бирини эгаллаш эди. Чемпионатда эса 6-ўринни эгалладик. Лекин менимча, энг асосийси, чемпионатда жон сақлаб қолиш эди. Нимага деганда, Малайзия Суперлигасида ўйнаш жуда ҳам қийин. Турнир жадвалини кўриб чиқсангиз, 1-ўриндан 7-8 – ўринларгача бўлган клубларнинг орасидаги очколар фарқи у қадар катта эмас, кўп билан 3-4 очко фарқи бор. Шунинг учун кўплаб клублар бу ерда асосан Суперлигада жон сақлаб қолиш учун ҳам кураш олиб боришади.
- Собиқ клубингиз «Локомотив»ни кузатиб бораётгандирсиз. Самвел Бабаян келгач, нимадир ўзгаради деб ўйлайсизми? Умуман, имкониятларини қандай баҳолай оласиз?
- Албатта, собиқ жамоамни кузатиб бораман ва барча учрашувлари ва натижаларини кўриб тураман. Тўғри, биринчи даврадан кейин у ерда мураббий ўзгарди. Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша фалсафаси, режаси бор. Ниманидир ўзгартиради, ниманидир ўзгартирмайди. Ҳаммаси мураббийнинг ўзига боғлиқ. Қани кўрамиз, иккинчи даврада «Локомотив»да нималар ўзгариб, нималар ўзгармайди? Албатта, Самвел Бабаян ҳам «Локомотив»га яхши мақсадлар билан келган. Лекин ҳали «Локомотив» чемпионлик учун курашдан четга чиққани йўқ. Уларда ҳам имконият бор. «Пахтакор» билан у қадар катта фарқ ажратиб тураётгани йўқ. Айтмоқчиманки, «Локомотив»да ҳам чемпионлик учун курашда имконияти бор.
- Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2022 саралаш босқичидаги гуруҳи билан танишган бўлсангиз керак, бу борада нима дея оласиз?
- Ҳа, қуръани кўрдим. Ўзингиз ҳам биласиз, ҳозирда Осиёда осон жамоанинг ўзи йўқ. Ҳар бир учрашув қийин бўлади. Осиёда ҳам миллий терма жамоалар кучайиб боришяпти. Лекин терма жамоамизнинг кейинги босқичга йўл олишига ишонаман.
- Эктор Купер Малайзия чемпионатини кузатиб боради деб ўйлайсизми?
- Купер Малайзия чемпионати ва унинг футболини кузатади деб ўйлайман. Чунки охирги пайтларда Малайзия футболи анча ривожланган. Умуман олганда, охирги пайтларда барча мамлакатларда футбол ўсиб боряпти. Таиланд, Вьетнам, Қирғизистон каби термалар ҳам халқаро майдонларда ёмон натижалар кўрсатишмаяпти-ку. Буни Осиё Кубогида ҳам кўрдик.
Фикрлар