Карпин Шомуродовни нега “қийшиқоёқ” деган эди?
Россия премьер-лигасида юқори ўринлар учун курашаётган “Ростов” бош мураббийи Валерий Карпин ёзги трансферлар вақтида “Женоа”га ўтиб кетган Элдор Шомуродовни соғинаётган кўринади. Чунки, Элдорнинг “Ростов”дан кетганига бир ойдан ошган бўлса-да, ростовликлар устози у ҳақида кўп гапиряпти.
Таъкидлаш жоизки, “Ростов” трансферлар мавсуми даврида асосий футболчиларини бошқа жамоаларга трансфер қилиш орқали Россия жамоалари орасида энг кўп даромад кўрган клубга айланди. Ростовликларнинг трансфер сиёсати ўзини оқлагани кўплаб мутахассислар томонидан эътироф этилди. Чунки, асосий футболчиларидан айрилганига қарамай, Валерий Карпин жамоаси ҳамон юқори ўринлар ва Европанинг минтақавий мусобақалари йўлланмалари учун курашни давом эттирмоқда.
Transfermarkt портали маълумотига қараганда, ростовликларнинг энг қиммат трансфери “Женоа”нинг Элдор Шомуродов учун тўлаган 7,5 миллион евро миқдордаги маблағи бўлди. Шунингдек, бу жамоа Алексей Ионовни 3,5, Евгений Черновни 3, Бахтиёр Зайнутдиновни 2, Александр Зуевни 1,5 миллион ва яна бир қанча ўйинчини бир неча юз мингга сотиб юборди. Олиб келинган ва сотиб юборилган футболчилар савдосидаги баланс 10,14 миллион еврони ташкил қилди.
Элдор Шомуродов фаолиятида мураббий сифатида муҳим роль ўйнаган Валерий Карпин кўпчиликнинг эътиборида бўлган масалага куни кеча ойдинлик киритди. Гап шундаки, ўзбекистонлик ҳужумчи “Женоа”га ўтганидан кейин устози Валерий Карпинга миннатдорлик билдириб, ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пост қолдирган эди. Карпин Элдорга “Арзимайди, қийшиқоёқ”, деб жавоб қайтарганди.
Россиялик мутахассиснинг бу жавоби анча муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳатто Шомуродовдан интервью олган журналистлар ҳам ундан Карпиннинг бу жавобини қандай қабулганини сўради.
- Ҳаммаси жойида. Унинг гаплари ҳазиллигини тушундим. Машғулотларда бунақаси кўп бўлади. Карпин билан доим муносабатларимиз яхши бўлган. Кетишимдан олдин Валерий Георгич “Сен қийшиқоёқни бунча пулга ким олади?”, деб куларди, - деган эди журналистлар саволига жавобан Элдор Шомуродов.
Энди вазият борасида Валерий Карпин ўз изоҳини берди.
- Элдор бизнинг сафимизда бўлганида доимо уни “қийшиқоёқ”, деб чақирардим. Шунга нима бўпти? Бу бизнинг ўзаро муносабатимиз ва ҳазилларимиз. Бундан ташқари, унинг оёқларига бир қаранг, ҳақиқатан ҳам улар қийшиқ. Мен буни осмондан олиб, тўқимаганман. Нега бунақа эканини билмайман. Балки бу Элдорнинг Ўзбекистонда отни кўп мингани билан боғлиқдир. Оёқларининг шакли худди чавандозларникига ўхшайди, - дейди Валерий Карпин.
Бундан ташқари, “Ростов” бош мураббийи жамоага янги келган футболчилар ҳақида гапирар экан, уларни Шомуродов билан солиштириб бўлмаслигини таъкидлади.
- Понтус Альмквистни Шомуродовнинг даражасига етишига ҳали жуда эрта. Унинг машғулотларга киришганига кўп бўлмади. Понтусни Элдор билан солиштирмоқчи бўлсангиз, қишки йиғинлардан кейин таққослаб кўриш керак, - деган эди Карпин.
Фикрлар