Саудия Арабистони U-23 бош мураббийи 5:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг: "Бу ҳали бошланиши"
Саудия Арабистони U-23 ҳамда Тожикистон U-23 терма жамоалари ўртасидаги беллашувда саудияликлар йирик 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Саудия Арабистони олимпия терма жамоаси бош мураббийи Саад ал-Шаҳри беллашувдан кейин қисқача ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Мен жамоамни ғалаба билан табриклайман. Биринчи баҳсда кўп гол урганимиз қувонарли бўлди. Гол ўтказмаганимиз янада ажойиб.
Ўйиннинг асосий эътиборга молик томони турли вазиятларга мослаша олганимизда эди. Биз беллашувни жуда суст бошладик. Бироқ 10 дақиқадан кейин ўзимизга келдик ва биринчи голни урдик.
Иккинчи таймда рақибни "ёпиб қўйиш" мақсад қилинди. Бунинг учун йигитлар қаттиқ меҳнат қилди ва натижада, 5:0 ҳисобидаги ғалаба қўлга киритилди. Энди биз Японияга қарши учрашувга тайёргарлик кўришимиз лозим.
Тожикистон яхши ўйин кўрсатди. Уларнинг Эрон билан муносиб қаршилик кўрсатган баҳсини кўриб чиққандим.
Биз бу мусобақага тайёр эканимизни кўрсатиб қўйдик. Бу ҳали биз учун бошланиши ва биз исталган рақиб билан курашишга тайёрмиз", - деди мутахассис.
Фикрлар