Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Глазго илдизлари. 2-Боб

 

"Ҳаёт босиб ўтилган синовлар билан ширин"

Фергюсонлар сулоласининг шиори шундай: "Dulcius ex asperis", таржимаси - "Ҳаёт босиб ўтилган синовлар билан ширин". Бу ибора мени ўттиз тўққиз йиллик футбол менеджментидаги фаолиятим давомида илҳомлантириб келган. 1974 йил "Ист Стерлингшер"дан бошлаб, то 2013 йил "Манчестер Юнайтед"гача мен бахт йўлида кўп машаққатлар чекдим. Менинг қўл остимда йилдан йилга жамоанинг ҳар қандай рақибдан устунлик ҳисси ўсиб борди.

Кўп йиллар олдин мен бир газетада: "Алекс Фергюсон, Говандан бўлишига қарамасдан, ҳаётда улкан натижаларга эришди", деган мақолани ўқиб қолдим. Нафсониятга тегадиган ибора таъкидлаб ўтилган. Биласизми, мен барча ютуқларим учун ушбу туғилиб ўсган шаҳрим олдида қарздорман. Инсоннинг келиб чиқиши унинг муваффақиятларга эришиши учун тўсиқ  бўла олмайди. Агар сиз кишининг  қанчалик муваффақиятли эканига баҳо беришни истасангиз, унинг ота-онаси ҳақида кўпроқ маълумот олинг; унинг иштиёқи ва жасоратини тушуниш учун, илм даражасига ойдинлик киритинг. Мен шуғуллантирган ўйинчиларнинг ҳеч бирига "ишчи" илдизлар буюк бўлишга тўсқинлик қилмаган. Аксинча, бу фактор уларни васвасага солиб, катта ютуқларга эришишга туртки бўлган.

Карьерам давомида мен футболчилари ҳафтасига 6 фунт маош оладиган "Ист Стерлингшир"дан бошлаб, 80 миллионга "Реал"га сотилган Криштиану Роналдугача бўлган масофани босиб ўтдим. "Сент-Миррен"да мураббийлик қилган пайтларим, шогирдларимнинг ҳафталик маоши 15 фунтни ташкил қиларди, ёзда эса улар аранг тирикчилик ўтказар эди, чунки шартнома бўйича нотўла бандлик кўзланганди. Менинг "Абердин"даги саккиз йиллик фаолиятимда клубда максимал иш ҳаққи ҳафтасига 200 фунтни ташкил қилар эди. Демак, қарийб 40 йиллик мураббийлик амалиётимни олсак, менинг ўйинчиларимнинг маоши ҳафтасига 6 фунтдан бошлаб, йилига 6 миллионгача бўлган.

Ёшлигимда пивохоналар фаолиятимнинг асосий доирасига айланганди. Биринчи бизнес-ғоям камтаргина даромадимнинг савдо лицензияси сотиб олишга қаратилди. Биринчи паб (паб - алкогол ичимликлар сотиладиган ва ўтириб ичиладиган муассаса - Ж.О.) асосан докерлар истиқомат қиладиган  кўчада жойлашганди. Пиво барлари менга одамлар ҳақида, уларнинг орзулари ва омадсизликлари ҳақида кўп нарса айтиб берди. Бундай маълумотлар футболдаги савдо-сотиқларни анчагина тушунтириб берди, унгача мен бу мавзудан узоқ эдим.

Мисол учун, менинг пабларимнинг бирида "Уэмбли клуби" ташкил топди. Унга аъзо бўлганлар Англия ва Шотландия ўйинини томоша қилиш мақсадида "Уэмбли"га бориш учун икки йил давовида бадал тўлашди. Улар 4-5 кунга кетиши учун мен йиғилган маблағни икки баравар оширишим керак эди. Мен уларга ўйин куни қўшилдим.  Менинг энг яхши дўстим Билли матчга пайшанба куни кетиб, бир ҳафтадан сўнг қайтди. Бундай узоқ чўзилган саёҳатни унинг оиласи норозилик билан қабул қилди.

"Уэмбли"да шанба куни бўлиб ўтган ўйиндан кейин мен уйга қайтдим. Келаси пайшанба куни Биллининг рафиқаси Анна қўнғироқ қилди.

- Кэти, Алексдан сўраб кўр-чи, Билли қаерга йўқолиб қолдийкан, - деди у менинг хотинимга.

Мен, тўғрисини айтсам, ҳеч нарсадан хабарим йўқ эди. Менинг пабимнинг 40 та мижози ўйинга кетганди, лекин нима учун Билли ҳатто хайрлашмасдан жўнаб қолганига ҳайрон бўлдим. Лекин тўғри, ишчи классининг ҳар бир йигити учун муҳим футбол ўйинини кўришга бориш муқадддас вазифа ҳисобланарди.

Пабларда ишлаш анча қийин эди, шунинг учун мен ўз хавфсизлигимни ўйлаган ҳолда алкогол савдосидан кетишга қарор қилдим. Аммо ўша даврлар менинг хотирамда кўплаб қизиқ воқеаларни қолдирди. Шанба куни эрталаблари докерлар ўз аёллари билан бирга келиб, жума куни олинган ва менда сақлашга қолдирилган иш ҳақларини олиб кетишарди. Жума куни кечқурунлари мен ўзимни миллионерлардек ҳис қилардим. Баъзида биз кимнинг пули ётганини ҳатто билмасдик, лекин сейфнинг хавфсизлигини таъминлардик. Дастлаб Кэти купюраларни санаб чиқарди ва уларни гиламга териб қўярди. Шанба куни эрталаб эса мижозлар ўз пешана терисини олиб кетарди. Ушбу транзакциялар ҳисоботи ёзма тарзда олиб бориларди, бунинг учун биз махсус "галочкали китобча" тутгандик.

Нан деган бир аёл пул масаласида жуда эпчил эди. Унинг оғзидан лаънатлар, худди порт ишчиси каби, ёғиларди.

- Сен бизларни ахмоқ қилаяпсанми, нима? - деб сўради у бир куни.

- Нима? - мен ҳайрон бўлдим.

- Сен бизларни нодон деб ўйлайсанми? Мен сенинг мана бу китобчангни кўриб чиқмоқчиман!

- Эм, мумкин эмас, - импровизация қилмоқчи бўлдим мен. - У дахлсиз нарса. Суғурта хизмати ишчилари сизга унга боқишга йўл қўймайди, улар бу китобчани ҳар ҳафта текширади. Сиз уни кўришингиз мумкин эмас.

Нан бироз тинчланиб, эрига юзланди:

- Бу ростми?

- Аниқ бир нарса дея олмайман,- деди у.

Нима бўлганда ҳам, қутулиб қолдик.

- Агар мен бу китобда эримнинг фамилиясини топсам, мени бошқа кўрмайсизлар.

Бу ғаройиб ёшлик давримнинг энг охирги хотиралари. Бу давр ажойиб характерга ва ўзгача бардошликка эга бўлган инсонлар билан ўтди. Албатта, улар қўпол инсонлар эди. Ўша пайтлар мен уйга кўпинча бошим ёрилиб оғрийдиган ёки кўзларим гавҳарлари ҳаддан зиёд кенгайган ҳолларда келардим. Бу пиводан иборат ҳаёт эди. Қачонки муассаса ичида жанжал чиқса, тартиб тикламоқ зарур эди. Муштлашувчиларни ажратаман деб, ўзим ҳам жағимдан еган ҳоллар ҳам бўлган. Орқага назар ташлаб, қандай ажойиб даврлар бўлганлигини эслайман. Қандай персонажлар, қандай ҳаёт комедияси...

Джимми Уэстуотер исмли бир йигитни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман. У пабга ҳатто нафас ололмайдиган ҳолатда келди. Унинг териси оқариб кетган эди.

- Сенга нима бўлди? - қичқирдим мен.

Джимми портдан билдирмай чиқиб кетиш учун, ипакка ўралиб чиқмоқчи бўлган экан. Шу даражада ўраганки, нафаси зўрға чиқадиган бўлиб қолган эди.

Жума оқшомларининг бирида бар стойкасининг орқасида қушлар учун емаклик сотаётган бир кишини билиб қолдим. Глазгода деярли ҳар бир киши уйда кабутар сақларди.

- Нима бу? - қизиқдим мен.

- Қушлар учун овқат, - деди у, худди бу жуда оддий ҳодисадек.

Кунларнинг бирида бир йигит келиб, пергаментга ўралган чиройли бинокль тавсия қилди.

- Бинокль керак эмасми? Мен ҳозир пулга мухтожман. - у ёқимтой, озроқ дудуқланиб гапирадиган йигит эди. - Атиги 5 фунтга.

- Майли, фақат бир шартим бор. - дедим мен. - Мен сендан буни сотиб оламан, лекин сен шу ердан ичкилик харид қиласан, "Бакстерс"га бормайсан.

Мен ундан дурбинни сотиб олдим, у эса барнинг ўзидаёқ 3 фунт харажат қилди.

Кэти ғазабланарди, агар уйда бундай харидлар пайдо бўлса. Бир марта мен замшдан қилинган пиджак олиб келдим, у менга жуда ярашиб турарди.

- Қанча? - қизиқди Кэти.

- Етти фунт, - дедим мен, ўзимдан мамнун бўлган ҳолда.

Икки ҳафта ўтгач, биз Бриджетникига меҳмондорчиликка бордик. Мен ойна олдида пиджагимга қараб завқланардим. Текис туриши учун енгини қоқиб ташламоқчи эдим, енги йиртилиб тушди. Мен бу енгсиз пиджакда қотиб қолдим.

Кэти кўзидан ёш чиққанча куларди, мен эса: "Мен уни ўлдираман", дею бақириб юбордим. Бу пиджакнинг ҳатто астари ҳам ҳақиқий эмас экан.

Менинг бильярдхонамнинг деворида Биллнинг портрети илинган, у менинг энг яқин дўстим. У жуда қизиқ йигит эди. Билл ҳатто чой дамлашни билмасди. Бир куни биз унинг уйида тушлик қилаётгандик, мен ундан чой дамлаб келишини сўрадим. У чиқиб кетди ва қайтиши қийин бўлиб кетди. Чиқиб қарасам, у телефонда Аннадан чойни қандай дамлаш кераклигини сўраётган экан.

Анна бир марта духовкага гўштли пирог қўйиб, ўзи чиқиб кетган экан. Билли бу пайт телевизор кўраётган экан. Бир неча вақтдан сўнг қайтиб келса, ошхона тутундан тўлган экан.

- Нимага духовкани ўчирмадинг? Тутунни сезмадингми нима?

- Мен тутунни телевизордан чиқаябди деб ўйлабман, - деган экан у.

Биз ҳаммамиз Биллининг уйида йиғилишни хуш кўрардик. Лекин уни асосан Билли эмас, МакКечни деб кўплар чақиришарди. Унинг икки ўғли Стивен ва Даррен ҳозиргача менинг ўғилларим билан яқин. Билли эса орамизда энди йўқ, лекин мен иккаламизнинг шўхликларимизни ҳамон эслайман.

"Хармони Роу"дан кетиб, мен Гованлик дўстларимдан ажралиб қолдим. Улар мени "Драмчапел"га кетиб хато қилди деб ҳисобларди. "Хармони Роу" хўжайини Мик МакГован бу воқеадан сўнг менга гапирмай қўйди, мен у учун йўқ одамга айландим. Биркўзли МакГован бутун қалбини "Роу"га қўйган эди. Лекин Гованлик йигитлар билан биз йигирма ёшгача рақсга бирга қатнашганмиз.

Кейин эса бизнинг йўлларимиз тамомила ажралиб кетди. Мен Кэтига уйландим ва Симсхилга кўчиб ўтдим. Қолганлар ҳам оила қурди. Дўстлигимиз бузила бошлади, биз камдан-кам алоқа қила бошладик.

Джон ва Дункан 1958-1960 йилларда "Куинз Парк"да мен билан бирга  ўйнади. Мураббий бўлганимдан кейин, фаолиятимга алоқаси бўлмаган нарсаларга вақт ажратолмай қолдим. "Сент-Миррен"да мен ҳеч ким билан кўришмадим, лекин алоқалар бутунлай узулиб кетмаганди. 1986 йили, "Абердин"дан кетишимга 2 ой қолганида, менга  Дункан қўнғироқ қилди ва октябрда унинг никоҳ тўйининг беш йиллигини ўтказмоқчи эканлигини айтди. "Кэти билан бирга келинглар". Биз албатта боришимизни айтдим. Бу нарса ҳаётимнинг бурилиш нуқтасига айланди. Барча йигитлар базмга йиғилди, биз яна дийдорлашдик. Биз ҳаммамиз улғайган, бахтли ва оилали эдик. Бир ойдан сўнг мен "Юнайтед"га кетдим, лекин ўшандан буён компаниямизда дўстлик ришталарини йўқотмадик.

Агар сиз йигирма ёшда бўлсангиз, дўстлик алоқалари узилиши мумкин, аммо биз уларни сақлаб қолдик. Фақатгина мен ўзгача яшардим, лекин ҳеч қачон болалар билан муносабатимни бузмадим. Менинг ҳаётим шунақа эди: иккита пабда ишлардим ва "Сент-Миррен"га мураббийлик қилардим. 1978 йили мен "Абердин"га ўтдим, лекин дўстлигимиз "Манчестер"да пайтим ҳам сақланиб қолди. Ҳаммамиз бизнинг Чеширдаги уйимизда йиғилардик ва эски пластинкалардан концерт ташкил қилардик.

Мен ўзимни Фрэнк Синатра каби маҳоратли деб ҳисоблардим. "Ойдин дарё"ни қойилмақон тарзда ижро этиб, томошабинларни хурсанд этишимга заррача ҳам шубҳа қилмасдим.

Менинг барча дўстларим жуда яхши куйлашарди. Вино менда ҳам куйлаш қобилиятлари юқорилигига ишонч ўйғотарди. Мен ўзимни Фрэнк Синатра каби маҳоратли деб ҳисоблардим. "Ойдин дарё"ни қойилмақон тарзда ижро этиб, томошабинларни хурсанд этишимга заррача ҳам шубҳа қилмасдим. Озгина куйлаб, кўзимни очардим ва кўз ўнгимда бўш хона пайдо бўларди.

- Сиз менинг уйимда ўтириб, менинг тузимни еб, яна мен куйлаётган пайтим нариги хонага ўтиб олишга қандай ҳаддингиз сиғади? - ғазабланардим мен.

- Сен жуда ёмон куйлайсан, бизни буни эшитишга мажбурлама. - деган жавобни олардим.

Менинг дўстларим жуда ишончли ва марҳаматли инсонлар. Уларнинг деярли ҳаммасини никоҳ қурганига 40 йилдан ошди. Дўстларимнинг менга қилган ёрдамлари учун Тангрига шукрлар айтаман. Улар қанча қўпол ҳазил қилмасин, мен буни кўтараман. Бизнинг зуволамиз бир жойдан олинган, бирга ўсганмиз ва қийин вазиятларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Менинг жамоам ютқизган тақдирда ҳам, "ёмон иш бўлдида" эмас, балким "жуда яхши ўйин кўрсатдинглар" деган иборани эшитаман.

Абердинда ҳам мен кўплаб дўстлар орттирдим. Шотландияда мен бир нарсани англадимки - инсон қанча шимолда яшаса, у шунча камгап бўлади. Улар билан биродарлашиш учун кўп вақт керак бўлади, аммо уларнинг дўстлиги жуда кучли ва қалин бўлади.

"Манчестер"да ваколатим кучаяверган сари, одамлар билан алоқаларим камая бошлади. Шанба оқшомлари шаҳарга чиқмай қўйдим - футбол бор кучимни олиб қўярди. Агар матч соат учда бошланса, мен уйга тўққиздан аввал кела олмасдим. Муваффақиятнинг баҳоси шунақа - яна 76000 киши уйларига шу вақтда қайтарди. Бирор бир жойга бориш хоҳиши вақти билан сўнди, аммо мен баъзи инсонлар билан дўстлашиб олдим: Ахмет Курцер - "Олдери Эдж Хотел" бошлиғи, Сотириос, Миммо, Мариус, Тим, Рон Вуд, Питер Дан, Пэт Мерфи ва Пит Морган, Гед Мэйсон, ажойиб кимса Харольд Райли, ва, албатта,  мени доим қўллаб-қувватловчи ходимларим. Джеймс Мортимер ва Вилли Хои - менинг қадрдон шаҳримдан бўлган оғайниларим, Мартин Оконнор, Чарли Стиллитано ва Германиялик Экхард Крауцун - булар ҳаммаси яхши инсонлар. Биз бирга йиғилишиб, мароқли дам олардик.

Манчестердаги фаолиятимнинг биринчи йилларида мен "Сити" мураббийи Мэл Мачиномб билан дўстлашдим. Кўп ўтмай у биздан 1:5 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг клубдан четлатилди. Менимча унинг ҳайдалишининг асосий сабаби Мэлнинг етарлича жилмаймаслиги деб ўйлайман. Агар "Юнайтед"да мен худди шундай принципга таянганимда, мени ҳам қачонлари қувишган бўларди. "Вест Хэм" мураббийи Джон Лайалл ҳам менга кўп ёрдам берган. Мен Англиянинг барча ўйинчиларини билмасдим, селекция бўлимига ишонмасдим, шунинг учун кўпинча Джонга қўнғироқ қилардим. У эса менга жамоани кучайтириш учун ўйинчилар ҳақида сўзлаб берарди. Агар "Манчестер" ёмон ўйин намойиш этса, Джон айтарди:

- Мен бу жамоа ўйинида Алекс Фергюсонни кўрмаяпман.

"Рейнжерс"нинг собиқ устози, қизиққон йигит Джок Уоллес ҳам бир куни меҳмонхонада шу иборани ишлатди:

- Мен бу жамоада Фергюсонни сезмаяпман. Сен уни майдонга қайтар.

Бу инсонлар менга маслаҳатлари билан керакли пайтларда ёрдам берган. Бобби Робсон Англия терма жамоаси бош мураббийи эди, шунинг учун бизнинг муносабатларимиз унчалик эмасди. Лекин мен у билан ҳам яқинлашишга муяссар бўлдим. Робсон билан биз Эйсебонинг 50 ёшга тўлгани билан ташкил этилган ўртоқлик ўйинида учрашдик. Бобби ўша вақтлари "Порту" ва "Спортинг"га мураббийлик қилганди. Бу Эрик Кантонанинг дебют ўйини эди. Кечагидек эсимда, Бобби бизнинг отелимизга келди ва Стив Брюсни қидира бошлади. Робсон унга шундай деди:

- Стив, мен хатога йўл қўйдим. Мен сени терма жамоага олишим керак эди, сендан узр сўрайман.

Ҳамма ўйинчиларнинг кўз олдида!

Карьерамни охирига келиб билганларимни деярли ҳаммасини мураббийлик фаолиятимнинг биринчи йилларида ўрганганман

Карьерамни охирига келиб билганларимни ҳаммасини мураббийлик фаолиятимнинг биринчи йилларида ўрганганман. Балким менинг онгимда қандайдир билимлар тўпланаётганини баъзан ўзим ҳам тушунмагандирман. Инсон табиатини "Манчестер Юнайтед"га келишимдан анча олдин ўрганишга муваффақ бўлганман.

Ҳамманинг дунёқараши турлича, гоҳида улар билан ҳам ҳисоблашишга тўғри келади. "Сент-Миррен"да Дэви Кэмпбелл исмли ўйинчим бўлганди. У буғу каби тез югурарди, аммо қуённи ҳам тутиб ололмасди. Мен у билан танаффус пайтида гаплашаётган эдим, бир пайт эшикдан унинг отаси кириб келди.

- Дэви, сен жуда яхши уддалаяпсан, бўшаштирма! - деди у ва чиқиб кетди.

Бир куни "Ист Стирлингшир"нинг Коуденбит шаҳарчасида ўйинимиз бор эди. Биз об-ҳаво қандай бўлиши ҳақида ўйлаб кўрмабмиз. Майдон жуда қаттиқ эди, шунинг учун биз марказга бориб, ўн икки жуфт бейсбол бутсаси сотиб олишимизга тўғри келди. Танаффус пайти биз 0:3 ҳисобида ютқазаётган эдик. Иккинчи таймда собиқ жамоадошим Билли Рентон мени елкамни қоқиб, шундай деди:

- Алекс, мен сени ўғлим билан таништирмоқчиман.

- Қўйсангчи, Билли, биз ютқазаяпмиз ахир! - дедим мен.

Бир неча дақиқалардан сўнг ўйнайдиган мураббий Фрэнк Коннор унга қарши чиқарилган қарордан ғазабланиб, курсини майдонга улоқтирди.

- Нималар қилаяпсан, Фрэнк, ҳисоб 3:0 ахир! - дедим мен.

- Бу шармандалик! - қичқирди у жавобан.

Мен эҳтиросларга роса берилган эдим.

Шу боис менга Джок Стейннинг унинг ажойиб, лекин афсонавий қизиққон ўйинчиси бўлган Джимми Джонстоун билан бўлган доимий кураши ёдимга тушади. Бир куни Джок учрашув ўрталарида Джиммини алмаштирди. Джимми майдондан чиқиши билан "бироёқли пасткаш" деб сўкинди ва заҳира ўриндиғини тепди. Футболчи шу заҳотиёқ туннельга кириб кетди, Джок эса унинг орқасидан борди. Джимми қўрққанидан ечиниш хонасига қулфланиб олди.

- Эшикни оч!

- Йоқ, очсам урасан, - деди Джимми.

- Охирги марта айтаяпман, эшикни оч! - қайтарди Джок.

Джим эшикни очди ва иссиқ сув тўла бўлган ваннага кириб олди.

- Чиқ у ердан! - Джок қичқирарди.

- Йоқ, ҳечамда! - деб жавоб берарди Джимми.

Бу паллада ташқарида ўйин давом этарди.

Мураббийлик кўплаб синовларни енгиб ўтишни талаб қилади. Уларнинг кўплари инсон ҳаётининг фонийлигини исботлайди. Бир нечта шотланд футболчилари ичимликлардан иборат бўлган қувноқ оқшомдан сўнг эшкакли шлюпкаларда айланмоқчи бўлибди. Джимми Джонстоун қўшиқ айтиб ўтирганда, уни тўлқин қирғоқдан олиб кетган. Джиммини қирғоқ қўриқчилари қутқаришган. Бу хабар Джок Стейнга етиб келганда, у шундай деб ҳазил қилган:

- У чўкиб кетганда яхши бўларди. Биз унинг шарафига хайрлашув ўйини ташкил қилардик, унинг оиласига ғамхўрлик қилардик, балким, менинг бошимда соч толалари сақланиб қоларди.

Джок жуда адиб йигит эди.

Биз у билан Шотландия терма жамоасида бирга ишлаганимизда, 1965 йили Англияни 1:0 га ютгандик. Ундан кейин биз Исландия билан ўйинга Рейкьявикга учиб кетдик. Ҳамма ғалабадан хурсанд эди. Етиб келган кунимиз креветка, лосось ва икрадан банкет ташкил қилинди. Джок ҳеч қачон ичмасди, аммо мен уни ғалаба қозонганимиз муносабати билан оқ винодан бир бокал ичишга кўндирдим. Исландияга қарши ўйинда биз қийинчилик билан минимал ҳисобда ғалабага эришдик. Ўйинимиз умуман қовушмади. Джок менга қараб, шундай деди:

- Кўрдингми? Ҳаммасига сен ва сени оқ виноинг айбдор.

Анчагина тажрибага эга бўлганимга қарамасдан, бошида "Юнайтед"да эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилардим. Тан олиш керак, менга сержаҳиллигим ёрдам берган. Кичкина хатолик учун ҳам ўзимни тутолмай қолардим. Райан Гиггзда ҳам шундай характер бор. Менинг жиззакилигим жуда фойдали эди, унинг ёрдамида мен ўз авторитетимни тиклаб олдим, ўйинчиларга уларнинг кўнглига қараб иш қилмаслигимни кўрсатдим.

Лекин ҳар доим сенга бўйсунишни истамайдиганлар топилади. "Ист Стерлингшир"даги фаолиятимни бошлаган вақтларим жамоанинг марказий ҳужумчиси билан чиқишмай қолдим. Унинг исми Джим Микин.

Бир куни у дам олиш кунларида оиласи билан қаергадир кетаётганини айтди. Бу уларнинг анъанаси экан.

- Мендан нима истайсан? - дедим мен.

-  Мен шанба куни ўйнашни хоҳламайман, - деб жавоб берди у.

- Жуда яхши, ундай бўлса ўйнамаслигинг мумкин, лекин ортга қайтиб овора бўлма.

У ўйинда қатнашди, лекин учрашув тугагач, шу заҳотиёқ оиласи ёнига жўнаб кетди.

Душанба куни у менга қўнғироқ қилди:

- Босс, йўлда машинам бузилиб қолди, - деди у.

У мени нодонга чиқармоқчи бўлди.

- Яхши эшитилмаяпти, рақамингни бер, ўзим қайтиб чиқаман.

Жимлик.

- Қайтиб келмасанг ҳам бўлаверади.

Шоу мендан жуда норози эди. Бу норозилик ҳафталаб давом этарди, бошлиқ эса менга ялинарди:

- Алекс, Джимни ўйинга қўйсангчи. Унинг қайнотаси Боб орқамдан юравериб, жонга тегди.

- Йоқ, Уилли, у билан ора очиқ. Ўйлайсанки, мен хоҳлаган пайти дам олишга кетадиган ўйинчилар билан ишлай оламанми?

- Мен сени тушуниб турибман, лекин уч ҳафта ўтди ахир.

Кейинги ҳафта у орқамдан ҳожатхонагача борди ва зорланиб гапирди:

- Илтимос, Алекс, агар юрагингда заррача тушуниш бўлса...

-Майли, - дедим мен озгина паузадан сўнг.

У мени ўпиб олди.

- Нима, қариганингда ақлинг озиб қолдими? - аччиқландим мен.

1976 йилнинг октябрида ҳаётимнинг янги стадияси бошланди - мен "Сент-Миррен"га ўтдим. Биринчи кундаёқ бизни "Пэйсли экспресс" учун съёмка қилишди. Суръатларда жамоа сардори менинг орқамда туриб имо-ишоралар қилгани тасвирга тушганди. Келаси кун мен уни ёнимга чақирдим:

- Агар сен кетмоқчи бўлсанг, сенинг трансферинг эркин. Бизнинг жамоада сенга жой йўқ. Сен бошқа ўйнамайсан.

- Нега? - сўради у.

- Сен ўз мураббийинга ҳар хил қилиқлар қилаяпсан, демак сен тажрибали ва улғайган ўйинчи эмассан. Сардор етук бўлиши керак, сени қилиқларинг эса мактаб болани ҳаракатларини эслатади. Шунинг учун сен кетишинг керак.

Ҳеч қачон ўйинчиларинга меҳр қўйма, барибир улар сенга панд беради.

Девқомат Джок менга айтарди:

-Ҳеч қачон ўйинчиларинга меҳр қўйма, барибир улар сенга панд беради.

"Абердин"да мен ҳар қандай ножўя ишларга ҳам кўз юмардим. Кўпинча тартибни бузган ўйинчиларни чақирардим, ва уларнинг реакциясига қараб, ҳолдан тойгунча кулардим.

- Мен-ми? - ажабланган чеҳра ясаб, сўрашарди улар.

- Ҳа, сен.

- Мен ўртоғимни кўриб келишга кетгандим.

- Йўғ-э? Нақд уч соатга-я? Ўладиган бўлиб ичиб келдингми?

"Сент-Миррен"да Фрэнк МакГарви деган ўйинчим бўларди. Кунларнинг бирида биз "Мотеруэлл" билан ўйинга йўл олдик ва ўзимиз билан бирга 15 минг мухлисни ҳам олиб кетдик. Биз 2:1 ҳисобида мағлуб бўлдик, ҳакамни ношуд деб атаганим учун ШФАда мен ҳақимда ёзишди.

Ўша куни тунда менга ўртоғим Джон Донаши қўнғироқ қилди:

- Мен сени асабийлашмаслигинг учун бу нарсани ўйиндан олдим айтмагандим. Жума куни мен МакГарвини барда кўрдим.

Мен шу заҳотиёқ унинг уйига қўнғироқ қилдим. Унинг онаси жавоб берди.

- Фрэнк уйдами?

- Йоқ, у шаҳарда. Нимадир деб қўяйми?

- Айтинг унга, уйга қайтгач, менга телефон қилсин. У қўнғироқ қилмагунча, мен ухламайман

Ярим тунга яқин телефон жиринглади. Гўшакни кўтарганимда, гудок овози келди, худди пуллик телефонлардаги каби.

- Мен уйдаман, - деди у.

- Мен гудок овозини эшитдим.

- Ҳа, уйимиздаги телефон пуллик, - жавоб берди у. Бу гап рост бўлса ҳам, у уйида гаплашаётганига ишонмадим.

- Жума куни кечқурун қаерда эдинг?

- Эсимда йўқ.

- Мен сенга эслатиб қўяман, сен Ватерлоо барида эдинг. Сен бир умрга дисквалификация қилиндинг. Машғулотларга бошқа келмаслигинг мумкин. U-21 термасидан ҳам озодсан. Мана шу кундан бошлаб сен бошқа ҳеч қачон тўп тепмайсан, - мен гўшакни қўйиб қўйдим.

Эртасига менга Фрэнкни онаси қўнғироқ қилди:

- Мени ўғлим ичмайди. Сиз уни бошқа биров билан адаштиргансиз!

- Ундай эмас. Ҳар бир она ўғлини тарафини олади,лекин сиз ундан яна бир бор яхшилаб сўраб кўринг.

Мен уни уч ҳафталик жазога тортдим. Ҳамма ўйинчилар бу ҳақда пичир-шивир қилишарди.

Олдимизда "Клайдбанк"га қарши ҳал қилувчи ўйин кутиб турарди. Мен ёрдамчимга бу учрашувда менга Фрэнк кераклигини айтдим. Ўйин олдидан клуб Пейслидаги мэрияда жойлашди. Мен у ерда Кэти билан айланиб юргандим, бирданига олдимиздан Фрэнк чиқиб қолди.

- Менга яна бир имконият беринг, - илтимос қила бошлади у.

Бу самодан ҳақиқий совға бўлди. Мен уни қандай йўл билан клубга қайтаришни, шу билан бирга обрўйимни йўқотмаслигим ҳақида кўп ҳаёл сургандим. Мана, унинг ўзи ёнимга келди. Мен Кэтига секин кетаверишини айтдим ва Фрэнкга жиддий оҳангда дедим:

- Мен сенга айтмаганмидим, сен бошқа ўйнамайсан деб?

Четда кузатиб турган Тони Фитцпатрик аралашди:

- Босс, унга яна бир имконият беринг, мен унинг хулқини ўзим кузатиб тураман.

Менинг яна бир қимматли сиҳатим - бу қарор чиқариш қобилиятим эди. Мен бундан ҳеч қачон қўрқмасдим, ҳатто болалигимда ҳам. Биринчи мураббийларимдан бири бўлган Уилли Каннингэм менга айтарди:

- Биласанми, сен одамни зардасини қайнатасан.

- Ишончингиз комилми? - деб сўрардим мен, тактиткани муҳокамаси кетаётган бир паллада.

- Жонга тегдинг, - дер эди у.

Қолган ўйинчилар атрофда ўтириб, менинг мураббий билан тортишишимни кузатарди, ва қачон у мени бўйсунмаслигим учун ўлдираркан, деб ўйларди. Буларнинг ҳаммаси мени қарор қабул қилиш қобилиятимга боғлиқ. Болалигимдан мен асосий ташкилотчи, инструктор эдим, ва шунинг учун ўйинчиларни жамоаларга бўлардим. Менинг отам оддий ишчи эди, жуда ақлли, лекин етакчи эмасди. Демак, бу нарса ота-онамдан эмас.

Бошқа томондан, менинг ўзга хислатларим ҳам бор, масалан, ёлғизликка интилиш. 15 ёшимда мен Глазгода мактаб жамоасида ўйнардим. Бир куни - ҳаётимдаги энг яхши кун - Эдинбург жамоаси устидан ғалаба қозониб, уйга қайтдим. Отам катта клуб менга қизиқиш билдираётганини айтди. Менинг жавобим иккимизни ҳам лол қолдирди:

- Мен айланиб келмоқчиман. Кинога тушмоқчиман.

- Сенга нима бўлди? - сўради отам.

Ҳозиргача тушунолмайман, нима учун ундай деганимни. Мен ёлғиз қолишни хоҳлагандим. Менинг отам жуда фахрланган эди, онам эса рақсга туша кетди: "Бу қандай ажойиб,ўғлим!". Бувим хурсанд бўлганидан ақлдан озиб қолай деди. Эдинбургсклик болаларга гол уриш катта ютуқ эди, лекин мен ички дунёимда бекилиб олишим керак эди.

"Ўша пайт" ва "бугун"нинг орасидан анча вақт ўтди. Мен 1986 йили "Юнайтед"да иш бошлаганимда, Уилли Макфол "Ньюкасл"да мураббийлик қиларди. "Сити"да Джимми Фриззел бор эди, "Арсенал"ни Джордж Грэм бошқарарди. Менга Джордж ёқади - яхши инсон ва ажойиб дўст. Мартин Эдвардснинг шартномаси бўйича муаммолар чиққанда, раҳбарият кенгаши раиси сэр Роланд Смит эди. Акционерлар жамияти баъзида қийинчиликлар яратиши мумкин, ишни кўриб чиқиши учун кўп кутишга тўғри келарди. Сэр Роланд Мартин, клуб юристи Морис Уоткинс ва мен Мэн оролига бориб, янги шартнома тўғрисида масалани очиқ қилишни таклиф қилди.

Джорджнинг "Арсенал"даги маоши меникидан икки баравар кўп эди.

- Агар хоҳласанг, сенга ўзимни шартномамни бераман, - деди у менга.

- Ҳазиллашмаяпсанми?

Мэн оролига мен Джорджнинг шартномаси билан кетдик. Мартин яхши , кучли раис эди. Мен унга Джорджнинг шартномасини кўрсатганимда, у ишонмади.

- Дэвид Дейнга қўнғироқ қил, - дедим мен.

У шундай ҳам қилди, ва Дэвид Дейн, "Арсенал" бошлиғи, Джордж шартномада кўрсатилган суммани олишини инкор қилди. Бу қандайдир масхарабозлик эди, ахир Джорджнинг ҳужжатларида Дэвиднинг имзоси турган эди. Агар Морис ва Роланд Смит бўлмаганида, мен ўша куниёқ истеъфога чиқардим. Лекин мен барибир кетишга яқинман.

Бу ерда, олдинда ўтказилган ўттиз тўққиз йил каби, маъно бор. Сен ўзингни ҳимоя қила билишинг керак. Аксинча қийин бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!