Шоҳрух Холмуродов: "Америка промоушенлари билан шартнома тузиш арафасидаман"
Юртимизнинг кўзга кўринган муайтай усталаридан бири Шоҳрух Холмуродов айни вақтда АҚШда машғулотлар олиб бормоқда. Маълумки, ушбу юртдошимиз ҳаваскор муайтай йўналишида ҳам кўплаб халқаро турнирлар ғолиби ва совриндорига айланган. Профессионал йўналишда эса, жуда кўп жангларда иштирок этиб, аксариятида ғалаба қозонган. 61-70 кг вазн тоифаларида фаолият юритган Холмуродов бирман бокси бўйича ҳам бир қатор муваффақиятларга эришган. Асосан Таиланднинг Tiger Muaytay клубида машғулотлар олиб борган юртдошимиз ММА бўйича ҳам жангларда иштирок этган. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Шоҳрух Холмуродов хозир океан ортида машғулотлар олиб бормоқда. Биз ушбу жангчимиз билан боғланиб, унинг режалари билан қизиқдик.
- Шоҳрух АҚШга спортдаги мақсад туфайли бордингизми ёки шунчаки ишлаш учунми?
- Ҳозирги кунда АҚШда машғулотлар олиб бормоқдаман.Фаолиятимни ММА йўналишида давом эттирмоқчиман. Мақсадим спортдаги фаолиятимни юқори даражада давом эттириш.
- ММАда фаолият олиб бориш сиз учун қийинчилик туғдирмайдими? Чунки сиз “стойка”да жанг қиласиз. ММАда эса кўпроқ курашга урғу берилади. Биргина мисол, Анвар Бойназаров учраётган муаммолар сизда ҳам бўлиши мумкин...
- Мен аввал ҳам ММА жангларида иштирок этганман. Юртимиз ММА оламининг байроқдори Суннат Ильясов билан бирга машғулотлар олиб борганман. Курашдан ва “тэйк-даун”дан ҳимояланиш борасида етарлича маҳоратга эгаман, деб айта оламан.
- Бу ерда сизга кимлар яқиндан ёрдам бермоқда?
- Саидёқуб Қаҳрамонов билан биргаликда машғулотлар олиб бормоқдаман. Яқинда у яна комбат каратэ бўйича навбатдаги жангини ўтказади. Яхши даражадаги мураббийлар ва спортчилар бор.
- АҚШда қайси промоушенда жанг қилмоқчисиз?
- Ҳозирда бир нечта промоушенлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Биласиз, бирдан UFCда жанг қилишнинг деярли имкони йўқ. Бироқ, жуда кўп савия борасида юқори бўлган промоушенлар бор ва улардан бири билан тез орада шартнома тузамиз. Ҳозирча аниқ бир промоушен номини айта олмайман.
Фикрлар