Шомуродов яна иккита гол урса борми...
Италия чемпионати якунига яқинлашиб бораётган бир пайтда А Серияда дебют мавсумини ўтказаётган Элдор Шомуродовнинг ўйини очилиб кетди. Ўтган йилнинг октябрь ойидан бери кучли бешлик чемпионатларидан энг мураккабида тўп тепаётган ўзбек футболчиси умумий олиб қараганда ёмон ўйнаётгани йўқ. Тўғри, Элдор ўз даражасидан паст ўйин намойиш этган кунлар ҳам бўлди. Бунинг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари бор. Баъзан жароҳатлар панд берган пайтлар ҳам бўлди. Лекин жаҳон футболида бирорта футболчи бутун мавсумни бир текис барқарор ўтказа олмайди.
Шомуродов А Серия 34-турининг энг кескин ва муросасиз ўтган учрашувида “Лацио” дарвозасини ишғол қилиб, чемпионатдаги голлари сонини бештага етказиб олди. У биринчи маротаба кетма-кет иккита баҳсда рақиб дарвозасига йўл топа олди. Элдор Италияда “Лацио”гача “Парма”, “Сассуоло”, “Верона”, “Специя” дарвозабонларини ожиз қолдирган эди.
“Женоа” мухлислари ўзларининг севимли жамоалари ўйинига муносабатларини билдиришда давом этмоқда. Табиийки, генуялик ишқибозлар ижтимоий тармоқларда “Лацио”га қарши баҳсда энг юқори баллардан бирига лойиқ кўрилган Элдор Шомуродов ҳақида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдирди.
Эътиборингизга мухлисларнинг ўзбек легионери ҳақидаги постларини ҳавола этамиз.
Skull Malope:
Агар кейинги ўйинда Элдор Шомуродов бошланғич таркибда майдонга тушмаса, Давиде Баллардинини кечирмайман!
Marjol Mata (Skull Malope фикрига жавобан)
Элдорнинг “Лацио”га урган голинини инобатга олмаганда, у ўз даражасида ўйнай олмади. Эътиборга молик ҳаракатлари кўзга ташлангани йўқ.Тўп киритилган вазиятда Милан Баделнинг хизмати катта бўлди. Бунақа суперпасдан кейин мен ҳам гол урардим.
Sandro Moscariello:
Элдор Шомуродов ва Жанлука Скамакка кетма-кет иккита учрашувда гол урмоқда. Жаноб бош мураббий тўғри хулосага келадиган вақт етиб келди. Бу икки ҳужумчи бошланғич таркибда тўп тепишга лойиқ.
Giacomo Sebillo:
Элдор “Женоа”да ҳар 300-дақиқада гол урмоқда. А Сериянинг янги ўйинчиси учун бу яхши кўрсаткич. Келаси мавсум бундан ҳам яхш бўлади.
Angela Molinari:
Шомуродов яна иккита гол урса борми, “Женоа” ўзбекистонликлар ҳисобига Италиядаги энг мухлиси кўп жамоага айланади.
Salvatore Silvestre:
Мен Шомуродовга асосий таркибдан жой бермаган бўлардим. Менимча. У захира форварди вазифасини аъло даражада уддалай олади. Иккинчи бўлимда майдонга тушиб, чарчаб қолган рақибга босим ўтказиши керак. Бундан ташқари, Элдор илк дақиқалардан тўп тепган ўйинларда иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнаяпти.
Giuseppe Scarano:
Қария Горан Пандев фаолиятини якунлаганидан кейин ўзбек футболчиси жамоамизнинг асосий ҳужумчисига айланади. Элдорнинг голлари келаси мавсумда жамоанинг муваффақиятларини таъминлайди.
“Женоа” А Сериядаги навбатдаги учрашувини "Сассуоло"га қарши ўтказади. 9 май куни Генуя шаҳрида бўладиган ўйин Тошкент вақти билан 15:30 да бошланади.
Фикрлар