Шомуродовга яхши хабар!
“Рома” сўнгги совринини 2008 йил қўлга киритган. Бу Италия кубоги эди. Рим мухлислари жорий мавсумда 100-бор ўтказилаётган турнирда айнан Жозе Моуриньо шогирдлари ғалаба қозонишини интизорлик билан кутмоқда.
Бугун тунда, Тошкент вақти билан 01:00 да римликлар “Олимпико” стадионида В Серия вакили “Лечче”ни қабул қилади.
La Gazzetta dello Sport мутахассислари Жозе Моуриньо бўлажак беллашувда таркибни ротация қилишидан хабар топди. Манбанинг таъкидлашича, португалиялик мутахассис ҳужум чизиғида асосий тўпурар Тэмми Абрахам ва иккинчи ҳужумчи даражасига кўтарилган Феликс Афена-Гьянга дам беради ва ҳужумда Элдор Шомуродов ҳамда Карлес Перес тандемини ўйнатади.
Бу Шомуродов учун яхши хабар. Чунки, кейинги пайтда Элдорга тақдим этилаётган вақт ўзини кўрсатиши учун етарли бўлмаяпти. Биринчи навбатда, ҳужумчи ураётган голлари билан қадрланади. “Лечче”га қарши баҳс ўзбек футболчиси ҳали “Рома”га керакли эканини исботлаш учун янги имкониятдир.
Шунингдек, захира ўйинчиси даражасидан ҳимоянинг ишончли вакилига айланган 21 ёшли Мараш Кумбулла ҳам кубок учрашувини бошланғич таркибда бошлайди.
“Рома”ни якшанба куни “Эмполи”га қарши сафар баҳси кутиб турибди. Жозе Моуриньо А Серия ўйинига жиддий тайёргарлик кўриш мақсадида мамлакат кубоги доирасидаги беллашувда бир неча етакчи ўйинчиларга дам беришни режалаштиргани айтилмоқда.
“Рома” янги трансферни кўзлади
Қишки трансферлар вақтида “Арсенал”дан Эйнсли Мейтлен-Найлс ва “Порту”дан Сержиу Оливейрани олиб, майдон марказини сезиларли даражада кучайтирган “Рома” яна бир янги ўйинчига харидор бўлмоқда.
Гарчи бош мураббий Жозе Моуриньо январдаги харидлардан қониққани ва бошқа трансферга умид қилмаслигини билдирган бўлса-да, клуб спорт директори Тьягу Пинто “Леванте” етакчиси Хорхе де Фрутосни нишонга олди.
Римлик мутасаддилар 24 ёшли футболчи жамоанинг ҳужумкорлик салоҳиятини сезиларли даражада кучайтиришига ишонмоқда.
Хорхе де Фрутосга “Верона” ҳам жиддий қизиқиш билдиряпти. Бироқ универсал футболчининг ўзи номдорроқ ҳисобланган “Рома”га ўтишга мойил экани маълум қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, испаниялик футболчи ҳужум чизиғининг турли нуқталарида самарали ўйин кўрсатишдан ташқари, иккинчи ҳужумчи ва плеймейкерлик вазифасини ҳам яхши уддалай олади.
Жорий мавсумда Хорхе Испания чемпионатида 17 маротаба ўйин ўтказиб, иккита гол ва тўртта голли узатма муаллифи бўлди.
Пеллегрини қачон сафга қайтади?
Ўйинолди машғулотида аввалги жароҳатини қайталаб олган “Рома” сардори Лоренцо Пеллегрини яна маълум муддат майдондан ташқарида бўлади.
Il Tempo нашрининг хабар беришича, 25 ёшли ярим ҳимоячи январь ойида машғулот ўтказмайди. У февралдан машғулотларга киришади ва спорт формасини тиклаб олиши билан жамоасига ёрдам бериши мумкин бўлади.
Лоренцо Пеллегрини жорий мавсумда жами 20 та учрашувда рақиблар дарвозасига тўққизта гол киритиб, жамоадошларига бешта ассистни амалга оширди.
Шунингдек, Жозе Моуриньо тажрибали марказий ҳимоячи Крис Смоллинг хизматидан ҳам фойдалана олмайди. Англиялик футболчи жорий мавсумда учинчи марта жароҳатланиб, сафдан чиқди.
Фикрлар