Шомуродов – катта йўқотиш!
Россия премьер-лигаси жамоалари орасида трансфер сиёсати бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилаётган “Ростов”нинг ёзги трансферлар мавсумида амалга оширган ишлари ҳамон таҳлил қилинмоқда. Мутахассислар, жамоаларнинг аксарияти янги мавсум олдидан асосий таркибнинг ярмини алмаштириб юборишга ботина олмаслигини алоҳида таъкидламоқда.
Ёзги трансферлар мавсумида “Ростов” асосий таркибдан муқим жой олган ва ўз амплуаси бўйича жамоада етакчи бўлган беш нафар футболчи – қанот ярим ҳимоячиларидан Евгений Чернов ва Бахтиёр Зайнутдинов, марказий ярим ҳимоячи Ивелин Попов, ўнг қанот вингери Алексей Ионов ва марказий ҳужумчи Элдор Шомуродовни трансфер қилди. Шунингдек, асосий таркибда ўйнаган Дмитрий Чистяков, Александр Саплинов ва Арсений Логашев каби ўйинчилар ҳам бошқа жамоаларга қўйиб юборилди.
Ростовликлар кетган футболчиларнинг ўрнини Япония, Швеция, Норвегия, Шимолий Македония ва Беларусь вакиллари тўлдирди.
Бу ўзгаришлар ўзини оқлайдими? Албатта, буни вақт кўрсатади. Бунинг учун “Ростов”нинг мақсадини аниқлаб олиш керак. Баъзан “Ростов” чемпионлик учун курашадиган қудратга эга жамоадек баҳоланарди. Бироқ, клуб хўжайини Арташес Арутюнянц жамоа олдидаги ўзгармас вазифа Еврокубокларда иштирок этиш эканини очиқлади.
Умуман олганда, ростовликлар трансфер қилган футболчиларининг деярли барчаси “Ростов”дан кучли бўлган жамоаларга ўтди. Хусусан, Зайнутдиновни ЦСКА, Чернов ва Ионовни “Краснодар” ва Чистяковни “Зенит” олди. “Ростов”нинг асосий юлдузи Элдор Шомуродовнинг трансфери унинг мавқеига яраша кучли бешлик чемпионатида иштирок этаётган “Женоа”га бўлди. Фақатгина ёши катта бўлган Попов камтарроқ ҳисобланган “Сочи”дан қўним топди.
Мутахассислар Шомуродов трансферини омадли ва фойдали бўлганини, миллати ўзбек бўлган қозоғистонлик Бахтиёр Зайнутдинов ишида “Ростов” шошма шошарликка йўл қўйганини айтмоқда. ЦСКА Зайнутдиновни олишда унинг шартномасидаги бадал миқдори – 2 миллион еврони тўлади холос. “Ростов” 22 ёшли катта истеъдод соҳибини ушлаб қолишга йўл топа олмай қолди. Бу “армиячилар” учун осон битган фойдали трансфер бўлди.
Шомуродов трансферидан ҳамма манфаат кўрди. Элдорнинг орзуси ушалди, агентлар олдидаги вазифани уддалади, “Женоа” ўзи истаган ҳужумчига эга бўлди, “Ростов” эса катта фойда олди. Лекин ростовликлар олдида бошқа масала пайдо бўлди. Карпин кетган футболчиларнинг деярли барчасининг ўрнини янгилари билан тўлдирди. Фақат Шомуродовнинг ўрнини ким босиши асосий муаммо бўлиб турибди.
Ҳозир марказий ҳужумчи амплуаси “Ростов”нинг энг заиф нуқтасидир. Қачондир Элдорнинг кетишини билган Валерий Карпин ўтган мавсумда бу жойда Сигурдарсон, Долгов, Прошляковни синаб кўрди. Бу футболчилардан ҳеч қайсиниси жамоада олиб қолинмагани уларнинг Элдор даражасига кўтара олмаганини исботлаб турибди.
Янги мавсумда янги номлар бор. Шомуродовдан бўшаган жойни эгаллаш учун тажрибали форвардлардан Дмитрий Полоз ва Владимир Обухов, ёш ҳужумчи Артур Сохиев, легионерлардан македониялик Давид Тошевски ва швециялик ҳужумкор футболчи Понтус Алмквист ўз маҳоратини кўрсатиши керак. Ҳозирча бу футболчиларнинг ҳеч бири ўзидан кутилган даражада ўйин намойиш этаётгани йўқ. “Ростов” эса раҳбарият талабига биноан келаси мавсумда ҳам Еврокубокларда ўйнаши шарт. Бу ёғига Элдорнинг кучли қирраларини кашф этиб, кучли бешлик футболчиси даражасига кўтара олган мураббий Валерй Карпиннинг маҳоратига боғлиқ.
Фикрлар