Саудия клуби Лукакуга фантастик таклиф билан чиқди

Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби бельгиялик ҳужумчи Ромелу Лукакуни сотиб олишга умид қилмоқда.

Бельгиялик журналист Саша Тавольерининг хабар беришича, саудияликлар 30 ёшли ҳужумчига 3 йиллик шартнома таклиф қилган. Унга кўра, Лукаку биринчи йилда 35 миллион доллар (деярли 32 миллион евро) маош ишлаб олиши мумкин. Умуман олганда, уч йиллик шартнома давомида Ромелу 90 миллион доллар (тахминан 80 миллион евро) ишлаб олиш имкониятига эга.

Айни дамда фақат “Ал-Ҳилол” “Челси”га керакли 40 миллион еврони тўлашга тайёр. Бироқ Лукаку Европада қолишни истайди ва «Челси» «Интер» билан трансфер борасида келишувга эриша олишига умид қилмоқда.

Ўтган мавсумда "Интер"га ижарага берилган Лукаку барча мусобақаларда жами 37 та ўйинда майдонга тушди ва 14 та гол ҳамда 7 та голли узатмага муаллифлик қилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!