Секейранинг тепасида қора булутлар! 4-турдаги сюрпризларга тайёрмисиз?

Миллий терма жамоамизнинг ўртоқлик ўйинларидан кейин навбат яна Суперлига баҳсларига қаратилади. Олдинда бизни қизғин кечиши тахмин қилинаётган 4-тур учрашувлари кутяпти. 1 апрелдан 3 апрелгача 7 та беллашув ўтказилади. Андижонда бошланадиган тур Қаршида якунланади.

1 апрель (пайшанба)

“Андижон” -  “Машъал”

Яхши ўйин бўлиши кутиляпти. Иккала жамоада уч ўйиндан кейин учтадан очко бор. Бу учрашувнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, “Машъал”га бош мураббийлик қилаётган Александр Хомяков ўтган йили “Андижон”ни бошқарган. У собиқ клубига қарши қандай режалар тузиб қўйгани биз учун қизиқ. Лекин шуни ҳам унутмаслик лозимки, Александр Андреевичдан кейин “Андижон” таркиби деярли ўзгариб кетди. Балки янгиланган “Андижон” Хомяков учун жумбоқли бўлиб кўринаётгандир. Ишлаш услуби бўйича Ғуломхўжаев билан Хомяковнинг футболга қарашлари ўхшаш. Иккаласи ҳам кўпроқ ёшлар билан ишлашни хуш кўради. Хомяковдан анча ёш бўлган Ғуломхўжаевда босим кўпроқ. Чунки у илк бор Суперлигада бош мураббийлик қиляпти ва ҳар бир ўйин унинг учун финалга тенг. Қолаверса, Андижондаги учрашувда мухлисларнинг олқиши ҳам мезбонларга ижобий таъсир қилиши турган гап. Айни пайтда мезбонлар учун чиройли ўйиндан кўра, натижа асосий ўринда туради. Дарвоқе, ушбу учрашувда илк бор ВАР тизими ишлайди. Балки ўйин тақдирини ВАР белгилаб берар-а?

“Сўғдиёна” – “Сурхон”

Чемпионатнинг илк турида Наманган майдонидан уч очко билан қайтиб, Нўъмон Ҳасановнинг истеъфосига сабаб бўлган “Сўғдиёна” учун мавсум яхши бошланди. Жиззахликлар ҳисобида иккита ғалаба ва битта дуранг бор. Навбатдаги рақиб “Сурхон” ва кўпчилик “Сўғдиёна” учун қулай рақиб, деб ҳисоблаётгандир. Лекин термизликлар гарчи таркибни ёшартирган бўлса-да, анча шижоатли кўриняпти. Ҳарқалай ортда қолган уч турда “Сурхон” ёмон таассурот қолдирмади. Мураббийлар имкон қадар рақибнинг заиф нуқталаридан фойдаланиш пайида бўладилар. Бундай вазиятда мураббийларнинг топқирлиги ва қўллайдиган тактикалари муҳим саналади.

жиззах_2

2 апрель (жума)

“Қўқон-1912” - “Бунёдкор”

Турнинг марказий учрашувларидан бири Қўқонда бўлиб ўтади. Ҳозирча “Қўқон-1912” сафарда икки марта ғалаба қозонди, ўз майдонида дуранг қайд этди. Шу боис, Бахтиёр Ашурматов жамоаси жорий йилда Қўқондаги илк ғалабасини “Бунёдкор” устидан тантана қилмоқчи. Бунга “қалдирғочлар” жим қараб турмайди, албатта. Майдонда чинакам жанг кечиши ҳозирдан маълум. “Бунёдкор” устози Шуҳрат Мақсудов ҳам бу ўйинга жиддий қараяпти. Барибир ўйиннинг Қўқонда ўтиши мезбонларга қўл келиши мумкин. Фақат бундан уларнинг қанчалик фойдалана олишига кўп нарса боғлиқ. “Бунёдкор” эса ҳали ҳам хавфли рақиб.

“Пахтакор” – “Металлург”

Биргина “Пахтакор” ортда қолган учта ўйинда 100 фоизли натижа кўрсатиб якка пешқадам бўлиб турибди. “Металлург”да нималар бўлганидан хабардорсиз. Бош мураббий Андрей Шипилов дастлабки турдан кейин истеъфога чиқди. “Пахтакор”да бир неча йил ишлаган Жасур Абдураимов “Металлург” устозига айланди. Энди у собиқ жамоасига қарши. Албатта, “Пахтакор”га қарши беллашув унинг “Металлург”даги дебюти эмас. 3-турда “Машъал” майдонидаги ўйин Абдураимовнинг дебютига айланди ва жамоаси мағлубиятга учради. Олдинда “Пахтакор”га қарши ўйин кутиб турган экан, янги мураббийга қийин эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Албатта, Абдураимов “Пахтакор”ни яхши билади. Бироқ чемпион жамоага бас келиш осон эмас. Ижрочилар борасида ҳам “Пахтакор” кучли. Қизиқ, Жасур Абдураимов собиқ жамоасини тўхтатиш учун қандай чора кўрмоқчи?

АГМК – “Навбаҳор”

Турнинг марказий учрашуви! Иккала клуб 4 очкодан жамғариб турнир жадвалида 7 ва 8-ўринларни бўлишиб турибди. Иккала клубда ҳам вазифа жиддий. “Навбаҳор” бош мураббийлигига Виктор Жалилов қайтарилгач, биттадан ғалаба ва дуранг қайд этди. Хўш, наманганликларга Олмалиқ майдонидан ғалаба билан қайтиш насиб қиладими? АГМКни олдинда Осиё Чемпионлар лигаси саралаш босқичида “Ал-Гарафа”га қарши ўта жиддий ўйин кутмоқда. Миржалол Қосимов жамоаси бўлажак баҳс олдидан ғалаба қозонган ҳолда кайфиятни ва ишончни янада мустаҳкамламоқчи. АГМКдан “Навбаҳор”га ўтиб кетган Баҳром Абдураҳимов учун ҳам бу ўйин алоҳида аҳамиятга эга. У собиқ клубига қарши ўзини қанчалик кўрсата олади? Муҳими, бу ўйинни кўрган томошабин зерикиб қолмайди.

3 апрель (шанба)

“Локомотив” – “Қизилқум”

Мазкур жамоалар тўқнашуви олдидан қизиқ ҳолат. “Локомотив” учта ўйинда бир дуранг ва иккита мағлубиятга учраб, ҳали ғалаба нималигини билгани йўқ. “Қизилқум” бўлса, битта ғалаба ва иккита дурангдан сўнг, ҳали ютқазмаган. Тўғриси, “Локомотив” қийин вазиятга тушиб қолди. Бош мураббий португалиялик Секейра жамоани ушбу ҳолатдан қандай қутқара олади? Бизга маълум бўлишича, у иккита мағлубиятдан кейин клубдан кетиш ҳақида ўйлашга тушган. Лекин ўртада тузилган шартнома бор, раҳбарият эса унга ишоняпти. Аммо “Қизилқум” билан баҳсда ҳам “Локо” ғалабасиз сериясини яна давом эттирса нима бўлади? Аниқки, Секейранинг тепасида аста-секин қора булутлар тўпланяпти. Ҳозирча унинг тузган жамоаси ярқ этиб кўзга ташлангани йўқ. Ҳолбуки, португалиялик мутахассис бу ерга саёҳат учун келмаганини, соврин ютиш учун келгани ҳақида бир неча бор гапирди. Аммо бундай ўйин билан узоққа бормаса ҳам керак, яна ким билади, дейсиз? Ҳар ҳолда мураббий жамоасининг ўйинини кучайтирмаса бўлмайди. Тўғри, унга вақт керак. Аммо бундай ўйин билан маҳаллий мураббийлар ҳам ишласа бўлаверади. “Қизилқум” ҳам инжиқ рақиб. Ҳамиджон Актамов балки Секейрага сюрприз тайёрлаб қўйгандир?!

“Насаф” – “Турон”

“Насаф”дек жамоанинг ҳисобида учта турдан кейин ҳам ғалаба йўқлиги бироз ажабланарли. Лекин бу вақтинчалик эканини ҳамма билиб турибди. Гапнинг очиғи, “Турон” билан баҳсда “Насаф” чемпионатдаги илк ғалабасини қўлга киритишига кўпчилик шубҳа қилмаяпти. Бу тахмин ўзини оқлашини ўйин кўрсатади. Тўғри, “Турон”га ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Ахир дебютантнинг ҳисобида фақат бир очко бор холос. Таркиб жиҳатидан қарасак, “Турон”да тажрибали ўйинчилар йиғилган, ҳар ҳолда номлар жарангдор. Аммо ўйин сифати бўйича шубҳасиз “Насаф” устун. Фақат буни улар амалда исботлаши керак. “Турон” эса бунга осонликча рози бўлмаслиги аниқ. Бир сўз билан айтганда, қизиқарли учрашув бўлади. Бунинг устига бу тарихий ўйин ҳам ҳисобланади. Чунки клублар ҳали Суперлигада тўқнаш келишмаган.

Турон_1

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!