Шомуродов яна 12 та гол уриши керак!

Ўзбекисон миллий терма жамоаси 2022 йилги жаҳон чемпионати ва 2023 йилги Осиё кубоги қўшма саралаш турнирининг навбатдаги учрашувида Сингапур футболчиларини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Муҳим учрашувдаги голлардан иккитасига Жалолиддин Машарипов,  қолганлари Элдор Шомуродов ва Одил Аҳмедов муаллифлик қилди. Бешчи гол урилган вазиятда рақиб ҳимоячиси Одил Аҳмедовнинг зарбасини қайтариш чоғида тўпни ўз жамоаси дарвозасига жойлаб қолди.

Ушбу учрашувдан сўнг, миллий терма жамоамиз тўпурарлари кўрсатикичларида ўзгариш юз берди. Тўғриси, кўплаб мухлисларимиз бош жамоамиз тўпурарлари рейтингида узоқ йиллардан бери биринчи ўринни эгаллаб турган Максим Шацкихнинг рекорди янгиланишини кутмоқда. Ва ҳозирча, бунга фақатгина Элдор Шомуродовнинг имкони бор.

1601890781_shomurodov-o_kmhvdeb0zgrpjxdz6ej7ddhe33mwyi

Ўз даврида “Динамо Киев” сафида Европа футболи ҳавосидан баҳра олган Максим Шацких миллий терма жамоамиздаги 15 йиллик фаолияти давомида 61 та учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини 34 маротаба ишғол қилган.

Фурсатдан фойдаланиб, қуйида Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўпурарларининг натижаларига назар ташлаймиз.

Максим Шацких

Украина футболида ёрқин из қолдирган ва ушбу мамлакат чемпионатида энг зўр тўпурар бўлиб турган Максим Шацкихнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги натижаси ҳақида юқорида тўхтатилдик. Тўпурар футболчимиз ёш ҳужумчиларга ҳар томонлама эталон ҳисобланади. Бугунги кунда футболимизда кўп гол ура оладиган ҳужумчилар ноёб ҳисобланади.

89624-1581691436_1

Александр Гейнрих

Ўзбекистон, Россия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қозоғистон чемпионатларида ўйнаган Александр Гейнрих миллий термамизда 98 та учрашувда 32 та гол уриб, Шацкихнинг натижасига жуда яқин келганди. Лекин рекордни янгилагунича фаолияти тугаб қолди.

Миржалол Қосимов

Фаолияти давомида собиқ Иттифоқ, Ўзбекистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатларида тўп тепган Миржалол Қосимов ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, гол уришда ҳужумчилардан қолишмас эди. У ўзи ўйнаган чемпионатларда доим тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб келган. Терма жамоада ҳам Миржалол Қосимов 66 та ўйинда рақиблар дарвозабонларини 30 марта хафа қилган эди. Айниқса, унинг жарима зарбалари дарвозабонларни даҳшатга соларди.

Сервер Жепаров

Миржалолдан кейин плеймейкерлик вазифасини маҳорат билан уддалаган Сервер Жепаров терма жамоада энг кўп – 126 марта майдонга тушган футболчи сифатида тарихдан жой олган. Бу ўйинларда ярим ҳимоячи 25 маротаба қайтариб бўлмас зарба ижро этган.

1_1

Элдор Шомуродов

Европанинг кучли бешлик чемпионатларида гол урган ўзбекистонлик ягона футболчи – Элдор Шомуродовдан мухлислар ушбу рейтингда Максим Шацкихнинг рекордини уришини кутаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шомуродов “Женоа”да бошланган голли сериясини миллий терма жамоада ҳам давом эттирмоқда. Ҳамюртимиз 47 та учрашувда 22 та гол урди. Максим Шацкихнинг рекордигача Элдорга яна 12 та гол керак. Унинг ёшлиги, ўйини очилиб бораётгани, бир неча йиллар давомида терма жамоа етакчи ҳужумчиси сифатида тўп суришини инобатга олсак, Шацкихни рекорди яқин фурсатда янгиланишига умид қилса бўлади.

Одил Аҳмедов

Терма жамоамизнинг амалдаги сардори ўйинлари сонини 106 тага етказиб, бу борада Сервер Жепаров билан тенглашиб олди. Қолаверса, бош жамоа сафида 21 голини уриб, Элдор Шомуродов  билан рақобатлашмоқда.

Футтбол Одил Ахмедов Узбекистан

Игорь Шквирин

Ўз даврининг энг зўр ҳужумчиларидан бўлган Игорь Шквирин  собиқ Иттифоқ, Ўзбекистон, Россия, Исроил, Малайзия, Ҳиндистон каби мамлакатларда тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган. У собиқ Иттифоқ, Ўзбекистон, Малайзия, Ҳиндистон ва Осиё ўйинлари ғолиби ҳисобланади. Терма жамоамиз сафида 31 та ўйинда 20 та гол урган.

Игорь Сергеев

Игорь Сергеев ҳам терма жамоа тўпурарлари рейтингидаги кўрсаткичларини ўзгартириши мумкин бўлган камсонли футболчилардан. Ҳозирча, Сергеев ҳисобида 17 та гол бор.  Ҳамюртимиз Қозоғистон чемпионатида тўпурарлик маҳоратини намойиш қилмоқда ва ҳозир жуда яхши формада.

Кейинги ўйинларда Вадим Абрамов уни майдонга туширса, ўз имкониятларидан унумли фойдаланишига ишонамиз.

Жаъфар Ирисметов

Ирисметов ўзи ўйнаган клубларнинг аксариятида голларни қалаштириб ташлаган. Юртимиздан ташқари, Греция, Беларусь, Россия, Украина, Қозоғистон, Хитой чемпионатларида тўп тепган. Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон чемпиони бўлган ҳужумчининг терма жамоадаги кўрсаткичлари бироз камтарроқ. Жаъфар бош жамоамиз учун 36 та беллашувда 15 та гол урган холос.

Улуғбек Бақоев

Бақоевнинг ҳам клублардаги фаолияти терма жамоадагидан муваффақиятли чиққан. Улуғбек миллий жамоада 52 та ўйинда рақиблар дарвозасини 14 маротаба ишғол қилган. Шу ўринда, у муҳим учрашувларда керакли голларни ура олганини ҳам тан олиш керак.

IMG_9415_1

Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги учрашувини 11 июнь куни Яман футболчиларига қарши ўтказади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
08/06/2021 08:11
Худо хохласа Шомуродов Шацкихдан узиб кетади.