Шакер Зуаги Элдор Шомуродов ҳақида: Ўзбек футболчисининг Европада ўйнайдиган вақти келганди

Ўз вақтида “Бунёдкор” таркибида тўп сурган тунислик Шакер Зуагини мухлислар яхши билишади. У ўша пайтларда Элдор Шомуродов билан бирга тўп сурганди.

Унинг “Женоа”га ўтгани ҳамма қатори Зуагини ҳам бефарқ қолдирмади. Шу мунсоабат билан sports.uz сайтига интервью берди.

-  Собиқ жамоадошингиз – Элдор Шомуродовнинг Италия А сериясига кўчиб ўтганига қандай қарайсиз?

-  Унинг учун жуда ҳам хурсандман. Тўғриси, ўзбек футболчисининг Европада ўйнайдиган вақти келганди. Бу эса ўз навбатида миллий терма жамоа учун ҳам жуда фойдали бўлади. Умид қиламанки, Шомуродов Италияда муваффақиятга эриша олади. Тушуниб турибман, бу асло осон бўлмайди. Бироқ Элдорда муваффақиятга эришиш учун керакли сифатлар ва зарур менталитет бор.

-  Шомуродов билан боғлиқ қандай хотираларни эслай оласиз?

-  Шомуродов ҳар доим кулиб юрарди. Эсимда, Сардор Рашидов “Бунёдкор”дан кетганида бироз тушкунликка тушиб қолгандик. Қолаверса, олдинда биз “Ал-Шабаб”га қарши жиддий ўйин ҳам кутиб турганди. Бизга эса ғалаба жуда зарур эди. Ўша учрашувда Шомуродов иккита гол урганди. Ўшанда тушунгандимки, бизда Рашидовдан ҳам яхшироқ бўлган янги футболчи борлигини билганман.

зуаги2

-  Шакер, ўша пайтларда Элдорнинг кейинчалик фаолиятида мана шундай кўтарилишлар бўлишини сезармидингиз?

-  Тўғриси, йўқ. Кўпчилик сингари уни ҳам араб жамоаларидан бирига боради, деб ўйлагандик. Аммо бундай бўлиб чиқмади.

-  Сизнингча, ҳамюртимиз Италияда кучли ҳужумчилар билан рақобатлашиш учун барча фазилатларга эгами?

-  Барчаси ўзига боғлиқ. Агар у ўз устида яхши ишласа муваффақиятларга  эриша олади. Мен бунга ишонаман.

-  Ўзи билан охирги марта қачон гаплашгандингиз?

-  Очиғи, буни эслай олмайман.                       

-  Сўнгги пайтларда ўзбекистонлик ўйинчиларнинг Россия ва яна бошқа чемпионатларга йўл олишаётганини биласизми?

-  Рости, Россия чемпионатида ўйнаётганлари ҳақида биламан, аммо бошқа чемпионатлардаги футболчилар хусусида билмайман.

зуаги3

-  Кўпроқ кимлар ҳақида биласиз?

-  Биламанки, Азиз Ҳайдаров, Сервер Жепаров, Сардор Рашидов, Виталий Денисов...эслай оладиганларим шулар.

-  Италия чемпионатини томоша қиласизми? Асосан кимга мухлислик қиласиз?

-  13 ёшимдан бери “Интер” билан “Милан”нинг мухлисиман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!