Сербияда ўйнаган ҳамюртимиз “Навбаҳор”да кўрикдан ўтади


Бугун бошланадиган "Навбаҳор" машғулотида бир қатор янги футболчилар ҳам иштирок этишади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Манбанинг маълум қилишича, бир неча кун олдин иккинчи даврани “Навбаҳор”да ўтказишга розилик билдирган Аббос Махсталиев ва Дониёр Усмоновдан ташқари яна икки нафар футболчи ҳам "лочинлар" сафида шуғулланишади. Жорий йилги мавсум биринчи даврасини “Олмалиқ” жамоасида ўтказган Мурод Ражабов (07.07.1995) ва биринчи лига жамоаси “Локомотив БФК” аъзоси Сардор Расулов (05.09.89) шулар жумласидандир.

Ражабов биринчи давра давомида асосий таркибда майдонга тушмаган. Мурод ўтган мавсумда бир муддат Сербияда ҳам фаолият олиб борганлигини қўшимча қилиш жоиз. Футболчи Дарко Станоевич тўп тепган “Нови Пазар” клуби шарафини ҳимоя қилганди. Расулов 2016 йилги мавсум биринчи ярмини “Шўртан”да ўтказгач Бекободнинг “Металлург” клубига кўчиб ўтганди. Умумий ҳисобда Сардор 2016 йили олий лигада 10 та учрашувда иштирок этган. Жорий йилги мавсум бошида эса биринчи лига вакили Тошкентнинг “Локомотив БФК” жамоаси сафида рўйхатдан ўтганди. Ҳар икки футболчи "Навбаҳор"да кўрикдан ўтади. Агарда машғулотлар давомида улар ўзларини кўрсата олишса “Навбаҳор” аъзосига айланишлари мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!