Санжар Шоаҳмедовга хорижий жамоалардан таклифлар келиб тушмоқда
Ads

Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубоги 2016 финал баҳсида Қаршининг “Насаф” жамоасига қарши майдонга тушди.

Учрашувнинг 2-дақиқасида киритилган ягона гол “Локомотив” жамоасига кубок чемпионлигини тақдим этди.

Учрашув давомида ёрқин ўйини билан ажралиб турган “Локомотив” ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедов SPORTS.uz интернет нашрига интервью берди.

- Бу ўйин жуда керакли ўйин эди. Чунки бўйнимизга Олий лига ҳамда Кубок чемпионлигини қўлга киритиш вазифаси юклатилган эди. Бу вазифаларни аъло даражада бажардик деб ўйлайман. Ўзига ҳос финал ўйинида керакли натижани қўлга киритдик. Бизни қўллаб-қувватлаб турган барча мухлисларга ташаккур билдираман. Биринчи бўлимни устунлик билан тугатгач, иккинчи бўлимда асосан ҳимояда ўйнаб, қарши ҳужумлардан унумли фойдаланиш режаси қўйилган эди ва буни етарли даражада уддаладик.

Интервью сўнггида Санжар Шоаҳмедов клубнинг ҳамда ўзининг яқин кунлардаги режалари ҳақида ўртоқлашди.

- Клуб билан кейинги мавсумга тайёргарликни 20 декабрдан сўнг бошласак керак. Бошқа жамоалардан тушаётган таклифлар борасида олдиндан бир нима дейишим қийин. Маҳаллий ва хорижий жамоалардан етарлича таклифлар бўлмоқда. Эртадан таътилга чиқамиз ва таклифлар борасида яхшилаб ўйлаб кўришга вақт топилади, деди – 26 ёшли ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедов.