“Ўзбек легионери билан рақобатлашишдан қўрқмайман!”

2021 йилги футбол мавсумида ўзбекистонлик мухлислар УЕФА таркибига кирувчи Италия, Россия, Польша, Қозоғистон, Беларусь чемпионатларини ҳам диққат билан кузатиб боради. Чунки бу мамлакатларда ўзбек футболи тарбияланувчилари тўп тепмоқда. Қувонарли томони, Европа футболига дахлдор бу чемпионатлар аъзосига айланган футболчиларимизнинг аксарияти ўз жамоасида етакчи ҳисобланади.  

Хусусан, Беларуснинг энг қудратли жамоасини танлаган Шаҳбоз Умаровдан кўпчилик БАТЭни тарк этиб, асосий рақиб – Солигорскнинг “Шахтёр”ига ўтиб кетган етакчи футболчи Игорь Стасевич ўрнини эгаллашини кутмоқда. Ўтган йили “Энергетик-БГУ” жамоасида ўйнаган Умаров бир йил давомида Беларусь футболига кўникиб бўлди. У жамоасининг олий лигадаги барча учрашувларида иштирок этган ягона футболчисидир. 30 та учрашувда тўртта гол уриб, уч марта жамоадошларига голли пас узатди.

photo_2021-01-24_20-34-00

Шаҳбоз Умаров ўтган йилги чемпионатда БАТЭ дарвозасига узоқ масофадан супергол уриб, кўплаб мухлису мутахассислар эътиборини қозонганди. Борисовликлар ҳам айнан мана шу голдан кейин ўзбек футболчисини олишга қарор қилди.

Умуман олганда, БАТЭда янги мавсум олдидан жиддий ўзгаришлар бўлди. Бош мураббий Александр Лисовский бошқа ишга ўтди, бир гуруҳ футболчилар жамоадан кетди. Табиийки, клуб раҳбарияти ўзи ишонч билдирган бир неча янги футболчилар билан шартнома имзолади. Шаҳбоз Умаров ҳам шулардан бири.

Ўтган мавсумда рақиблар дарвозасига 12 та гол урган БАТЭ етакчиларидан Павел Нихайчикдан журналистлар жамоа келган Шаҳбоз Умаров билан ички рақобат ва ўзбек футболчисининг жарима зарбаларини зўр ижро этиши ҳақида сўрашди.

niakhaichyk

- Аввалги етакчи Стасевич кетди, ўрнига Умаров келди. У жарима зарбаларидан гол урмоқда. Бу борада яна рақобатга қилишингизга тўғри келадими?

- Рақобатнинг борлиги ҳар доим яхши.  Ҳеч қачон рақобатдан қочмаганман ва қўрқмайман. Энг муҳими, Шаҳбоз Умаровнинг  жамоага фойда келтиришидир. Агар шундай бўлиб чиқса, бундан жуда хурсанд бўламан ва жарима зарбаларини ижро этишни унга қолдиришга тайёрман, - деди Павел Нихайчик.

Таъкидлаш жоизки, Шаҳбоз Умаров мавсум олди ўқув-машғулот йиғинлари доирасида ўтказилган учрашувларда фаол қатнашди. Легионеримиз ўртоқлик ўйинларида “Ислочь” ва “Динамо Киев” дарвозасини жарима зарбасидан ишғол қилди. Шунингдек, жамоадошига голли пас ҳам узатди.

Жорий мавсумда БАТЭ Беларусь чемпионати тарихидаги олтин медаллари сонини 16 тага етказиб, қўйишга ҳаракат қилади. Ўтган мавсумда борисовликлар чемпионликни охирги турнинг сўнгги дақиқаларида Жасур Яхшибоев ўйнаган “Шахтёр”га бой берганини яхши биласиз.

mainumarov

Янги мавсумда эса, ўзбекистонлик мухлислар БАТЭ ва “Шахтёр”га ишқибозлик қилади. Чунки, борисовликлар таркибида Шаҳбоз Умаров, Солигорск жамоасида Шаҳзод Убайдуллаев маҳоратини намойиш этади.  

“Шахтёр” олий лиганинг биринчи тур учрашувини 13 март куни ўз майдонида “Минск” жамоасига қарши ўтказади. Бир кундан кейин БАТЭ ўз уйида "Слуцк" клубини қабул қилади.

Бугун легионерларимиз Суперкубок учун ўйнайди!

Икки легионеримиздан бири Европада илк совринга эга бўлади!

Беларусь футболи: Шаҳзод зўрми ёки Шаҳбоз?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Der Co
02/03/2021 19:03
Barcha uchrashuvlarida qatnashmagandi. Jasurbek Yaxshiboyev Batega dubl qigan o'yindan keyin Energetik murabbiyi "Bizda yana bir o'zbek futbolchisi bor, ammo hozir betob. Biroz shamollagan " deb intervyu bergandi. Demak mavsum startida bir nechta o'yinda qatnashmagan.