Шомуродовни сўраб, машҳур клуб раҳбари Римга келди!
Ёзги трансфер мавсуми тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Айрим клублар таркибини кучайтиришга, бошқалари керакмас футболчилардан қутилишга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, бир неча футболчилар келаси мавсум олдидан ўзига янги иш жойи топиши керак.
Кучли бешлик чемпионатларидаги ягона вакилимиз – Элдор Шомуродов ҳам ўзига янги жамоа топиши керак бўлган ўйинчилар қаторига киради. “Рома” келаси мавсумга тайёргарликни бошлаш арафасида турибди.
Рим клуби спорт директори Тьягу Пинто бош мураббий Жозе Моуриньога бир неча янги ҳужумчиларни олиб бериш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Шунинг қаторида, португалиялик мутахассис Элдор Шомуродов масаласини ҳам ҳал қилиши талаб этилади.
Ҳозирча, Шомуродовга учта жамоадан қизиқиш бўлди. Ҳамюртимиз Россия Премьер-лигасига қайтмаслигини айтиб, Москванинг “Спартак” жамоасига рад жавобини берди. Грециянинг ПАОК клубидан бўлган чорлов ҳам легионеримизни қизиқтирмаслиги ҳақиқатга яқинроқ.
Туркия чемпиони “Галатасарой” эса ўзбек ҳужумчисидан умидини узгани йўқ. Аслида турк гранди бир неча мавсумдан бери Элдорни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилади. Бунинг учун улар “Рома”га яхши таклифлар билан чиққани ҳақида ҳам маълумотлар тарқатилган. Бироқ, Шомуродов ўтган трансфер бозорлари вақтида А Сериядан ташқарига чиқмаслигини айтиб, бошқа лигалар вакилларининг таклифларини қабул қилмаган эди.
“Галасарой” ҳали ҳамон Шомуродовни ўзига чорламоқда. Клуб директорлари кенгаши раисининг ўринбосари Эрден Тимур Европага бўлган хизмат сафари доирасида Римга ҳам келди.
Бу мутахассис футболга соҳасидаги ишлар бўйича Лондон ва Барселонага борган эди. Унинг ташриф дастурига Элдор Шомуродов масаласи ҳам киритилди. Шу боис, Эрден Тимур Италия пойтахтига йўл олди.
Туркиянинг машҳур нашрларидан www.fotomac.com.tr сайтининг хабар беришича, Эрден Тимур “Рома” клуби раҳбарияти билан учрашув ўтказиб, Шомуродов трансферини муҳокама қилган. Унда “Галатасарой” вакили ўзбек легионерини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан бир мавсумга ижарага олиш таклифини билдирган.
“Галатасарой” Шомуродовга жиддий қизиқаётгани бежиз эмас, албатта. Тркия футбол федерациясининг қарорига кўра, туркий мамлакатлар футболчилари бундан кейин легионер ҳисобланмайди.
Шу боис, турк клублари Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон футболини жиддий кузата бошлади. Ўзбек футболчилари орасида Туркияда ўйнаётган Отабек Шукуров ва Элдор Шомуродовдан ташқари истеъдодли дарвозабон Абдувоҳид Неъматовга ҳам жиддий қизиқишлар бўляпти.
28 ёшли Шомуродов ва унинг агентлар ҳали “Галатасарой” таклифи бўйича муносабат билдирмади. Шунингдек, ҳали “Рома” мутасаддилари бу масалада бир изоҳ бергани йўқ.
Нима бўлган тақдирда ҳам, Элдор Шомуродов атрофидаги вазиятни кузатишда давом этамиз. Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, ўзбек ҳужумчисининг бозори одатда трансфер мавсумининг сўнгги кунларида қайнайди.
Тўпурар легионеримизга қимматбаҳо рақобатчи келди!
Легионеримизнинг голи финалга йўл очди! Олдинда финал!
Фикрлар