Легионеримизнинг супер голи энг зўр, деб топилди!
Беларусь чемпионатининг олий лигаси биринчи турида БАТЭ шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳбоз Умаров “Слуцк” дарвозасини ишғол қилиб, ўйинда ҳисобни очган эди.
Беларусь футбол федерацияси ўзининг ютуб-канали орқали чемпионатнинг биринчи турида киритилган голлар орасидан энг яхшисини танлаш бўйича сўров ўтказди. Унга кўра, Шаҳбознинг аниқ зарбаси биринчи турнинг энг зўр голи бўлди.
Олтин медаль учун курашда Солигорскнинг “Шахтёр” жамоаси билан рақобатлашаётган БАТЭ илк учрашувда “Слуцк” устидан 3:0 ҳисобида зафар қучганди. Борисовликлар таркибига “Энергетик-БГУ”дан ўтган Шаҳбоз Умаров бешинчи дақиқада рақиб жарима майдончасига ёриб кириб, аниқ зарба билан ҳисобни очди ва голлар шоусини бошлаб берди. Кейинроқ, Шаҳбоз иккинчи голни ура олмаганидан афсусдалигини ҳам билдирди.
Шаҳбоз Умаров Беларусь чемпионатидаги фаолиятини ўтган йили “Энергетик-БГУ”да бошлаган ва бу жамоа сафида чемпионатнинг барча – 30 та баҳсида қатнашган ягона футболчи бўлганди. Ҳамюртимиз бу учрашувларда тўртта гол уриб, учта голли пас оширган. Айниқса, унинг узоқ масофадан жарима зарбасини аниқ йўллаб, БАТЭ дарвозасига урган голи Европа каналларида анча айланди. Шу голдан сўнг борисовликлар ўзбек футболчисини ўз сафига қўшиб олганди. Бироқ, келишувга кўра, Шаҳбоз мавсумни “Энергетик-БГУ” таркибида якунлаб, янги мавсум олдидан БАТЭга қўшилди.
Беларусь чемпионати олий лигасининг иккинчи тур учрашувилари 19-20 март кунлари ўтказилади. 20 март куни “Шахтёр” сафар учрашувида “Энергетик-БГУ” меҳмони бўлади. Шу куни турнинг марказий учрашувида БАТЭ футболчилари “Динамо-Брест” майдонида ўйин ўтказади. Учрашув Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.
Беларусь чемпионатида яна бир ўзбек футболчиси тўп сураётганидан хабарингиз бор. Бекободнинг “Металлург” жамоаси ҳужумчиси Шаҳзод Убайдуллаев бу йилдан эътиборан Беларусь чемпиони – “Шахтёр” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Бу жамоа янги мавсумда Европа Чемпионлар лигасида қатнашади.
Чемпионлик унвонини ҳимоя қилаётган Солигорскнинг “Шахтёр” жамоаси биринчи турда “Минск” билан куч синашганди. Ўз майдонидаги қийин ўйинда “кончилар” кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Шаҳзод Убайдуллаев “Минск” жамоасига қарши ўтказилган баҳснинг 80-дақиқасида майдонга тушиб, дебютини нишонлади.
“Шахтёр” футболчилари иккинчи тур учрашувини Шаҳбоз Умаров, Жасур Яхшибоевни европаликларга кашф қилиб берган “Энергетик-БГУ” жамоаси майдонида ўтказади. Ўйин 20 март куни Тошкент вақти билан 16:00 да бошланади.
Биз янги мавсумда икки футболчимиз жамоалари ўртасидаги рақобатни кузатиб борамиз. Шаҳзод Убайдуллаев ҳам, Шаҳбоз Умаров ҳам Беларусь чемпионати орқали Европанинг кучли лигаларига ўтиш мақсадида тўп сурмоқда. Уларнинг ишларига омад тилаб қоламиз.
Фикрлар