Шерзод Хакимов: "Сурхон" бу йил кучли бешликка киришни мақсад қилган
Ўтган мавсумни Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасида ўтказган тажрибали футболчи Шерзод Хакимов эндиликда "Сурхон" жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Футболчи янги мавсум олдидан фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
- Қишки ўқув – йиғин жараёнида бир қатор клублардан таклифлар бўлди. Ҳар бир клуб таклифини диққат билан ўрганиб чиқдим. Яъни мен танлаётган клуб ўз олдига қандай мақсадларни қўйганлиги билан қизиқдим. Якунда, “Сурхон” жамоасидан жиддий таклиф бўлди ва мен бунга рози бўлдим. Жамоада ички муҳит аъло даражада. Ҳамма футболчилар билан деярли бирдек тил топишиб кета олдим.
Аввало, бутун Сурхондарё халқини узоқ ўн беш йиллик танаффусдан сўнг яна Суперлигага қайтгани билан табриклайман. “Металлург”га қарши жиддий тайёргарлик кўрмоқдамиз. Машғулотларда астойдил тер тўкмоқдамиз. Насиб қилса, 10 март куни “Металлург” устидан ғалаба қозониб, бутун Сурхондарё халқини ҳурсанд қиламиз.
Жамоа ўз олдига бу йили кучли бешликка киришни мақсад қилган. Албатта, бунга эришиш осон эмаслигини яхши ҳис қилиб турибмиз. Лекин, биз чемпионатда чиройли ўйинлар кўрсатиб, муҳлисларимизни ҳурсанд қилиш ниятидамиз.
Футболда ҳар бир хужумчи ўз олдига тўпурар бўлишни мақсад қилади. Хужумчининг вазифаси имкон қадар ҳар бир ўйинда гол киритиб, жамоага муҳим ғалабани келтиришдир. Мен ҳам бу йилги мавсумда бор кучимни ишга солиб, тўпурар бўлишга ҳаракат қиламан, - деди Футболчи.
Фикрлар