Сербиялик мутахассис терма жамоага мураббийлик қилади

TIGGO 2 PRO

Сербиялик тажрибали волейбол мутахассиси Ўзбекистон U19 терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Спорт Вазирлиги маълум қилди.

Мамлакатимизда ўз фаолиятини бошлаган Халқаро волейбол федерацияси (ФИВБ) инструктори Моро Бранислав Ўзбекистон волейбол федерацияси раҳбариятининг қарори билан Ўзбекистон U19 терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. 

Маълумки, 2025 йил 24 июлдан 3 август санасига қадар пойтахтимиз Тошкентда волейбол бўйича эркаклар терма жамоалари иштирокида жаҳон чемпионати мусобақалари ўтказилади. Дунёнинг энг кучли 24 та миллий терма жамоалари иштирокида ўтадиган мазкур дунё биринчилиги олдидан тажрибали мураббийга Ўзбекистон U19 терма жамоасини муносиб тайёрлаш вазифаси юклатилди. 

Айтиш жоизки, мезбон мамлакат сифатида жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш асосий вазифамиз. Шу жиҳатларни инобатга олиб, Халқаро волейбол федерацияси раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида ФИВБ инструктори, Беларус, Греция, Қувайт, Ливия, Жанубий Корея, Филиппин, Руминия, Саудия Арабистони ва Тунис давлатларидаги етакчи волейбол клубларида ва миллий жамоаларда бош мураббий сифатида ишлаган Моро Бранислав юртимизга таклиф этилди. 

"Халқаро майдонда катта тажрибага эга бўлган ушбу мутахассиснинг терма жамоамизда иш бошлаши спортчиларимиз қатори, мураббийларимизнинг ҳам иш самарадорлиги ошишига ёрдам беришиши лозим", - дейди мамлакат волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев. 

Шу кунларда Моро Бранислав Тошкентда Ўзбекистон U19 терма жамоасида ўтказилаётган ўқув-машғулотларида қатнашмоқда. Хусусан, сербиялик мутахассис машғулотлар жараёнида спортчи ва мураббийларга чигалёзди машқларини қай тартибда олиб бориш, шунингдек, ҳужум ва ҳимоя зоналарида ҳаракатланиш тамойиллари каби қатор масалаларда зарур кўрсатмаларни бериб бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!