Шавкат Абдураззоқов: "Ўзбекистон миллий терма жамоасининг расмий ўйинлари ҳам Наманганда ўтказилади"

Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов бугун Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Гана миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан (2:1) сўнг ўзбекистонлик барча футбол мухлисларини самимий табриклади:

- Бугун миллионлар ўйинининг ашаддий ва фидойи мухлисларига эга бўлган Наманганда катта байрам - катта футбол тантанаси бўлиб ўтди. Вилоятимиз футболидаги тарихий воқеа гувоҳига айландик. Яъни, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги ўртоқлик ўйини илк марта Наманганда ўтказилди. 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичи баҳсларига қизғин тайёргарлик кўраётган мамлакатимиз бош жамоаси иштирокидаги ўйинлар ҳар доим мухлислар диққат марказида туради, уни жиддий қизиқиш билан кузатамиз. Шуни инобатга олган ҳолда, бугунги ўйин нафақат наманганлик, балки бутун водийлик мухлислар учун ўзига хос совға бўлди, дейиш мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги барча футболсевар мухлисларни бугунги ғалаба билан табриклайман. Шунингдек, ўзимнинг номимдан ва футболсевар Наманган халқи номидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбариятига бугунги Гана терма жамоаси билан ўтказилган халқаро ўртоқлик ўйини мезбонлигини Наманганга топширишда кўрсатилган амалий ёрдам учун миннатдорлик билдираман. Бу – бошланиши, насиб қилса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги расмий ўйинлари ҳам Наманганда ўтказилади ва биргаликда шундай катта футбол байрамларидан баҳраманд бўламиз. Бугунги ўйин ташкилотчилиги, стадиондаги ажойиб муҳит Наманган вилояти мамлакатимиз бош жамоаси иштирокидаги расмий ўйинларга ҳам бемалол мезбонлик қила олишини яна бир карра исботлади.

Бугунги рақибимиз - Гана терма жамоасига ҳам жорий йил ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришишларида тилакдошман. Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига халқаро мусобақалардаги курашларга бой ўйинларда куч-қувват, муваффақият, омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламан, - деди вилоят раҳбари.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!