Шайхлар Колумбия - Ўзбекистон ўйини қаҳрамонини рекорд суммага олади

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Саудия Арабистонининг машҳур клуби «Ал-Ҳилол» раҳбарияти «Бавария» жамоасида тўп сурaётган колумбиялик ҳужумкор вингер Луис Диасни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Goal.com нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, саудияликлар аввало футболчининг ўзи билан келишиб олишни кўзламоқда. «Ал-Ҳилол» Диасга йилига тахминан 25 миллион евро маош таклиф қилишга тайёр. Агар футболчи розилик берса, шундан сўнг клуб «Бавария» билан расмий музокараларни бошлайди. Манбаларга кўра, трансфер учун тўланадиган сумма 100–130 миллион евро атрофида бўлиши мумкин.

Агар келишув амалга ошса, Луис Диас Саудия Арабистони чемпионати тарихидаги энг қиммат футболчига айланади. Ҳозирги рекорд бразилиялик юлдуз Неймарга тегишли: 2023 йилда «Ал-Ҳилол» уни ПСЖдан сотиб олиш учун тахминан 90 миллион евро сарфлаган эди.

Шунингдек, манбалар «Ал-Ҳилол»нинг жорий трансфер ойнаси учун 300 миллион евро атрофида бюджетга эга эканини қайд этмоқда. Шу боис, Луис Диаснинг эҳтимолий трансфери клуб учун ягона йирик харид бўлиб қолмаслиги кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Луис Диас 2026 йилги жаҳон чемпионатида Колумбия миллий терма жамоаси сафида Ўзбекистонга қарши ўйнаб, Ўткир Юсупов дарвозасини ишғол қилган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!