Шимолий ва Жанубий Корея Олимпия ўйинларини биргаликда ўтказиши мумкин
Жанубий ва Шимолий Корея биргаликда 2024 йилги IV қишки ўсмирлар Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиши мумкин. Бу борадаги тегишли таклиф 2018 йилги ўйинларга мезбонлик қилган Канвондо провинциясидан Пхеньянга юборилган.
Ўсмирлар ўртасидаги "ОЎ-2024"ни қабул қилиш ҳуқуқи учун курашган Жанубий Кореянинг ушбу минтақаси губернатори Чой Мун Сун бошиданоқ, шимолий қўшниси билан қўшма ариза ёзиш ташаббусини кўтариб чиққан эди, аммо бу ғоя мамлакат раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланмади.
Яқинда Корея Республикасини тиклаш ишлари вазири Ли Ин Ён билан учрашувда сиёсатчи бу масалани яна бир бор кўтарди, шунингдек, Шимолий Кореяни ўсмирлар Олимпия ўйинларига жалб қилиш орқали халқаро лойиҳаларни амалга ошириш масаласида қўллаб-қувватлашни ҳам сўраган.
Чой Мун Суннинг сўзларига кўра, Шимолий Кореянинг Вонсан порт шаҳри яқинида жойлашган Масик чанғи курорти тоғ чанғиси ва сноуборд мусобақаларига мезбонлик қилиши мумкин.
2018 йилги қишки Олимпия ўйинлари олдидан ҳам томонлар қўшма мусобақалар ўтказиш имкониятларини ўрганган қилган эди, аммо бу масала муҳокамалардан нарига ўтмади. Иккала Кореянинг бирлашган жамоасининг хоккей бўйича аёллар мусобақасидаги иштироки, Ўйинларнинг очилиш ва ёпилиш маросимларида делегацияларнинг биргаликда ўтишигагина эришилди, холос.
Шунга қарамай, мусобақа мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни илиқлашувига ва икки раҳбар – Мун Чжэ Ин ва Ким Чен Иннинг учрашувлари учун кучли туртки берди. Шундан кейин Шимолий ва Жанубий Корея 2032 йилги Олимпия ўйинлари ва 2030 йилги Жаҳон чемпионати учун қўшма ариза бериш имкониятини ҳам кўриб чиқдилар.
Эслатиб ўтамиз, IV қишки ўсмирлар Олимпия ўйинлари пойтахтига сайловлар ХОҚнинг 2020 йил 10 январда Лозаннада бўлиб ўтган 135-сессияси доирасида бўлиб ўтди. Якуний босқичда кореяликлар аризаси рақобатчилар рўйхатида йўқ эди.
Овоз бериш натижалари эълон қилингандан сўнг, ХОҚ президенти Томас Бах мусобақанинг Жанубий Кореяда ўтказилиши Пхёнчхан Олимпиадаси иншоотларидан максимал даражада фойдаланишга имкон беришини таъкидлаганди.
Фикрлар