Шомуродов якшанба куни бошқа клубга ўтиши кутилмоқда. Жамоа номи маълум!

  • 25 январь, 00:10
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

“Рома” қишки трансферлар вақтида таркибда жиддий ўзгаришлар қилмоқда. Римликлар ҳозирча икки нафар янги ўйинчи – тажрибали дарвозабон Пьерлуижи Голлини ва ёш ҳимоячи Девайн Реншни олганини расман эълон қилди.

Голлини “Аталанта”дан 800 минг еврога олинган бўлса, “бўрилар” ўнг қанот ҳимоячиси Ренш учун “Аякс” ҳисобига 5 миллион евро ўтказиб берди.

“Рома”нинг асосий мақсади марказий ҳужумчи олиш бўлиб қолмоқда. Бунинг учун Элдор Шомуродов ўз ўрнини бўшатиб бериши талаб этилади. Бош мураббий Клаудио Раньери Европа Лигаси доирасида “АЗ Алкмаар”га қарши ўтган баҳсда ўзбек футболчиси хизматидан фойдаланмаганидан кейин Элдор Шомуродов Римни тарк этиши ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб кетди.

Италия матбуотининг ёзишича, 29 ёшли ҳужумчи учун курашда фаворитлар бир неча маротаба ўзгарди. Айни пайтда ўзбек легионерига “Кальяри”, “Эмполи” ҳамда “Венеция”дан жиддий қизиқиш бўлиб турибди.

Бу жамоалар орасида “Венеция”нинг имконияти юқори баҳоланмоқда.

- “Венеция” ўз ҳужум чизиғида катта ўзгаришлар қилишга бел боғлаган. Жамоа тўпурари Жоэль Похьянпало “Палермо”га кўчиб ўтишга яқин. Эусебио Ди Франческо бош мураббийлик қилаётган жамоа трансферлар бўйича алоқаларини фаоллаштирди.

Жамоа кўз тиккан форвардлар орасида Элдор Шомуродов фаворит. Кейинги ўринда Андреа Белотти турибди. Яна бир номзод – илгари “Милан”да ўйнаган ва ҳозир “Лейпциг” аъзоси ҳисобланган Андре Силвани олиш венецияликларга етарли даражада оғирлик қилмоқда. Чунки унга Италия, Германия ва Англиянинг бошқа клубларидан таклифлар бор, -деб ёзди Corriere dello Sport газетаси.

Таниқли инсайдер Жанлука Ди Марцио ўзининг gianlucadimarzio.com сайтида бу маълумотларни тасдиқлади.

- “Венеция” бош мураббийи Эусебио Ди Франческо айнан Элдор Шомуродов номзодида тўхталди. Венецияликлар “Рома”нинг 14-рақамли ҳужумчиси трансферини якшанба куни – 26 январда якунлайди.

Гарчи ўзбек ҳужумчисига “Эмполи” ҳам қизиқаётган бўлса-да, у фаолиятини “Венеция”да давом эттириш имконига эга. “Венеция” Элдорнинг якуний тасдиғини кутяпти. Улар “Рома” билан футболчини кейинчалик сотиб олиш мажбурияти билан ярим йилга ижарага олишга келишган, - деб маълумот берди Жанлука Ди Марцио.

Демак, манбалар тарқатаётган маълумотларга қараганда, трансфернинг амалга ошиши Элдор Шомуродовнинг қарорига боғлиқ бўлиб турибди. Қишки трансферлар ойнаси ёпилишига бир неча кун вақт қолди. Тез орада Италиядаги легионеримиз фаолиятини қайси клубда давом эттириши аниқ бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!