Шавкат Саломов: "Биз ҳақимизда гапираётган айрим ақлли одамлар аввал ўзларига қарашсин!"
Кеча про-лиганинг 10-турида “Бухоро” – “Оқтепа” жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтганини яхши биласиз. Унда қайд этилган 3:3 ҳисобидаги жанговор дурангдан кейинги гап-сўзлар анча авж олди.
Аниқроғи, 0:3 дан кейин учрашув тугашига 8 дақиқа қолганида бухороликларнинг учта гол уриб мағлубиятдан қутулиб қолишлари кўпчиликда шубҳа уйғотгандек бўлди.
Шу сабабли “Бухоро” клуби етакчиси ҳамда сардори Шавкат Саломов sports.uz мухбирига кечаги ўйин ҳақида ўз фикрларини билдиришни маъқул кўрди.
- Биринчи навбатда жамоамиз мураббийи Мирислом Ҳасановни табриклайман, - дея гап бошлади Саломов. - Унинг учун хурсандман. Бухородан яхши мураббий чиқаётгани қувонарли. Ёш бўлишига қарамай, уни “Нефтчи”га қарши учрашувдан олдин жамоани вақтинча бошқариб туришга тайинлашди. Қийин рақиб билан учрашувга футболчиларни жуда яхши тайёрлай олди. Тўғриси, “Бухоро” ўша куни ажойиб ўйин намойиш этди. Ўйлайманки, кўп кучимизни “Нефтчи” билан учрашувга сарфлаб юбордик. “Оқтепа”га қарши ҳам аслида яхши тайёрлангандик. Лекин дарвозага тўп кирмади.
Ўйин ҳақида айрим ақлли одамлар ҳар хил гапларни гапираётгани хусусида ўқидим. Бу жамоамизга нисбатан ҳурматсизлик. Азамат Абдураимов футболда ўзини кўрсатган, ҳурмати бор, кўп нарсани кўрган, шахсан ўзим у кишини ҳурмат қиламан. Аммо Азамат ака ўйинни кўрмасдан туриб, турли гапларни айтяпти, ундан кутмагандим. Кейин “Турон”да ишлаб кетган мураббий ҳам нимадир дебди. Тилим бор деб гапираверадими? Ахир у мураббий бўлса?! Фақат мухлисларнинг гапиришга ҳаққи бор. Чунки у ишқибоз бўлгани учун стадионда мухлислик қилади. Биз ўшалар учун ўйнаймиз. Аммо футбол ичидаги одамларни бўлмағур гапларни гапириши нотўғри, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда қинғир ўйинлар бўлса, ЎФА билан ПФЛ ҳаммасини жойига қўяди. Бошқалар ўзларини ақлли қилиб кўрсатишмасин. Менга алам қилаётгани шуки, биз 50 градус иссиқ ҳавода майдонга тушиб, меҳнат қилсагу, яна бундай гап-сўзларнинг пайдо бўлиши нотўғри-да. Мен ўша одамларга айтаманки, аввало ўзларига қарашсин. Бизда ҳам тил бор, гапиришимиз мумкин.
Кечаги ўйин учун жамоадошларимга катта раҳмат. Қанақа ўйин бўлганини мухлислар кўрди. 0:3 дан кейин улар бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб олишди. Ўйинни кўрмасдан туриб турли гапларни гапиришлари ортиқча. Улар меҳнатимизни озгина бўлса ҳам ҳурмат қилсинлар. “Нефтчи” билан ўйиндан кейин барибир йигитлар ўзларини бироз бўшаштириб қўйди. Бироқ учрашув охирига бориб, кучга куч қўшилди. Биз мана шу руҳда ўйнасак, олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз. Усмон Тошев жамоага қайтганидан хурсандман. У бизнинг устозимиз. Ҳар доим Усмон Қудратович билан телефон орқали гаплашиб турамиз. Даврон Файзиевга мана шундай жамоа тузганига катта раҳмат. Жамоамиз ўзига келяпти ва кучига ишоняпти. Мирислом Ҳасанов эса футболчиларнинг ишончини ўзига қайтаряпти. “Нефтчи” билан учрашувга йигитларни муносиб тайёрлаганидан хурсанд бўлдим. Бу хазил нарса эмас. Про-лиганинг етакчиси илк мағлубиятини “Бухоро” билан ўйинда қабул қилиб олди. Унгача айрим учрашувларда қийналгандик, масалан “Хоразм”ни азоб чекиб ютдик. “Нефтчи”га қарши баҳсда умуман бошқа жамоага айландик.
“Оқтепа” билан ўйиндаги голли вазиятлар ва бошқа эпизодларини ижтимоий тармоқларга жойлашсин ва одамлар кўрсин. Ўзимиз яратилган имкониятлардан етарлича фойдалана олмадик. Йўқ жойдан голлар ўтказиб юбордик. Бизни хатоларимиз ҳам қимматга тушди. Иккинчи тайм бошланганида яна ҳужумлар уюштирдик, аммо рақиб гол урди. 0:2 бўлиб турганида вазиятни ўнглай олишимизга ишонаётгандим, аммо 0:3 бўлгач, гапнинг очиғи тақдирга тан бериб бўлгандим. Ҳисоб 0:2 бўлиб турганида захирага олингандим. Ўриндиқда ўтирган ҳолда йигитларга билинтирмадим, аммо ютқаздик, деб ўйладим. Яна бир бор киритилган голларни ҳамма кўрсин ва футбол одамлари хулоса қилишсин. Агар яна беш дақиқа бўлганида тўртинчи голни ҳам урардик. Ҳаттоки, тўртинчи голни уришга имконият ҳам бўлди.
“Нефтчи”, “Бухоро”, “Динамо” ва “Олимпик” Суперлигада бемалол ўйнай олади. 3-4 та клубидан кучли бўлса кучлики, лекин кучсиз эмас. Ўтган йили про-лигада “Турон”, “Нефтчи” ва “Динамо” курашганди. Ҳозир эса молиявий томондан яхшиланган жамоалар ҳам кўпайган.
“Бухоро”да мураббийлар ўзгаришининг жамоа ўйинига катта таъсири бор. Буни ўйинимизни ўзи ҳам кўрсатиб берди. Рақиб жамоалар бизга қарши майдонга хадиксираб чиқишади. Ярим соатдан кейин эса биз билан бемалол ўйнаш мумкинлигини тушуниб етишади. Чунки жамоамиздагилар руҳий жиҳатдан “синганди”. Шу пайтгача жамоада ўйин йўқ эди. Лекин шуни айтаманки, Даврон Файзиевни бекордан-бекорга олиб ташлашди. Аксарият учрашувларда ютдик, аммо битта дуранг ва мағлубият учун Файзиевни истеъфога чиқардилар. Жамоани шу мураббий тўплаган. Бутун жамоа ундан рози. Умид қиламанки, бу ёғи янада яхши бўлади. Бухоролик мухлислар жамоасидан Суперлигани исташади. Чунки улар шунга муносиб. Албатта, жамоа сифатида мақсадга эришиш йўлида қайғуряпмиз. Ишқибозларимиз эса бизга нисбатан 10 баробар кўп қайғуришяпти. Олдинги йиллари мухлисларимиз қандай ишқибозлик қилишларини исботлашган. Вақт топиб доим машғулотларимизга келишади. Худо хоҳласа, уларнинг ишончини оқлаймиз. Фақат мухлислар учун ўйнаймиз, - дея сўзини якунлади, Шавкат Саломов.
Фикрлар