"Шаҳбоз Умаров адашди!"
Беларусь чемпионлиги учун асосий даъвогарлардан бўлган БАТЭ клуби кутилмаганда иккинчи турдаёқ очко йўқотди.
Борисовликлар дастлабки турда ўз майдонида “Слуцк” жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этганди ва биринчи голни жамоанинг янги ўйинчиси ҳисобланган Шаҳбоз Умаров киритган эди. БАТЭ футболчилари иккинчи турнинг марказий учрашувида чемпионлик йўлидаги рақобатчиларидан бири “Динамо-Брест” жамоаси меҳмони бўлди ва бу беллашувда ҳисоб очилмади.
Учрашувдан сўнг, журналистларга интервью берган БАТЭнинг яна бир легионери – хорватиялик ҳимоячи Яков Филипович агар Шаҳбоз Умаров яна гол урганида жамоа бу беллашувда ғалаба қозонган бўлишини алоҳида таъкидлади.
- Йигитларнинг ҳар бири ғалаба учун борини бериб ўйнади. Биз яхши имкониятларга эга бўлгандик ва ғолиб чиқишимиз керак эди. Биринчи бўлимда уч-тўртта қулай вазият бўлганди, ўйин охирида ҳам яхши имкониятни қўлдан бой бердик, - деди Яков Филипович.
- Иккинчи бўлим бошида сен яхши ҳужум бошлаган эдинг ва Умаров ҳисобни очишга яқин эди...
- Ҳа, шундай бўлди. Неманья Миличга узун пас бердим, у тўпни Умаровга ташлади. Шаҳбоз дарвозани нишонга олишда адашди. Афсус, шу гол бўлганида ютишимиз керак эди. Биз икки очко йўқотдик.
- Муҳит қандай таъсир қилди?
- Менга ёқди. Стадион ҳам, мухлислар ҳам. Муҳит зўр бўлди.
- Ўйининг ўтган йилгидан анча яхши. Сабаби нимада?
- Ўтган йили БАТЭга март ойи охирида келганман. Мавсумолди йиғинида қатнашмадим. Бу гал йигитларнинг ҳаммаси билан машғулотларда бирга бўлдим ва тўлиқ иштирок этдим. Туркиядаги машғулотларда ҳам жамоа билан бирга эдим. Бу жуда муҳим омил. Биз кейинги баҳсларда янада яхшироқ ўйнаймиз ва уч очко олишга ҳаракат қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳбоз Умаровнинг “Слуцк” дарвозасига киритган тўпи Беларусь футбол федерацияси расмий ютуб-каналидаги танловда биринчи турнинг энг чиройли гол сифатида биринчи ўринга лойиқ топилган эди.
Шаҳбоз Умаров ҳам кўплаб истеъдодли футболчилар каби “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ, катта футболдаги фаолиятини АГМК клубида бошлаган. Олмалиқликлар таркибида аввалига ёшлар, кейин катталар ўртасидаги учрашувларда бир неча бор майдонга тушган ҳужумкор футболчи 2020 йилнинг февралида “Энергетик-БГУ”га ўтган эди.
Бу жамоадаги ишончли ўйинлари ва айниқса, узоқ масофадан БАТЭ дарвозасига гол урганидан кейин борисовликлар Шаҳбоз Умаров билан ёзги трансферлар вақтида шартнома имзолади. Келишувга кўра, истеъдодли ярим ҳимоячимиз ўтган мавсумни “Энергетик-БГУ”да якунлаб қўйди. Минсклик “талабалар” сафида олий лиганинг барча учрашувларида майдонга тушган ягона футболчи бўлди. Шаҳбоз 30 та учрашувда тўртта гол уриб, учта голли пас оширди.
Янги мавсумни БАТЭда бошлаган ҳамюртимиз борисовликларнинг жорий мавсум олий лигадаги биринчи голига муаллифлик қилди. Шаҳбоз Умаров бу жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири ҳисобланади.
Фикрлар