Шомуродов учун А Сериядаги 4-мавсум қандай ўтди?

Chery Tigo 7 PRO

Элдор Шомуродовни "Женоа"дан 20 миллион евро эвазига харид қилган "Рома" уни ўтган ёзда сота олмади. Сабаби, римликларга улар хоҳлаётган суммани ҳеч ким беришни истамади. Ҳужумчининг кетма-кет икки мавcумда кўп захирада қолиб кетиши бунга асосий сабабдир. Терма жамоамиз сардорини "Кальяри" сотиб олиш банди билан бир мавсумга ижарага олишга қарор қилди. 

Биринчи турда жамоа "Торино"га қарши ўйнади ва Шомуродов захирадан майдонга тушиб, дебютини амалга оширди. Нафақат Элдор, балки сардинияликлар учун ҳам мавсум ёмон бошланди. Раньери шогирдлари 10-турга келиб, биринчи ғалабасини қўлга киритди. "Фрозиноне"ни таслим қилган "Кальяри" турнир жадвалида 19-ўринга чиқиб олди. Шомуродов эса "Салернитана"га қарши баҳсда яна асосий таркибга кира олмади, лекин 84-дақиқада ўйинга қўшилиб, 4 дақиқадан сўнг Виоланинг голига ассист амалга оширди. Аммо жамоа ғалабани ушлаб қола олмади.

ITA: US Salernitana V Cagliari Calcio - Serie A TIM

Афсуски кейинги турларда яна уни мураббий захирада қолидиришга қарор қилди. Фақатгина "Удинезе" билан бўлиб ўтган баҳсда бошланғич таркибдан жой олди. 15-турда Сардиния клуби "Сассуоло"ни ўз майдонида қабул қилади. Дастлаб, гол ўтказиб юборган мезбонлар иккинчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда имкониятларни тенглаштирди. Орадан кўп ўтмай Шомуродов боши билан Паволеттига пас бериб, унга жуда яхши имконият яратиб беради ва ҳужумчи ғалаба голини уришга муваффақ бўлди. 

Cagliari Calcio v US Sassuolo - Serie A TIM

Уч кундан кейин Шомуродовнинг машғулотларда жиддий жароҳат олгани ҳақида хабарлар чиқди. Шу билан бирга, унинг Осиё кубогини ўтказиб юбориши аниқ бўлди. Бу эса Ўзбекистон терма жамоасига ҳам ўз таъсирини ўтказди. 

Мавсумнинг дастлабки қисмида ҳали ҳам гол ура олмаган Шомуродов қишки трансферлар ойнасида Сардинияни тарк этишга тайёр эди. Унга "Салернитана" жиддий қизиқиш билдираётганди. "Рома" ҳам бу трансферга рози бўлди ва уни ижарага беришга қарор қилди. Аммо "Кальяри" таклифни рад қилди. Клуб янги ҳужумчи излашни истамади. Якунда "Салернитана"  сўнгги ўрин билан Б Серияга йўл олди. 

3 март куни майдонга қайтган Элдор "Эмполи"га қарши ўйинда 3 дақиқа ҳаракатланди. Ундан кейинги турда эса у ўзининг мавсумдаги энг яхши ўйинини ўтказди. "Салернитана" меҳмони бўлган Раньери шогирдлари биринчи таймдан сўнг Гаетано ўрнига Шомуродовни туширишга қарор қилади ва...

Cagliari v US Salernitana - Serie A TIM

Орадан 6 дақиқа ўтар-ўтмас ҳужумчимиз Очоа дарвозасини ишғол қилди. Бу унинг "Кальяри" таркибидаги дебют голи эди. Иккинчи гол ҳам кўп куттирмади. 76-дақиқада у яна бир маротаба мексикалик посбонни лол қолдирди. Бу ўйин орқали Элдор асосий таркиб учун курашга қайтди. Кейинги учрашувларда Раньери футболчимизга кўпроқ имконият берди. 

Жароҳатдан капитанимиз кучлироқ бўлиб қайтди. У барча чемпионатларда 8 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 1 та ассистни ўз номига ёздириб қўйди. 

"Аталанта"га қарши баҳсда яна бир ассист амалга оширган Шомуродов "Интер" билан бўлиб ўтадиган учрашув учун бошланғич таркибдан жой олди. Ҳисобда олдинда бораётган мезбонлар хотиржамлик билан ғалабани қўлга киритишига ишониб турган бир пайтда Элдор Зоммер қўриқлаётган дарвозага тўпни жойлаб қўйди ва жамоасини уйғота олди.

FC Internazionale v Cagliari - Serie A TIM

Шомуродов ушбу мавсум "Кальяри" таркибида 6 та голда иштирок этди. (3 та гол, 3 та ассист). Жамоа эса А Серияда қолишни эплади. Элдор учун буниси сўнгги 3 мавсумдаги энг яхшиси бўлди. Охирги марта у 2021/22 мавсумда 3 тадан кўп гол урганди. Энди футболчининг келажаги ҳам барча учун қизиқ бўлади. Сабаби, Рим клубида раҳбарият ва бош мураббий ўзгарди ва манбалар Шомуродовни жамоа бу ёзда ижарага беришга эмас, балки сотишга ҳаракат қилиши ҳақида хабарлар бермоқда. Шу билан бирга, сардинияликлар ҳам шартномадаги ҳужумчини 9 миллион еврога сотиб олиш бандини фаоллаштириши қийин масала.

Суҳроб Холбеков ёзди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!