Шомуродовнинг шашти баланд ёхуд уни катта синовлар кутмоқда!

А Сериянинг 20-туридан ўрин олган “Кротоне” ва “Женоа” ўртасидаги учрашув Элдор Шомуродов жамоаси учун омадли келди. Рақиб майдонида аутсайдер жамоа устидан йирик ҳисобда зафар қучган Давиде Баллардини шогирдлари хавфли ҳудуддан олти очкога узоқлашди. “Женоа” борган сари аутсайлерлар сафидан чиқиб, секин-аста лиганинг ўртамиёна жамоалари қаторига кириб бормоқда.  

145501909_4269242443086643_1896894813561750208_o

Давиде Баллардини бу ўйинда ҳам, илк дақиқалардан ҳужумда Элдор Шомуродов ва Маттиа Дестро тандемига ишонч билдирди. Кейинги пайтда ўзбекистонлик ҳужумчи шеригига голли вазиятлар яратиб бериши ва Дестро гол уриши “Женоа”нинг устун жиҳатига айланиб бормоқда. Бу ҳолат мухлисларнинг эътиборидан ҳам четда қолгани йўқ. Улар бу борада қуйидагича фикр билдирди.

Peppe Paesano:

Шомуродовнинг кўп гол урмаётгани унинг орқароқдан ҳужум ташкил этишга эътибор қаратаётгани билан боғлиқ.

Giovanni Cinque:

Ҳужумчиларимизнинг ўйини тобора қизиқарли кўриниш олмоқда. Шомуродов ва Дестро асосий форвардларга айланиб бўлди. Дестро муҳим голларни урмоқда, лекин унга қулай вазиятларни Шомуродов яратиб бераётганини унутманг!

Дарҳақиқат, Шомуродов ҳар бир учрашувда голли вазиятлар ярата олаётгани туфайли ички рақобатда жамоа юлдузи Горан Пандев ва ёш истеъдод эгаси Жанлука Скамаккани захира ўриндиғига ўтқизиб қўйди.

“Кротоне”га қарши  баҳсдаги биринчи гол ҳам Шомуродовнинг ҳаракатлари самараси бўлди. Биринчи бўлим ўрталарида Элдор Шомуродов рақиб майдонида тўпни эгаллаб олди ва голли вазият яратди. Иккинчи қаватдаги курашда рақибини енгган Элдор, Маттиа Дестрога аниқ пас оширди. Маттиа тўпни қулай вазиятда турган Миха Зайцга узатди. Ундан қайтган тўпга биринчи келган Дестронинг ўзи ҳисобни очди.

145182764_4269241283086759_5350913619068842543_o

Қолган икки голда Шомуродов бевосита иштирок этмаган бўлса-да, ҳимоячиларни чалғитди. Леннарт Чиборра гол урган вазиятда ўзбек легионери ҳужум марказига ўтиб, рақиб эътиборини ўзига тортди. Дестро иккинчи голини урган паллада, Шомуродов ҳам чап қанотдан ҳужумга қўшилишга шай турганди.

Шомуродов шу куни майдонда 61 дақиқа ҳаракат қилди. Аутсайдерга қарши баҳсда йирик ҳисобда олдинда бораётган жамоа етакчиларини авайлаш мақсадида Давиде Баллардини Элдор Шомуродов, Миха Зайц, Давиде Дзаппакоста, Матиа Дестро ҳамда Кевин Строртманни захирага олди.

Тан олиш керакки, Элдор Шомуродов голли вазиятда иштирок этганига қарамай, ўзидан кутилган даражада фаол ўйнай олмади. Қулай вазиятда дарвозани ишғол қилолмади. Шунга қарамай, ҳамюртимиз бош мураббий томонидан ўзига юклатилган вазифани уддалаб келмоқда ва шунинг учун ҳам ҳар бир учрашувни бошланғич таркибда бошлаяпти. Шомуродовнинг бу галги ўйини 6,6 баллга лойиқ кўрилди.

“Кротоне”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган “Женоа” очколари сонини 21 тага етказиб, 14 поғонага кўтарилиб олди. Навбатдаги турда генуяликларни жиддий синов кутмоқда. Элдор Шомуродов жамоаси 6 февраль куни бўладиган 21-тур баҳсида “Наполи” футболчиларини қабул қилади. Ўйин Тошкент вақти билан тунги 00:45 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
77 77
01/02/2021 10:03
Бушашма шома