Шомуродовнинг “Рома”даги дўсти ҳақида
Элдор Шомуродовнинг жамоадоши Стефан Ал-Шаарави Италиянинг энг иқтидорли ҳужумчиларидан ҳисобланади. Байналмилал оила – мисрлик Сабри ва швейцариялик Люсининг фарзанди бўлган Стефан ёш бўлишига қарамай, катта тажриба тўплаган ва кўпни кўрган ўйинчи ҳисобланади.
Элдор билан ўхшаш жиҳатлари ҳам талайгина. Хусусан, Ал-Шаарави ҳам худди Элдор сингари меҳнаткаш, тезкор, курашувчан, дарвозага мунтазам хавф солади ва ҳимоячиларга босим ўтказишни яхши уддалайди. Ҳам марказий форвард, ҳам қанот ҳужумчиси вазифасини бажара олади.
Италиялик ҳужумчи А Сериядаги фаолиятини худди Элдор сингари “Женоа”да бошлаган. Бироқ, унинг Генуядаги дастлабки қадами у қадар муваффақиятли бўлмаган. Учта учрашувда ўз салоҳиятини намойиш қила олмаган ҳужумкор футболчини генуяликлар “Падова”га ижарага бериб юборди.
Бу жамоада ўйини очилиб, деярли ҳар учта ўйинда ўз ҳисобига биттадан гол ёза бошлаган ёш истеъдод эгасини 2011 йилда “Милан” ўз сафига қўшиб олди. Кейинчалик бир мавсум “Монако”ни айланиб келган,Стефан 2016 йили “Рома”га қўшилди.
Рим клубида уч йил давомида 109 та ўйин ўтказиб, 34 та гол муаллифи бўлган Ал-Шааравини тақдир Хитой томонларга етаклади. 2019-2021 йиллар давомида “Шанхай Шунхуа” шарафини ҳимоя қилган Ал-Шаарави Хитой чемпионатида жами 16 та учрашув ўтказиб, битта гол урганидан кейин ватанига қайтишга қарор қилди.
2021 йилда Римга қайтган футболчи яна қадрдон жамоасига қўшилди. Ўзининг дастлабки жамоаси – “Женоа”га қарши бўладиган учрашув олдидан Стефан Ал-Шаарави ўз-фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
- Хитойдан қайтганимдан кейин анча қийналдим. Биринчи навбатда, жисмоний ҳолатимни тиклаш талаб этиларди ва мана шу нарса қийин кечди. Хитойдан келганимга Италия чемпионати темпига мослашиш учун анча тер тўкдим ва бу осон бўлмади. Хитойда мен асосан индивидуал тарзда машқ қилишим мумкин эди. Чунки сўнгги пайтда умумий гуруҳда шуғулланиш учун жамоам йўқ эди. Жамоадошлардан тўп қабул қилиб олиш ва дарвозага зарба бериш, уларга тўп узатиш каби машқларни бажаришга имкон топилмади. Бироқ, А Серияга мослашиб улгурдим ва ўтган мавсум охирида жамоага ёрдам бера олдим, - дейди Стефан Ал-Шаарави.
Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсумда “Рома”да ўнта учрашувда қатнашиб, битта гол урган Стефан Ал-Шаарави “Рома”ни Жозе Моуриньо қабул қилиб олганидан кейин асосий таркибга кириш учун анча курашишига тўғри келди. Португалиялик мутахассис Рим клубининг ҳужум чизиғи тамоман янгилади. Дастлаб, “Женоа”дан Элдор Шомуродовни трансфер қилди ва ўзи қўллайдиган бир ҳужумчили тактикада ўзбек форвардига суянди.
“Челси”дан Тэмми Абрахам олинганидан кейин Моуриньо Элдорни ҳам захирага жўнатиб, бор имкониятни англиялик юлдузга тақдим қилди.
Шомуродов биринчи ўринбосар бўлиб қолган бўлса-да, Стефан Ал-Шаарави ички рақобатда ўзбек ҳужумчисидан қолишмаслигини кўрсата олди ва Жозенинг ишончини оқлаб, мунтазам майдонга тушмоқда.
Ҳозир, Моуриньо жамоасида вазият ўзгарган. Португалиялик мутахассис икки ҳужумчи билан ўйнашни маъқул кўрмоқда. Олдинги чизиқда Тэмми Абрахам ва Элдор Шомуродов жуфтлиги самарали ўйнай олиши “Венеция”га қарши баҳсда исботланди.
Стефан Ал-Шаарави эса, қанотдан ҳужум уюштириш имконини берадиган ярим ҳимоячи позицияни машҳур футболчи Генрих Мхитярандан тортиб олди. Шу боис, Жозе Моуриньо “Рома” ҳужумида асосан Тэмми Абрахам, Элдор Шомуродов, Стефан Ал-Шаарави, Лоренцо Пеллигринига таянмоқда.
Фикрлар