Сенсацион натижалар, голлар шоуси, фаворитлар кушандалари – УЕФА Чемпионлар Лигаси якунлари

Шундай мавсумни кутганмидингиз? Йил аввалида бундай кутилмаган натижалар билан мавсум якунланиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бўлса керак. “Лейпциг”, “Лион” ҳамда “Аталанта” каби жамоаларнинг ўз бўйидан баланд сакраши, фаворит сифатида кўрилаётган “Ливерпуль”, “Реал”, “Ювентус” сингари суперклубларнинг мағлубият аламини татиб кўриши, якунда Чемпионлар Лигаси чорак финалидан бошлаб, мураббийларнинг даражаси жуда юқори роль ўйнаши бу мавсумнинг бизга туҳфа этган ҳадялари сифатида ёдда қолди. Мусобақа УЕФА Чемпионлар Лигаси номини олганидан кейинги 28-чемпионат сифатида тарихга кирган ушбу турнир бизга ҳар қанақасига требл тортиқ қилар эди. Якунда...

Мавсумни сўнгги дақиқаларигача бехато ўтказган “Бавария” ҳақли равишда ғолибга айланди. Аслида, мюнхенликлар бу натижага эришиш учун жуда катта меҳнат қилди. Бир неча сенсацияларни амалга оширди. Ҳа, улар сенсация амалга оширди. Фақат бу натижада эмас, унга қандай эришганликда. “Бавария” 11 та ўйин ўтказди ва 43 та гол урди. Барча учрашувларни ютди. На мағлубият ва на дуранг. Бу мусобақа тарихидаги рекорд натижа ҳисобланади. Камига, жамоани мавсум ярмида қабул қилиб олган, аввал бирорта катта клубда бош мураббий бўлмаган инсон билан Европада требл қайд этган клуб барчасига лойиқ эди. Финалгача йўлидан ким чиқса, четга суриб, фақат ва фақат олдинга ҳаракат қилаверди, бу немислар. Рақиб кимлиги, таркиби, ўйин ўтказиладиган стадион, мухлислар фактори ҳеч қандай аҳамият касб этмади.

Bavariya-pic4_zoom-1500x1500-68927

Сенсацион натижалар

Аввало, бу мавсумда кутилмаган натижалар ҳар қадамда бизни қувонтирганлиги учун биз улардан кучли бешлик ташкил этдик. Демак, сенсациялар бешлиги:

  1. “Тоттенхэм” – “РБ Лейпциг” 0:4

Юлиан Нагельсманн сўзсиз мавсумнинг кашфиёт мураббийларидан бири. 33 ёшли немис мутахассиси жамоасини юқори даражага олиб чиқди. Ташкил топганина кўп бўлмаган “РБ Лейпциг” клубига келган илк мавсумидаёқ, у бир қанча катта мураббийларни тактик курашда енгди. “Special one” унинг биринчи қурбони эди. Ўшанда, Юлиан яна нималар кутиб турганини тасаввур қилиш мушкул эди. Аксарият мухлислар “буқалар”нинг ишонган тоғи Тимо Вернер эди, демоқда. Аммо Нагельсманн усиз ҳам кучли футбол кўрсата олишини исботлади. Унинг ўзи ҳар қандай тоғдан-да устун, наздимизда.

2075

  1. “РБ Лейпциг” – “Атлетико” 2:1

Нагельсманн аввал Моуриньони, кейинчалик Диего Симеонени мусобақадан чиқариб юборди. Яқин орада қайсидир мураббий ўртамиёна клуб бошқарувида бундай кучли тактикага эга мутахассисларни маҳф этганини эслай оласизми? У руҳлантирган йигитлар амалдаги чемпионни ютган “Атлетико” футболчиларининг руҳиятидан устун келди. Таркиб, юлдузлар, истеъдодлар жиҳатидан мадридликлар устун бўлса-да, бу мавсум немис жамоаларига аталганлиги ойдинлашди.

1266264249.jpg

  1. “Лион” – “Ювентус” 2:2 (меҳмонда урилган гол эвазига Лион ғалаба қозонган)

Роналдуси бор жамоани нимчоракда қолдириб кетган клуб бизнинг рўйхатимиз экваторида. Французлар биринчи ўйинда “Юве”га ҳеч қандай имконият қолдирмаган бўлса-да, жавоб баҳсида Роналду кўп нарсани ўзгартириб юбориши кутилаётган эди. Шундай бўлди ҳам. Аммо фақатгина 1 футболчи фактори камлик қилишини “Лион” аъзолари кўрсатиб беришди. Жамоавий ўйин орқали айни вақтида ўзларига керакли голни киритиб олган Руди Гарсия шогирдлари ўйин сўнгига қадар натижани ушлаб қолишни уддалади. Португалиялик суперюлдуз Лопеш дарвозасига йўл топа олган бўлишига қарамай, дубль унга ва жамоасига камлик қилди. “Ювентус”нинг бошқа ўйинчиларини Роналдудан ажратиб қўя олган “Лион”га тасанно. Тўғри-да, Роналдуни тўхтата олмагандан кейин, ҳеч бўлмаса, уни шерикларидан узиб қўйиш зўр тактика-ку, ахир.

f1df8610-d8f0-11ea-b19d-868d22bb31a6

  1. “Ливерпуль” – “Атлетико” 2:4

Ўз майдонида Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби, АПЛ пешқадамидан бирорта зарба қабул қилмай устун келган жамоани биласизми? Бу - “Атлетико”. Уни Диего Симеоне исмли мураббий бошқаради. Ва улар “Ливерпуль”дек клубни нимчорак финалда қолдириб кетишга қодир. Истаса, 4-дақиқада тўп киритиб, қолган вақтда рақибни ўйнашга қўймайди, хоҳласа, имкон бериб, қўшимча бўлимларда уни ўз мухлислари қаршисида ютади. “Энфилд”даги учрашувда мадридликлар кўзи қонга тўлган “қизиллар”ни тактик жиҳатдан мағлуб этди.

liverpool_fc_v_atletico_madrid_-_uefa_champions_league_round_of_16_second_leg

  1. “Манчестер Сити” – “Лион” 1:3

Ла Лига чемпионини ҳотиржам ютган, ўз миллий чемпионатида кумуш медаллар эгаси бўлган клуб кейинги босқичда кимга қарши ўйнашидан қатъий назар фаворит бўлади. “Сити” ҳам айнан шу фактор туфайли бироз ҳушёрликни йўқотди. Қўшимчасига, “Лион” ҳар томонлама супер ўйин намойиш этди. Мураббий Руди Гарсия бу учрашувда ҳам рақибига мастер-класс ўтаб берди. Фақат бу сафар ўйинчи алмаштириш борасида. У майдонга ташлаган Дембеле кўп ўтмай дубль қайд этди ва клубига ярим финал чипталарини тақдим қилди. Мана бу топқирлик. Аммо Муссанинг 2 голига қадар французлар кимсан Гвардиола жамоаси билан тенгма-тенг ўйин кўрсатганини ҳам эътироф этиш жоиз. Даҳшатли кўринган “шаҳарликлар”ни камтаргина “Лион” маҳф этди. Мана сенсация!

Desktop_1920_UK_UCL_Lyon_Manchester_City_Cornet_Caqueret_joie_etc

Голлар шоуси

Эътибор берган бўлсангиз, бу мавсум жуда голларга бой ўтди. Мусобақа УЕФА Чемпионлар Лигаси номини олганидан буён энг сермаҳсул ўтган мавсумда ҳар бир ўйинда ўртача 3,24 та гол киритилди. Бунга энг яқин натижа эса 2017-18 йилги мавсумда қайд этилган (3,21). Мана шундай голлар билан безалган учрашувларнинг энг сара еттилигини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

  1. “Тоттенхэм” – “Бавария” 2:7

Поччетино шогирдлари ҳаммасини яхши бошлаган эди. Сон 12-дақиқада ҳисобни очди. Лекин Киммихнинг ўта моҳирона зарбаси лондонликларни буткул синдирди. Ўйиннинг қолган вақти Серж Гнабрининг бенефисига айланиб кетди. Бу ўйинда супер ҳаракат қилган вингер покер нишонлашга муваффақ бўлди. Ўша куни уни тўхтатиш шунчаки имконсиз эди. Бундан ташқари, Левандовски ҳам дублни расмийлаштирганини эътироф этиш жоиз. Кейннинг ягона голи унинг ўзига ҳам таскин бера олмаган бўлса керак.

tottenham-bayern-munich-011019ze

  1. “Динамо” Загреб – “Шахтёр” 3:3

Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан ўрин олган энг драматик учрашувлардан бири. Загребликлар дахшатли камбэк қурбонига айланган ва 3-ўринни бой берган ўйин. Дастлаб, тезкор гол билан олдинга чиқиб олган донецкликлар 89-дақиқада 3:1 ҳисобида ортда бораётган эди. Аммо улар ирода намойиш этган ҳолда, қўшимча вақтларда 2-тўпни ҳам рақиб дарвозасига йўллай олишди. Бундан янада руҳланиб, 90+8-дақиқада пенальтидан мувозанатни тенглаштиришади. Бу аниқ зарба амалда “кончилар”га 3-ўринни тақдим этди ва улар Европа Лигасида иштирокларини давом эттирди.

EIuTtnhXUAodUgJ

  1. “Ливерпуль” - “Ред Булл” 4:3

2-турдан ўрин олган ўйин бир қарашда катта афишага эга эмасди. Фаворит номи ҳам яққол аниқ, амалдаги чемпион таркибидаги футболчилар тўпурарлар пойгасидаги имкониятларини яхшилаб олиши кутилганди. Бироқ австрияликлар бунга рози бўлишмади. Аслида, ўйин мерсисайдликлар кутган сценарийда бошланди. 1-бўлим тугаган бир вақтда таблода 3:1 ҳисобини кўриш мумкин эди. Иккинчи 45 дақиқалик эса “Ред Булл”нинг жуда фаол ҳужумлари билан бошланди ва улар ўйиннинг 1 соати ортда қолган пайтда ҳисобни тенглаштиришди. Камига, Минамино “қизиллар”нинг алдаб бўлмас ҳимоячиси Ван Дейкни ожиз қолдириб, жамоасига чиройли гол келтирди. Фақатгина, 69-дақиқада Салаҳ тарози паллаларини клуби тарафга буришга муваффақ бўлган эди. Бу Клопп учун мавсумнинг энг оғир ўйинларидан бири сифатида ёдда қолди.

383018-liverpool-survive-shock-salzburg-comeback-to-win-seven-goal-thriller-at-anfield

  1. “Валенсия” – “Аталанта” 3:4

Бу мавсум “Аталанта” гол урмаган рақиб қолдими? Бўлса бордир, аммо “Валенсия” эмас. Италияда шундоқ ҳам 3 та тўп фарқи билан ютқазган “кўршапалаклар” ўз уйларида нимадир қилишини барча кутган эди. Испанлар ҳужуми буни уддалади ҳам. Урилиши керак бўлган 3 та гол урилди. Аммо бергамоликларнинг Йосип Иличич исмли ярим ҳимоячиси бор ва у ўйини ўхшаса, покер қилишдан ҳам қайтмайди. Айнан словениялик футболчи бу ўйинда “Валенсия” ҳимоячиларию дарвозабонини 4 та тўп билан “сийлади”.

5e68cc8e3ed3c

  1. “Ливерпуль” – “Атлетико” 2:3

Тўғри, бу ўйинда камроқ гол урилди. Аммо қандай ўйинда ва қайси вақтларда урилганлиги шоу даражасини белгилайди. Меҳмондан 1:0 ҳисобидаги мағлубият билан қайтган “қизиллар” ҳужумига қарши “Атлетико”нинг метин ҳимояси. Драмага айланган ўйиннинг асосий вақти баҳс давомида фақат олдинга интилган мезбонларнинг 1 та тўп устунликдаги ғалабаси билан якунланди. Экстра таймда “матрасчилар” 3 та гол киритишига мураббий Симеоне ва баъзи футболчилардан бошқа бировнинг ишонгани даргумон. Аммо Альваро Мората ва Маркос Льорренте бунга 100 % ишонган эди ва уларнинг майдонга тушиши ўйин тизгинини мадридликлар томонга буриб юборди. Гарчи қўшимча бўлимларнинг 4-чиси ўтиб бораётганда Фирмино гол урган ва мерсисайдлик мухлислар ғалабани нишонлашни бошлаган бўлса-да, “Атлетико” 25 дақиқа ичида 3 гол билан ғалабани улардан тортиб олди.

ES2-5ceVAAAQVOm

  1. “Челси” – “Аякс” 4:4

Бир мавсум аввал Европани зир титратган амстердамликлардан бу сафар ҳам ёрқин футбол кутганлар мутлақо адашмади. “Аякс” ёшлари “аристократлар”га қарши ўйинда ҳам доимий гўзалликдан мухлисларни баҳраманд этишди. 4 дақиқа футбол томоша қилган мухлислар 2 та гол кўришга муваффақ бўлганида ҳали воқеалар ривожи қандай тус олишини тахмин қилмаган бўлсалар керак. Ўйин давомида амстердамликлар рақибларига 2 марта пенальти тепиш имкониятини бериб қўйишди. Камига, 2 та қизил карточка олиб, “кўклар”га қўлларидан келганича ёрдам бериб юборишди. Лондонликлар ҳам меҳмондўст эмасми, 2 та автогол билан баҳолиқудрат жавоб қайтаришди. Бундай қизиқарли кечган учрашувни мухлислар ҳали бери унутмасалар керак. Аммо бундан-да қизиқ бир ўйин ҳам мавжуд-ки, жамоалар даражаси ҳурмати “Челси” – “Аякс” учрашуви шоунинг иккинчи ўринида қолиб кетди...

2711115-56044330-2560-1440

  1. “Барселона” – “Бавария” 2:8

 УЕФА Чемпионлар Лигаси 2019/20 йилги мавсумида умумий 386 та ўйин ўтказилган бўлса, ушбу ўйин барча учрашувларнинг безаги ҳисобланади. Мавсумнинг энг ёрқин афишасига эга бўлган баҳс бизга нақ 10 та гол тақдим этди. Бу ўйин ҳақида гапирилмаган гап, билдирилмаган фикр, ёзилмаган таҳлил қолмади, гўё. Аммо ушбу учрашув “Бавария” чемпионликка ҳақиқатан ҳам лойиқ эканлигини ва “Барселона” тузатиши шарт бўлган муаммоларни кўрсатиб берди, наздимизда. Учрашув якунланганлиги ҳақидаги хуштак янграган вақтда барча шокда эди. Ҳатто, “кўк-анорранглилар”нинг ашаддий душманлари ҳам.

42402dedd11eab93e90327a4afe94

Фаворитлар кушандалари

Бу номга икки жамоа қолганларидан кўпроқ мос тушади: “РБ Лейпциг” ва “Лион”. Иккиси ҳам бир қатор кучли жамоаларни мусобақа билан ҳайрлашишга мажбур қилди ва якунда ярим финалгача етиб келишди.

“РБ Лейпциг”

Юқорида таъкидланганидек, Юлиан Нагельсманн ўз жамоасини қабул қилиб олган илк мавсумидаёқ катта натижаларни қўлга киритишни бошлади. Ўз гуруҳидан 1-ўрин билан кейинги босқичга чиққан “буқалар” 1/8 финалда амалдаги финалчи “Тоттенхэм”ни турнирдан чиқариб юборди. Икки ўйин натижасига кўра, “шпорлар”дан бирорта гол ўтказмаган жамоа кейинги босқичга ишонч билан йўл олди. Бу босқичда эса, уларга “Атлетико” рақиб бўлиши маълум бўлганида уларнинг ғалабасини ҳеч ким ишонч билан айта олмас эди. Аммо ҳужумга ўтишни ёқтирувчи жамоа якунда ўз мақсадига етди.

RB_LEIPZIG_VS._ZENIT_(7)

“Лион”

Энг қизиғи, “Лион” ҳам “РБ Лейпциг” билан бир гуруҳдан жой олган ва иккинчи ўрин билан плей-оффда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Бу босқичда Роналдуси бор “Ювентус” унга рақиблик қиларди. “Шерлар” бу жумбоқнинг жавобини топа олди ва турнир тарихидаги энг яхши тўпурарни мусобақа билан хайрлашишга мажбур қилди. Аслида, бунинг ўзи жуда катта нарса. Аммо Руди Гарсия яна бир гранд жамоага чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди. Гвардиола тактикасига бардош бера оладиган мураббийлар сони кўп эмас. Улар ноёб ҳисобланади. Чунки ўйин давомида рақибини тўпсиз қолдирадиган клублар рақибларининг асаб ва кучларини кетказишини пойлашади. Қўшимчасига, пандемия туфайли Франция чемпионати анча эрта тўхтатилган ва “Лион” ўйин амалиётисиз қолган эди. Бу факторлар Гарсия шогирдларига салбий таъсир қилмади. Негаки, улар барчасига олдиндан тайёр эди. Грандлар кушандалари ҳам айнан шундай йўл тутишади.

photo_331120

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!