Шомуродов ўзига харидор бўлган жамоага қарши ўйнайди

20 февраль куни А Сериянинг 23-тур учрашувлари давом эттирилади. Элдор Шомуродов жамоаси ўз майдонида “Верона” футболчиларини қабул қилади.

Италия чемпионатини кузатиб бораётган мухлису мутахассислар “Женоа”нинг мағлубиятсиз сериясига эътибор қаратган бўлса керак. Давиде Баллардини шогирдлари олти турдан бери рақибдан очко олишни уддаламоқда. Генуяликлар мағлубиятсиз серия бўйича “Интер” билан биринчи ўринни бўлишиб турибди.

144691243_4269242479753306_6414720203116518849_o

Бундан ташқари, “Женоа” сўнгги пайтда лигада энг кам гол ўтказаётган жамоага айланган. Шомуродов жамоаси сўнгги олтита ўйиндан фақат биттасида – “Наполи”га қарши учрашувда ўз дарвозасидан бир марта тўп олиб чиқди. Маттиа Перин бешта ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.  Олтита учрашувда “Болонья”, “Кальяри”, “Кротоне” ва “Наполи” мағлуб этилди, “Аталанта” ва “Торино” майдонидаги ўйинларда ҳисоб очилмади. Кўриниб турибдики, кейинги пайтда генуяликлар ҳар қандай рақибдан очко олишни уддаламоқда. Шунга яраша жамоа мусобақа жадвалида мунтазам кўтарилиб, ҳозирча 11-поғонадан жой олди. Яқинда жадвалнинг энг қуйи қаторида турган “Женоа” хавфли ҳудуддан ўн очко фарқ билан узоқлашди.

“Верона” ёзги трансферлар вақтида Элдор Шомуродовни олишга даъвогар бўлган жамоалардан бири эди. А Серия вакилларидан “Фиорентина” ҳам ўзбек футболчисини ўзига чорлагани ҳақида хабарлар тарқатилган. Бироқ, “Ростов”га “Женоа” таклифи маъқул келди, Элдор ҳам бу жамоани танлаб адашмаган кўринади.

Вероналиклар айни пайтда мусобақа жадвалида генуяликлардан юқорида. Жамоа 33 очко билан тўққизинчи ўринда. Кучли ҳимояга эга бўлган “Верона” аслида Еврокубок йўлланмалари учун курашиш имконига эга эди. Бироқ, жамоага барқарорлик етишмаяпти. “Верона” янги йилдан бери “Специя”, “Кротоне” ва “Наполи”ни мағлубиятга учраган бўлса, “Удинезе”, “Рома”, “Болонья”га ютқазиб қўйди, “Торино” билан очко бўлишди.

Яна бир жиҳат, ҳар икки жамоа дарвозабонлари қайтарилган зарбалар фоизи бўйича А Серияда етакчи ҳисобланади. Маттиа Перин ўз дарвозасига йўлланган зарбаларнинг 74 фоизини қайтарган бўлса, бу кўрсаткич Марко Сильвестрида 73 фоизни ташкил қилмоқда.

Хуллас, бир-бирига муносиб икки жамоа тўқнаш келади. Ўзаро ўйинлар статистикасидаги катта устунлик “Женоа” томонида. Генуяликлар вероналиклар билан 45 марта куч синашиб, шулардан 21 тасида зафар қучган, 13 та баҳсда ғолиб аниқланмаган ва 11 та учрашувда “Верона”нинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати 87:42 – “Женоа” фойдасига. Охирги ўзаро ўнта ўйинда генуяликлар олтита ғалаба ва иккита дуранг қайд этган.

Биз учун муҳим масала эса, Элдор Шомуродовнинг ўйинда иштирок этиш имконияти. “Женоа” бош мураббийи Давиде Баллардини ҳамюртимизни “Верона”га қарши учрашув қайдномасига киритди. Аввалги турда қария Горан Пандев бошланғич таркибда майдонга тушиб, Шомуродов захирада қолдирилган эди. Бироқ, македониялик ҳужумчи биринчи бўлимдан сўнг, ўрнини ўзбек ҳужумчисига бўшатиб берди.

Кўпчилик мухлису мутахассислар “Верона”га қарши баҳсда асосий таркибда Элдор Шомуродов ва Маттиа Дестро жуфтлиги тўп тепишини тахмин қилмоқда. Аксарият сайтлар ҳам тахминий таркибда ҳужумга Элдор ва Дестрони қўймоқда.

145182764_4269241283086759_5350913619068842543_o

Баллардинининг якуний қарори қандай бўлишини вақт кўрсатади. Биз эса, Шомуродовнинг майдонга тушишига умид қилган ҳолда, ундан А Сериядаги учинчи голни кутамиз...

“Женоа” ва “Верона” ўртасидаги ўйин Тошкент вақти билан 22:00да бошланади.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!