"Шахтёр" Яхшибоевнинг ўрнига ўзбекистонлик бошқа ҳужумчини оляпти

2020 йилги мавсумда Беларусь чемпиони бўлган Солигорскнинг “Шахтёр” клубида ўзгаришлар юз беряпти. Хабарингиз бор, у ерда тўп сурган Жасур Яхшибоев жамоасининг чемпионликни қўлга киритишида ўз голлари билан ҳам салмоқли ҳиссасини қўшганди. Бироқ мавсум якунига етганидан кейин, ҳамюртимиз “Шахтёр”ни тарк этди.

Эндиликда улар Жасур Яхшибоевнинг ўрнини тўлдириш мақсадида яна ўзбекистонлик ҳужумчиларга эътибор қаратди. Натижада “Металлург”да тўп сураётган Шаҳзод Убайдуллаев солигорскликларнинг эътиборини тортди. Шу сабабли, “Шахтёр” Убайдуллаев бўйича “Металлург”га таклиф билан чиқди. Катта эҳтимол билан Шаҳзод янги мавсумни “Шахтёр” жамоасида бошлайди.

убайдуллаев2

Шу масала бўйича sports.uz мухбири Шаҳзод Убайдуллаев билан боғланганида душанба куни барчаси расман ҳал бўлишини айтди. Айни пайтда у Солигорскда бўлиб турибди. Ўзининг айтишича, музокаралар давом этяпти.

Биздаги маълумотларга қараганда, “Шахтёр” БААда ўтказиладиган йиғин режасига Шаҳзод Убайдуллаевни ҳам киритган. Шу кунларда клуб унинг трансферини расман эълон қилса ҳам ажаб эмас. Шу ўринда “Металлург” бош мураббийи Андрей Шипиловдан Убайдуллаев масаласида сўраганимизда, ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бера олмаслигини, қачонки барчаси расмий тус олгач, ўз муносабатини билдиришини лозим топди.

Эслатиб ўтамиз, Шаҳзод Убайдуллаев 1998 йили Наманган вилоятида таваллуд топган. “Машъал” клуби орқали катта футболга кириб келган. Суперлигадаги дебютини илк бор 2019 йили “Андижон”да ўтказган. Ўшанда у 24 та учрашувда 9 та гол урган. Ўтган йили бекободликлар сафида 26 та баҳсда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 8 бор ишғол қилган ва бир марта голли пас узатган. Ўтган йили эса Вадим Абрамов уни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўртоқлик учрашувларига ҳам жалб қилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!