Шомуродовнинг қадрига етмаган Моуриньо ҳужумчисиз қолди
“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо жамоада ҳужумчи кўпайиб кетгани боис, Карлес Перес, Жастин Клюйверт, Николо Дзаньоло ва Элдор Шомуродовни бошқа клубларга ўтказиб юборган эди. Хусусан, январда португалиялик мутахассис легионеримизга асосий таркибдан жой топилмагани учун уни “Специя”га ижарага бериб юборди.
Мавсум охирига келиб, Жозе Моуриньо таркибда танлашда ҳужумчи масаласида жиддий муаммога тўқнаш келадиган бўлди.
Европа лигасининг чорак финал дастлабки учрашувида “Рома” сафарда “Фейеноорд” билан куч синашди. Ўйин Жозе Моуриньо шогирдлари учун том маънода омадсиз бўлди. Асосий ҳужумчилардан бири Пауло Дибала 26-дақиқада шикастланди. Ўнг оёқ пайларида кучли оғриқ сезган жаҳон чемпиони захирага олинди.
Биринчи бўлим охирида жамоа сардори Лоренцо Пеллигрини рақиб дарвозаси томон белгиланган пенальтини аниқ бажара олмади. Аксига олиб, мезбонлар иккинчи бўлим бошида Матс Виффернинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очди.
58-дақиқада Жозе Моуриньонинг иккинчи ҳужумчиси – Тэмми Абрахам майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Англиялик тўпурар елказидан жароҳат олди.
Маълумотларга қараганда, Пауло Дибала ва Тэмми Абрахам қўшимча тиббий кўрикдан ўтказилганидан кейин жароҳати даражаси ҳамда уни даволаш учун қанча вақт сарфланиши маълум бўлади.
Жозе Моуриньонинг кайфияти яхши эмас. Бош берилган ўйиндан кейин жамоа ҳужум чизиғида муаммо борлигини очиқ тан олди.
- Бизнинг ҳужум чизиғимизда Эрлинг Холанд йўқ. Бор кучимизни ишга солиш мажбурмиз. Боримизча қабул қилинг.
Йигитлар қўлидан келганини қилди. Сафарда ижобий натижа қайд этиш учун имкониятимиз бор эди. Лекин бундан фойдалана олмадик ва енгилдик, - деди Жозе Моуриньо.
“Рома” Европа лигасида ғолиблик учун курашишдан ташқари А Серияда кучли тўртликка кириб, келаси йили Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи. Италия чемпионатидаги учрашувлар ҳам Моуриньо учун жуда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирча мусобақа жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турган римликлар 16 апрель куни “Удинезе”га қарши сарф тортади. Бу беллашув олдидан мураббийлар штаби ихтиёрида асосан захирада ўтирган уч нафар ҳужумчи қолди. Улардан Андреа Белотти ҳужум марказида, Стефапн Эл-Шаарави чап қанотда ва Ола Сольбаккен ўнг томонда ўйнай олади. Бироқ кучли бешлик чемпионатларида олдинги чизиқдаги позициялар учун биттадан ўйинчи камлик қилади.
Жамоада уларнинг ўрнини боса оладиган форвардлар қолмаган. Айниқса, Николо Дзаньоло ва Элдор Шомуродовнинг қадри энди билинади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсум “Рома” футболчилари Конференциялар лигаси финалида “Фейеноорд”ни мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритган эди.
Энди бу жамоалар Европа лигаси чорак финал жавоб учрашувида яна бир бор тўқнаш келади. Моуриньо шогирдлари камида икки тўп фарқи билан ғалаба қозониши талаб этилади. Бунинг учун эса, римликларга гол ура оладиган ҳужумчилар керак.
Шомуродов ҳаммасини ўзгартириб юбориши керак эди...
Сalciomercato.com: Шомуродов яна қаҳрамон бўлиши мумкин эди...
Фикрлар