Шомуродов машҳур қилган болакай Мессидан интервью олишга тайёрланяпти!

Бундан бир ой муқаддам, “Женоа”нинг  расмий YouTube каналида тарихда кузатилмаган воқеа юз берди. 13 ёшли россиялик блогер Максим Истомин “Женоа” ҳужумчиси Элдор Шомуродов билан видеоинтервью қилди.

Ростовлик Максим Истомин икки йилдан бери видеоблог юритади ва бугунги кунда унинг саҳифасига 11 минг киши обуна бўлган. Аввалига,  Максим “Ростов” жамоаси ҳақида кўрсатувлар қиларди. Кейинчалик асосий планга Элдор Шомуродовни олиб чиқди. Шундан сўнг, унинг блогини кузатувчилар сони кескин ошди. Хусусан, Элдорнинг ўткир бурчакдан “Динамо” жамоаси дарвозасига урган голи акс этган ролик 140 минг мартадан кўп кўрилди. Шомуродов Дестрога голли пас узатган ўйиннинг шарҳини 76 минг одам томоша қилди. Бир сўз билан айтганда, ёш блогер ўзбек футболчиси ортидан таниқли шахсга айланди.

a473d30bc6f1f952e68c3cf22839c82e600aca25ad9b6956025947

Максимнинг интернет саҳифаларидаги фаоллиги “Женоа” мутахассислари эътиборига тушди. Россиянинг matchtv.ru сайти Максим Истомин билан интервью уюштирди. Унда Элдор Шомуродов ҳақида ҳам гап борди.

- “Женоа” расмий каналида Элдор Шомуродов билан суҳбат қандай ташкил қилинди?

- Шомуродовнинг Дестрога голли пас узатгани ҳақидаги видео остига “Женоа” вакилларидан бири изоҳ ёзди. Аввалига ишонмадим. Кейинчалик почта орқали ёзишганимизда, улар ҳақиқатан клуб маъмурияти вакиллари эканини тасдиқловчи маълумотлар берилди. Улар менга Элдордан интервью олишни таклиф қилишди, қўнғироқлашиб, суҳбат вақтини келишиб олдик. “Женоа” вакилларидан бир нечта савол бўлди, мен ҳам ўзимни қизиқтирган нарсаларни сўраб олдим. Зўр чиқди.

Ҳозир саҳифамда (“Футбольный Максимум”) маълум миқдорда италиялик обуначилар бор. Элдор ва “Женоа” ҳақида мунтазам видеолар эълон қила бошлаганимдан бери генуялик фанатлар ҳам саҳифамга обуна бўлмоқда.

Шомуродов мен ёқтирган футболчилардан бири. 2019-2020 йилги мавсумда премьер-лигада 11 та гол урганидан бери Элдорни доимий кузатаман. Унинг ёрдамида “Ростов” Европа Чемпионлар лигасига чиқиш учун курашди. Мени унинг тезкорлик билан майдонни босиб ўтиши, иккинчи қаватда яхши ўйнаши ҳайратга солади. Шунингдек, “Динамо” дарвозасига машҳур футболчи Марко ван Бастен услубида урган голини ҳам унутиб бўлмайди. Ажойиб гол, бунақа ўткир бурчакдан дарвозани ишғол қилиш деярли имконсиз, буни уддалагани ҳайратланарли.

“Женоа” каналидаги видео – ҳозиргача мен амалга оширган энг катта интервью ҳисобланади. “Ростов”нинг бошқа футболчилари билан ҳам савол-жавоб қилганман.

- Ҳозир каналингда 11 минг обуначи бор. Ўсиш қачондан бошланди?

- Бошида “Ростов” ҳақида кўп маълумот қўярдим. “Ростов”нинг ЦСКА ва “Динамо”га қарши ўйинларидан видеоҳисобот қўйганимдан кейин, бирдан обуначилар кўпайиб кетди. Видеоларни тайёрлашда отам ёрдам берадилар. Блогни ривожлантириш бўйича ҳар куни ишлаш керак.

Мен “Ростов” мухлисиман. Менда клубнинг олтита шарфи бор. Улардан биттасида деярли барча футболчиларнинг автографи туширган. Шомуродовнинг футболкаси, “Женоа” ва Россия терма жамоасининг шарфи, турли тўплар, кепкалар, формалар бор. “Барселона”га тегишли атрибутикалар ҳам кўп. Коллекциям билан фахрланаман.

e74d5cc2de043205dea3c6ba02ddfe66600aca8cd85e9225459581

- Орзу ва мақсадларинг қандай?

- Футболдаги орзуларим ўзим мухлис бўлган футболчилардан интервью олиш. Шомуродов билан бу иш амалга ошди ва орзум рўёбга чиқди. Ҳозирча, Лионель Месси билан суратга тушиш, автограф олиш ва интервью қилишни истаяпман. Мақсадим – “Ростов”, Элдор Шомуродов ва Лионель Месси ҳақида видеолар тайёрлаб, каналимни ривожлаштиришдир.

Шомуродов ўзига харидор бўлган жамоага қарши ўйнайди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!