Шомуродовни маошига қарамай оламиз! Европада қолган Элдорга янги вариант бор

“Рома” бош мураббийи Даниэле Де Россининг янги мавсум режаларига киритилмаган Элдор Шомуродовга турли вариантлар чиқмоқда.

Европада ёзги трансферлар ойнаси ёпилишига ҳали икки ҳафта атрофида вақт бор. Айрим жамоалар ўзларига керакли бўлган ўйинчиларни қўлга киритиш учун ҳаракатга тушиб қолди.

Элдор Шомуродовга ёз бошланганидан бери турли даъвогарлик қилаётган жамоалар бор. Бироқ трансфер амалга ошаётгани йўқ. Дастлаб, “Кальяри” 29 ёшли форвардни олиб қолиш учун Рим клуби билан музокара қилди. Бадал пулининг катталиги ва пойтахтликлар сардинияликларнинг суммани пасайтириш ҳақидаги илтимосини қабул қилмагани бу трансферга тўсиқ бўлди.

Кейинчалик “Верона” ўз таркибини айнан Шомуродов ёрдамида кучайтирмоқчи бўлди, “Рома”дан ўзбек ҳужумчисининг трансфер маълумотларини сўради. Ҳали вероналиклар легионеримиз вариантидан тўлиқ воз кечмаган бўлса-да, ҳозирча бу борада бирор ўзгариш кутилмаяпти.

Ниҳоят, “Аталанта Юнайтед” охирги кунларда Элдор Шомуродовни АҚШга олиб кетмоқчи бўлди. Америкаликлар ҳам ўзбек ҳужумчиси бўйича таклифларини юборди. Лекин улар трансферни амалга оширишга улгурмади. “Рома”га уларнинг таклифлари тўғри келмади, томонлар бир тўхтамга келгунича АҚШда трансфер ойнаси расман ёпилиб бўлди.

Энди Элдор Шомуродовни олишга “Сампдория” уриниб кўрадиган бўляпти. Бош мураббий Андреа Пирло жамоани А Серияга олиб чиқишга жиддий бел боғлаган. Ёзда клуб 13 нафар янги футболчини ўз таркибига қўшиб олди.

Охирги трансфер “Ювентус”дан кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан ижарага олинган Никола Секулов бўлди. Бу футболчи майдон марказидан ва ҳар икки қанотдан ҳужум уюштириш учун масъул ҳисобланади.

Энди “Сампдория” марказий ҳужумчи масаласини ҳал қилиши керак. Генуяликлар спорт директори Пьетро Аккарди бу позицияга Элдор Шомуродовни олиб келишни мўлжаллаган. Бу ҳақда бир неча Италия нашрлари маълумот тарқата бошлади.

- “Сампдория” раҳбарияти спорт директори Пьетро Аккарди бошчилигида “Рома”дан кетиши кутилаётган Элдор Шомуродовнинг атрофидаги вазиятни жиддий кузатиб келмоқда. Клуб ҳали трансферлар бўйича режалаштирилган ишларни якунлагани йўқ.

Никола Секулов трансферидан кейин Пьетро Аккарди янги ўйинчи олиш олдидан таркибдаги айрим футболчилар билан хайрлашишга ҳаракат қиляпти. Бу трансфер ойнаси давомида Генуяни тарк этиши кутилаётган бир неча ижрочилар бор.

“Сампдория” таркибида сифатли ўйинчиларни олиб қолиш, маошлар фондини қисқартириш мақсадида айрим футболчилардан воз кечади.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Пьетро Аккарди Элдор Шомуродовни олиб келмоқчи. 29 ёшли ҳужумчи ҳозир бир неча клублар нишонида турибди. Улар “Рома”нинг легионер бўйича якуний тўхтамга келишини кутяпти.

Ўзбек ҳужумчиси “Кальяри”даги фаолиятидан кейин В Серияда муваффақиятни таъминлай оладиган муҳим фигурага айлана олади. Унга А Серия клубларидан қизиқиш борлиги ва маошининг нисбатан катталиги ҳужумчини қўлга киритишда қийинчилик туғдириши мумкинлигига қарамай, “Сампдория” унга даъвогарлик қилмоқда, - деб ёзди clubdoria46.it сайти эксперти Мики Мусумечи.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2020 йилнинг октябридан бери Италия чемпионатида тўп тепиб келмоқда. Италия чемпионатида “Женоа”, “Рома”, “Специя” ва “Кальяри” шарафини ҳимоя қилган ҳамюртимиз А Серияда жами 102 та учрашувда қатнашиб, 15 та гол ва 9 та ассист муаллифи бўлган.

Файзуллаев: Келажагини ҳамма ўзи ҳал қилади!

Файзуллаев қачон гол уришини айтди

Легионеримиз кутгани бўлмади!

Тезкор: Шомуродовни АҚШда кутишяпти, бироқ Европадан янги харидор чиқди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
17/08/2024 14:30
Эй ноширлар !!! Силардан илтимос, ўқувчиларингнинг бошини қотирмай, вақтларини олмай, Трансфер бўлгандан кейин ёзинглар. Булар ҳаммаси бекорчи, яъни, "фейк" хабар эканлигини ўзларинг ҳам яхши биласилар. Вақти келаяпти, кун кун кўришнинг тозароқ йўлларини танлашга. Ҳар - ҳолда келажак авлод билан боғлиқсилар.
Sanjarbek Abdillahakimov
17/08/2024 05:44
Tug'ulganidan yozmabsizlarda